Бош саҳифа / Жамият / Уюшмалар нега мудраяпти?

Уюшмалар нега мудраяпти?

Бу дунё — имтиҳон дунёси. Ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўз бурчи ва мажбурияти, зиммасига юклатилган вазифаси бор. Киши қай бир соҳа вакили бўлмасин, аввало, эл учун хизмат қилмоғи, Ватан истиқболи учун жон койитмоғи лозим.

Агар билсангиз, кишилик жамиятидаги инсоний муносабатлар муросаю мадора, ўзаро рози-ризоликка асосланган. Инсонлар ўзаро олди-бердиларда бир-бирларидан рози, миннатдор бўлсагина ишда унум ва барака бўлади. Одамлар бир-бировларидан норози жамиятда ҳеч қачон ривожланиш, соғлом рақобат бўлмайди. Ҳамма бир-бирига ола қараш қилиб турса, оёғидан тойдириш пайида юрса, ҳеч қачон ёруғ манзилларга етиб бўлмайди.

Кишилар ўзаро ижтимоий муносабатларга киришар экан, сотувчи ва харидор, буюртмачи ва бажарувчи, хизмат кўрсатувчи ва истеъмолчига айланадилар. Икки манфаатдор тарафлар ўртасидаги одиллик тамойиллари, мувозанат бузилган ерда, албатта, норозилик кайфияти пайдо бўлади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, у қайси соҳа бўлмасин, сифат ва самарадорлик бугун асосий ўринни эгаллайди.

Ўзбек халқ эртакларида “Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди”, деган жумлалар бот-бот учрайди. Йўл захми, йўл азоби нафақат улов эгалари, балки йўловчилар учун бир хил нисбатга эга.

Афсуски, аксарият ҳолатларда нафсимиз ақлимиздан устун келиб, онгли равишда йўловчиларнинг истеъмолчи сифатида ҳуқуқини поймол қилиб қўямиз.

Бугунги кунда аҳоли ташиш билан шуғулланадиган уюшмалар кўпчиликни ташкил қилади. Шуни тўла ишонч билан таъкидлаш ўринлики, воҳамизда аҳоли ташиш билан шуғулланадиган автоуловлар учун қатъий нархлар вилоят ҳокимлиги томонидан белгилаб берилган. Унга кўра, автобусларга ҳар бир километри учун 50 сўм, йўналишли такси уловлари учун 65 сўм миқдорида нарх белгиланган. Шунга қарамасдан, бунга амал қилмаётган хусусий автоулов эгалари, аҳоли ташиш билан шуғулланадиган уюшмалар ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндашаётганликлари аҳоли орасида ҳақли равишда эътирозларга сабаб бўлмоқда. Аҳолига транспорт хизмати кўрсатадиган уюшмалар фаолиятини ўрганиш мақсадида Денов ва Жар- қўрғон туманларида бўлдик.

НАРХ-НАВОНИНГ
ЎЗГАРИШИГА САБАБ НИМА?

Бугунги кунда ҳар икки туманда ҳам ўндан зиёд уюшма фаолият юритади. Энг ажабланарлиси шундаки, ушбу уюшмалар фаолияти борасида аҳоли деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Нега  дейсизми, сабаби, такси уюшмалари аҳоли орасида етарли даражада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмаяпти. Баъзи бир йўналишларда нарх-наво ўйнаб туришининг сабабини тушунолмай йўловчилар овора бўлишмоқда. Ва қолаверса, нарх-навони назорат қилиб турадиган ташкилот қайси? Такси ҳайдовчиларининг тартиб-интизоми билан ким шуғулланади каби саволлар ҳам аҳоли учун мавҳум. Сабаби, яна ўша такси уюшмалари айбдор.

“Юсуф Транс Денов” МЧЖ 2007 йилда ташкил топган. Бугунги кунда жамият балансида 19 та “Дамас”, 7 та “Исузу” автобуси, 24 та йўналишсиз таксилар мавжуд. Корхона томонидан 2014 йилги давлат дастури асосида АТБ “Капиталбанк”нинг Термиз филиали кредити ҳисобига 20 та “Дамас” автомашинаси сотиб олинган. 50 та иш ўрнига эга. Бироқ шунга қарамасдан, корхонада ўз ечимини кутиб турган айрим муаммолар бор.

— 2017 йилда туман ҳокимлигидан намунавий лойиҳа асосида ихчам автотранспорт корхонаси қурилиши учун 50 сотих ер майдони ажратишини сўраб мурожаат қилганмиз, — дейди жамият раиси Юсуф Ҳакимов. — Аммо натижа бўлмаяпти. Агар ер майдони ажратилса, яна қўшимча иш ўринлари очишга имконият пайдо бўларди. Шунингдек, яна янги автобус ва енгил автомашиналар олиб келишга замин яратиларди. 2016 йил 23 мартда тендер асосида Денов “Саид Ота — Тиббиёт коллежи” (Заҳартепа қишлоғи орқали) ШЙТ — 310 сонли йўналишини тендер танловида ютиб олгандик. Айни пайтда ушбу йўналишда уюшмамизга қарашли 2 та енгил машина аҳолига хизмат кўрсатади. Ушбу йўналишда асосан бегона таксилар қатнамоқда. Бугунги кунда жамиятимиз ҳисобида хусусий автотураргоҳ  ва гараж мавжуд эмас.

“Денов автошоҳбекати” МЧЖ да бугунги кунда 13 та автобус бор. “Денов — Термиз” йўналишида доимий қатнов йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда “Автошоҳбекат” таъмирталаб ҳолга келиб қолган. 2012 йилги молиявий тафтиш чоғида улкан камомад аниқланганлиги натижасида корхонага нисбатан 483 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилган. Бундан ташқари, жамият балансида автотранспорт воситаларининг камлиги, автотураргоҳ таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги натижасида тумандаги мавжуд уюшмалар ўртасида юзага келган рақобат муҳитига дош бера олмаяпти. Корхона даромади қўлланилган молиявий жаримани қоплашга йўналтирилаётганлиги иш кўламига ўз таъсирини ўтказмоқда. Бу ҳам етмаганидек, корхона балансида бўлган ер майдонлари айрим учар “тадбиркор”лар томонидан ноқонуний эгаллаб олиниб, иморатлар қурилган.

“Файз” МЧЖ да 14 та автобус бор. Уюшмага қарашли бекат Саид  Оталиқ мақбараси ёнида жойлашган. Бекат катта лекин, тартиб-интизом, шарт-шароит ҳаминқадар.

Йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат, нарх-наво ҳақида билиш учун айрим такси ҳайдовчилари билан суҳбатлашдик. Денов туман марказидаги “Ўзбегим” тўйхонаси ёнидаги катта йўл ёқасини “бекат” қилиб олган “Денов — Шўрчи” йўналишида қатнайдиган “Дамас” автомашиналари учун махсус бекат мавжуд эмас. Шўрчи туманидаги “Пахта ташиш автомобиллари” шўъба корхонасига аъзо 75 Y 406 FA давлат рақамли “Дамас” ҳайдовчиси Соатмурод Дўстмуродов билан суҳбатлашганимизда уюшма раиси, ҳамшира ва механикнинг исми  шарифини билмайди. “Шўрчи Имрон Транс” МЧЖ га қарашли, 75 T 824 GA давлат рақамли “Дамас” автомашинаси ҳайдовчиси Шаҳзодбек Ҳайдаровнинг йўл варақасини кўздан кечирганимизда 18, 19 февраль кунлари кўрикдан ўтган, бошқа кунларда қайдлар мавжуд эмас. Лицензиясини кўрсатолмади.

“МАҲОРАТЛИ” ҲАМШИРА

“Чағониён” МЧЖ даги абгор ҳолат кишини таажжубга солади. Уюшма ҳамшираси Дилнавоз Каримованинг “маҳорат”ига қойил қолмай илож йўқ. У бир ўзи оз эмас, кўп эмас, бира тўла 9 та уюшманинг ҳайдовчиларини тиббий кўрикдан ўтказар экан. Энг қизиғи, 20 февраль куни бор йўғи 14 кишини  тиббий кўрикдан ўтказган. Ваҳоланки, ушбу уюшмаларнинг ҳар бирида тахминан 10 дан ортиқ автомашина мавжуд. Мисол учун, Г. Бўриев бошлиқ “Суҳроб — Файз” МЧЖ дафтарида охирги марта 13 февраль куни тиббий кўрик қайд этилган.  Ҳамшира ўзи хизмат кўрсатадиган аксарият уюшмаларнинг раҳбарларини танимайди. Қолаверса, ҳамшира хонаси ҳам бетартиб, бўш ароқ шишасию нон бўлаклари сочилиб ётибди. Тиббий кўрик дафтарлари юритилиши аянч- ли ҳолатда.

Ҳамшира билан суҳбатимиз охиригача етмай қолди. Хонага салобат билан кириб келган киши, “Кимсиз, бизни текширишга нима ҳаққингиз бор”, дея бизни тергай кетди. Ўзини Комил Сапиев деб, таништирган киши оммавий ахборот воситаси ходимининг эркин ахборот олиш ҳуқуқига эгалигидан хабари йўқ шекилли, ҳужжатларимизни кўрсатганимиздан кейин ҳам “Бу ер менинг мулким, киришга ҳаққингиз йўқ” дея, маълумот беришдан бош тортди.

Ўзини хон, кўланкасини майдон ҳисоблайдиган бундай раҳбарлар ҳали-ҳамон жамиятда учраётганлиги, фаолиятимизга тўсқинлик қилишаётганлиги, ахборот олишда кўплаб тўсиқларга учраётганлигимиз ачинарлидир.

КЎЗБЎЯМАЧИЛИК УЧУН
ЎТКАЗИЛАЁТГАН КЎРИКЛАР

Жарқўрғон туманида бугунги кунда  аҳоли ташиш билан шуғулланадиган 10га яқин уюшмалар мавжуд. “Нурли Диёр Транс” МЧЖ тумандаги энг катта уюшмалар сирасига киради. Ушбу жамиятда 45 та автомашина мавжуд. “Жарқўрғон — Ангор”, “Жарқўрғон —Какайди”, “Жарқўрғон — Термиз”, “Жарқўрғон — Оқтепа” йўналишларида аҳолига транспорт хизмати кўрсатади. Ушбу жамиятга қарашли, “Жарқўрғон — Термиз” йўналишида қатновчи, 75 P 533 FA давлат рақамли “Дамас” русумли автомашинаси ҳайдовчиси Ўктам Эшматов билан  суҳбатлашганимизда, 15 январь куни жамиятда техник кўрикдан ўтганлиги, аммо ҳамширани иш жойида учратмаганлигини таъкидлайди. 75 V 997 DA давлат рақамли “Газель” русумли автоулов ҳайдовчиси Нурмамат Худойқулов “Жарқўрғон — Термиз” йўналишида қатнайди. 4 минг сўмдан йўловчи олаётган экан. Нега ҳокимлик томонидан белгиланган нарх бўйича қатнамаяпсиз, дея сўрадик.

— Нарх-наво ҳақида бизни уюшма раҳбарияти огоҳлантирмаган. Термизга ҳам, “Жайронхона”гача ҳам 4 минг сўмдан қатнаймиз, — дейди ҳайдовчи Н. Худойқулов.

“Нурли Диёр Транс” МЧЖ маъмурияти хонасида кўрганларимиз  ажабланарли. Кундуз соат 12:00 лар атрофида бир автотранспорт эгаси кўрикка келди. Аммо унинг на ўзи, на автотранспорти кўрикдан ўтказилди. Кунлик тўловни амалга оширгач, муҳрни қўйиб беришди. Бу ҳолатга изоҳ сўрагандик, “Бизга буйруқ кўрсатинг, бўлмаса, ҳеч қандай маълумот бермаймиз”, дея ахборот беришни исташмади.

“Нодирбек — Олимжон — Транс” МЧЖ Жарқўрғон  туманидаги анчайин катта уюшмалардан саналади. Асли мутахассислиги ҳамшира бўлса-да, уюшмани Муҳаббат Хўжамқулова бошқаради. Энг аянчлиси, баъзан уюшмада механик бўлмаганда ҳам кўрикни ҳамширанинг ўзи ўтказар, рухсатнома бераркан. Ушбу уюшманинг кўрик ўтказадиган майдони “48-АТК” МЧЖда жойлашган. А. Менгатов билан биргаликда механик хонасини кўздан кечирганимизда бу ерга яқин ойлар ичида ҳеч ким кирмаганлиги аён бўлди. Хонадаги жиҳозлар чанг билан қопланган. Тиббий кўрикнинг қаерда ўтказилишини очиғи, билолмадик.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Шуни афсус билан таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда аҳолига такси хизмати кўрсатаётган уюшмаларнинг аксарияти фақат такси ҳайдовчиларидан пул териб олиш билан шуғулланиб қолишмоқда. Автотураргоҳлардаги аянчли аҳвол, йўналишларнинг нарх-навоси билан ҳеч ким қизиқаётгани йўқ. Мавжуд автотураргоҳлардаги ҳолат бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Шароит йўқ. Йўл белгилари, йўналишлар рўйхати, нарх-навони билдирувчи афишалар йўқ. Аммо ҳар бир автомашина эгасидан патта пули олишни канда қилишмайди. Йўл нархлари кескин ошиб кетмоқда. Аксариятининг лицензияси йўқ.

— “Жарқўрғон — Термиз” оралиғида қатновчи енгил автомашина эгалари нарх-навони ошириб, ўзлари билганча қатнашмоқда. Буни назорат қиладиган одамнинг ўзи йўқ. Машина эгалари одамларнинг оқимига қараб, ўзлари истаган нархни жорий қилиб кетаверишади. Дамаслар 5-6 минг, Нексиялар 7-10 минг сўмгача нарх белгилашмоқда.  Буни ким назорат қилади, ўзи? Нега аҳоли ташиш билан шуғулланадиган уюшмалар нарх-навони назорат қилмаяпти, — дейди жарқўрғонлик йўловчи Эшбўри Мирзаев

Хулоса шуки, ҳар ерда тошу тарози бор. Ўзларига берилган имкониятни суиистеъмол қилиб, Ватан ва халқ олдидаги бурч ва мажбуриятларини унутаётган ватандошларимизга Яратгандан инсоф, тавфиқ сўраймиз. Эл учун холис хизмат қилайлик, токи эртага юзимиз уятдан қизариб қолмасин!

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan