Бош саҳифа / Жамият / Ўз жонига қасд қилиш муаммоси

Ўз жонига қасд қилиш муаммоси

УНИНГ ОЛДИНИ ҚАНДАЙ ОЛИШ МУМКИН?

Суицид дунё мамлакатларининг долзарб муаммоларидан биридир. Бу ҳолат аҳоли айниқса, аёллар, болалар ва меҳнатга лаёқатли фуқаролар орасида кўп кузатилмоқда.

Афсуски, мазкур муаммо йилдан йилга глобаллашиб, суицидал ҳаракатлар хулқ-атвор шаклига айланиб қолаяпти. Яқин кишисининг узоқ муддатга чет элга кетиши ҳам бунга сабаб бўлмоқда. Негаки, айни пайтда кенг тарқалган меҳнат миграцияси оилалар бутунлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда, инсон шахсиятида бошидан ўтказаётган воқеа ва ҳолатларга мослашувчанликнинг бузилиши кузатилиб, инсоннинг яккаланиб қолиши суицидал фикрлар ривожланишига имконият яратади. Ва бу ҳолат айниқса, аёллар ва болалар руҳиятига оғриқлироқ таъсир кўрсатади.

Кейинги вақтларда айрим ёшларимизнинг арзимаган сабаблар туфайли ўз жонига қасд қилаётганлиги ҳақида кўп эшитаяпмиз, кузатаяпмиз. Уларнинг аксарияти шу йўл билан олдидаги тўсиқдан қутилмоқчи бўлишади. Бу каби ҳолатлар кўпгина мамлакатларда ҳам кузатилаётгани учун бунинг олдини олиш муаммолари мутахассислар диққатини жалб этмоқда. Суицид ҳолатларни фақат руҳий касалликлар нуқтаи назаридан баҳолашга қилинган ҳаракатлар эса ўз исботини топмаган. Яъни ўз жонига қасд қилган инсонларнинг деярли 98 фоизи соғлом эканлиги тадқиқотларда ҳам маълум бўлди.

Инсон муҳим ҳаётий эҳтиёжларини қондириш йўлида зиддиятлар билан тўқнашуви натижасида пайдо бўлувчи танг вазиятда юзага келувчи ўткир эмоционал ўзгаришлар суицидал кризисни келтириб чиқаради. Бу вазиятнинг келиб чиқишида қуйидаги келишмовчиликлар катта роль ўйнайди:

— Иш фаолиятининг хусусиятлари ва шахсий муносабатлар, яъни муайян вазифаларни еча олмаслик, ҳамкасблар билан шахсий зиддиятлар, раҳбар ёки қўл остидагилар билан зиддиятлар.

— Оилавий муносабатларда учрайдиган салбий ҳолатлар, яъни тан олинмаган севги, яқин кишисининг хиёнати, ажрашиш, яқин кишисининг оғир касаллиги ёки ўлими.

— Шахснинг жамиятга зид хулқи, яъни жиноий жавобгарликдан, шарманда бўлишдан қўрқиш.

— Моддий-маиший қийинчиликлар.

— Соғлиги билан боғлиқ омиллар, сурункали соматик касалликлар, жисмоний камчиликлар, жинсий ожизлик, руҳий хасталик.

Инсоннинг жисмоний ва руҳий етилишида, ирода, феъл-атворнинг шаклланишида оила муҳитининг ўрни беқиёсдир. Болалар ва ўсмирлар орасида суицидларнинг шаклланишига оиласида мавжуд бўлган қуйидаги салбий омиллар ҳам сабабчи бўлиши мумкин:

— Ота-онадаги руҳий ўзгаришлар, депрессия (тушкунлик) ҳолатлари ёки руҳий касалликлар,

— алкоголизм, наркомания ёки бошқа ахлоқсизлик ҳолатлари,

— оила тарихида ўз жонига қасд қилиш ҳодисаларининг бўлганлиги,

— оиладаги зўравонлик,

— оила аъзоларининг бир-бирига ва болаларга эътиборсизлиги, меҳрсизлиги ва оилавий муаммоларни муҳокама қилмасдан қолиб кетиши,

— ота-оналарнинг жанжали ва ҳиссиёт таранглиги, тажовузкорлик,

— оила бузилиши, ўлим ҳолати, ота ёки онанинг уйдан кетиши,

— яшаш жойини тез-тез алмаштириш,

— ота-онанинг ўта қаттиққўллиги,

— боланинг ҳолатидаги ўзгаришларни ва атроф-муҳитнинг салбий таъсирини ўз вақтида пайқамаслик.

Бундан ташқари, суицидал хулқнинг ривожланишида ёшлар ва ўсмирларнинг жаҳлдорлик, тажовузкорлик, ўзига ортиқча ишониш ва ўзини камситиш хислатлари каби шахсий феъл-атворидаги қирралар ҳам сабаб бўлади. Хўш, уларда бу каби белгилар намоён бўла бошласа, қандай йўл тутиш керак, деган савол туғилади.

Аввало, ёшлар билан ўзаро ишончга асосланган муносабат риштасини боғлай олишимиз керак. Суҳбат давомида у ўз истаги билан қалбидаги ички кечинмалар ва муаммоларни баён эта олсин. Суҳбатда бизнинг гап оҳангимиз, самимий меҳрибонлик кўрсатишимиз ва уни тоқат билан тинглай олишимиз, суҳбатдошимизни шахс сифатида ўзимизга тенг деб қабул қила олишимиз, албатта, муҳим. Суҳбатни оддий саволлар бериб, босиқлик билан, тергов даражасига етказмай олиб боринг ва муаммони четламай, муҳокама қилишга урининг. Керакли сўз топмасангиз ҳамдардлик билан тинглай олинг. Суҳбатдошингизнинг яхши фазилатларини таъкидлаб боришни унутманг! Бунинг билан сиз суҳбатдошингизни ўз-ўзини ҳурмат қилиши, ўз қадрини ижобий баҳолаши, оила ва жамиятдаги ўрнини англаши, келажак ҳаётини режалаштириши, иродали инсон бўлиб етишиши йўлида ишонч пайдо қиласиз.

Инсоният яратилишининг ўзи бир мўжиза. Унинг ҳаёти гўзал бўлмоғи шарт. Ҳаётимизни гўзал қилишимиз учун эса ақлимизни доимо чархлаб боришимиз зарур. Бунинг учун эса ақлни пешлайдиган бадиий китобларни ўқиб, ҳаёт тажрибаларимизни ошириб борсак, биз дуч келадиган муаммоларга оқилона ечим топа оламиз.

Давлат МУСИНОВ,

вилоят руҳий-асаб касалликлар

шифохонаси мутахассиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan