Ғўза гуллади

0
196

Аёнки, азалдан воҳамиз деҳқонлари ингичка толали ғўза етиштириш бўйича бой тажриба тўплашган. Лекин охирги йилларда ингичка толали пахтага нисбатан талаб камайганлиги боис орада анча вақт деҳқонларимиз асосан ўрта толали ғўза парвариши билан банд бўлишди.

Бугунги кунга келиб тўқимачилик корхоналари пахтакорлардан яна ингичка толали ҳосил талаб қилаяпти. Шу боис, ўтган йили Туркманистондан ингичка толали ғўза уруғи келтирилиб, қарийб икки минг гектар майдонда ўстирилди. Бу йил эса деҳқонларимиз зиммасига Туркманистондан келтирилган ингичка толали ғўза уруғини кўпайтириш билан бирга маҳаллий ингичка толали ғўза навларини ҳам парваришлаш юклатилган.

Тажрибали деҳқонларимиз биринчи тип тола берадиган “Сурхон — 14” навли ингичка толали ғўза уруғини жорий йилда 450 гектар майдонда ўстиришаяпти.

Гап ишловда, парваришда экан. Деҳқон чинакам ишласа, ўсимлик талабидан келиб ўғитласа, суғорса ҳар қандай ғўза эртачи ҳосил тугишини бугун деҳқонларимиз исботлаб туришибди. Ҳали ўрта толали ғўза парваришланаётган майдонларда ўсимлик гул кўрсатмаган бир пайтда, Термиз туманидаги “Фаридун — Термиз” фермер хўжалиги даласида ўстирилаётган ингичка толали ғўзанинг “Сурхон — 14” нави ёппасига гуллади.

— Бу фермер хўжалиги чигит экишни 20 мартда якунлаганди, экиш олдидан ҳар гектар майдонга 100 килограмдан аммофос, 50 килограмдан калий ўғити солишганига шахсан гувоҳ бўлганман, — дейди олим-агроном Бойниёз Жўраев. — Шу пайтгача фермер хўжалиги миришкорлари ғўза қатор орасида уч марта культивация ўтказишди, бир марта чуқур юмшатгичлар билан чизелланди, 20 майгача ҳар гектар пахтазорга 200 килограммдан азотли ўғит берилиб, икки марта суспензия қилинди. Натижа деҳқон кутганидан ҳам яхшироқ бўлиб турибди. Жамоанинг 30 гектар майдонида экилган “Сурхон — 14” навли ғўзаси ёппасига гуллади.

Ҳа, деҳқончиликда бир кун барвақт ҳаракат қилган ҳам ютади. Шубҳасиз, “Фаридун — Термиз” фермер хўжалиги аъзолари шу ғайрат, шу шижоат билан ишлайверишса, ҳар гектар майдондан 35 центнердан ипак пахта йиғиштириб олишлари табиий ҳол.

Вилоятимиз пахтакорлари ғўза ўстирилаётган барча майдонларда яганани якунлаб, қатор ораларига сифатли ишлов беришаётир.

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг