Қуёш қаердан чиқади?

0
98

Азиз ўқувчи, бу саволга жавоб топиш учун кўпгина аччиқ ҳақиқатларни билишингизга тўғри келади. Бундан чорак аср илгари матбуотнинг тўртинчи ҳокимиятлиги айтилардию амалда бундай мақомдан ном-нишон ҳам йўқ эди.

Лекин, назариётчи олимларимиз томонидан матбуот ва тўртинчи ҳокимият ҳақида рисолалар, монографиялар ёзиларди. Назария ниҳоятда кучли ва мукаммал бўлишига қарамасдан, амалиёт эса унга яқинлашмасди. Аслида эса матбуотнинг ҳам, журналистнинг ҳам эгаси йўқ эди, десак тўғри бўлади.

Ўзаро танқид, таҳлил, мушоҳада, фикрлар хилма-хиллиги бўлмаган жамиятда тараққиёт ҳам бўлмайди. Назариянинг бу тамойили исбот талаб қилмайдиган аксиомадир. Демак, халқ ва жамоатчилик фикри, назоратисиз, бир сўз билан айтганда, демократия ҳам бўлмайди. Жамиятдаги якранглик, ялтироқлик бир қолипдан чиқаётган маҳсулотдек ёш авлод тафаккур тарзини хиралаштириб, ўтмаслаштириб боради.

Минг шукрки, узоқ йиллар мамлакатдаги барча соҳа ва жараёнлар ичидаги камчиликлар, оғриқли нуқталарни яхши билган  юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан барча соҳаларда туб бурилиш юз берди, бошқача айтганда, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида янги аср бошланди. Бугун ҳар бир соҳада, ҳар бир тармоқда ишга таҳлилий ва  танқидий кўз билан қаралмоқдаки, бу иқтисодиёт ва тараққиёт сифати самарадорлиги ва барқарорлигини таъминлашга замин бўлаяпти. Бу ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш,   халққа етказиш, адолатни жойига қўйиш, оқни оқ, қоранинг қоралигини оммага етказиш ва сингдиришда оммавий ахборот воситаларининг роли бениҳоя катта эканлигига  сизу биз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ҳозиргидек эсимда. 2007 йил газетамиз обунаси 3,5 минг бўлди. Кўпи бир, уч ойлик эди. Йилнинг иккинчи ярмида газета адади 800 тага тушиб қолди. Эл кўзи деб 1200, 1300 нусха ёзиб қўярдик. Ҳар бир сони чиқиши учун пластинани кўтариб, бир ходим Деновга борар, икки кунлаб қолиб кетарди. Поезд ёки автобусда олиб келарди, бир қўлтиқ бўларди. Багаж учун тўлов сўрашса, бу қўл юки деб ғирромлик қилардик. Такси ҳақи тўлашга таҳририятнинг қурби етмасди. Обуна пули эса газетанинг қоғозини зўрға қопларди. Ярим йилликдан сўнг ойлик, қалам ҳақи, йўл пули олиш имкони мутлақ бўлмасди. Декабрда келгуси йил обунаси ҳисобидан маошлар бериларди. Почта билан шартнома тузишга қурби етмаган таҳририятлар ходимлари газеталарни обуначиларга ўзлари тарқатишарди. Энг ёмони, газеталар номига ҳафтада, 10-15 кунда, ҳатто икки-уч ойда бир марта чиқарди. Буни газета ҳам, журнал ҳам деб бўлмасди. Ноқулай бўлса-да, айтишга тўғри келади. Газета ёпилиб қолмасин деб, икки-уч ойда пенсия- си ҳисобига чиқариб турган “Дон Кихот” муҳаррирларнинг ачинарли аҳволини кўпчилик ижодкорлар яхши билишарди.

Бир ўйлаб кўринг, вилоят “Матбуот уйи” 1988 йилда қурилган. Ўттиз йил мобайнида бирор марта на жорий, на капитал таъмир қилинмади.  Кейинги ўн беш йилда “Матбуот уйи” шу даражага келиб қолдики, четдан келган киши бинонинг ичига киришга ҳазар қиларди. Ёзда иссиқдан, қишда совуқдан ўнлаб таҳририятлар ходимлари азоб чекишарди. Хоналарнинг эшиги, дераза ромлари ғажиллаб қолган, очилса ёпилмас, ёпилса очилмас. Қиш келиши билан ҳамма дераза ромларига қалин плёнка қоқиб чиқишдан бошқа илож йўқ эди. Ҳатто, қўл ювиш ва ичиш учун сувни кўчанинг нариги четидан бориб олиб келишга ижодкорлар мажбур эди.Оддий кундалик эҳтиёж учун шароит йўқлигини айтсам, бу ҳолатни кўрмаганлар ишонмаслиги аниқ.

Бир гал матбуот байрами арафасидаги йиғилишда камина сўз олиб: “Ҳамма вилоятларда “Матбуот уйи” ҳавас қиларли даражада. Бу ер воҳанинг кўзгуси. Четдан келган киши бу бинога қадам қўйишданоқ ҳафсаласи пир бўлади. Шуни таъмирлашга ёрдам қилсангиз?”, дея мурожаат этдим. Бу саволдан ҳамкасбларимизнинг кўзи ёниб кетди.  Шунда бош муассис “Мен сенларнинг идорангни ремонт қилиб бериш, иш шароити яратиш мажбуриятини олмаганман. Ҳали газетамни ҳам сотиб бер дерсизлар. Қани, матбуот бошқармаси, ў, бола, сен билан ишлаб бўлмайди. Аризангни ёз”, дея камина қолиб, бошқарма бошлиғига ёпишиб кетди. Шуни айтадилар-да, ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим ейди деб.

Ўша пайтлар бошқармадагилар фақатгина   ижара пули ҳисобига кун кўрар, тўрт-беш ойлаб ойлик олмас, янги ишга олинган ходим бир-икки ойга чидамай ташлаб кетарди. Ҳафталаб, ойлаб қарздорлик туфайли электр қуввати узиб ташланарди. Шунда таҳририятга энг яқин ходимнинг уйига бориб, газета матнлари терилар, саҳифаланар ва ўқиларди. Бундай ҳолатлар жуда тез-тез такрорланиб турарди.

Бир пайтлар, тўғрироғи, 2012 йилда нуфузли орган вакиллари ОАВнинг маблағи, даромади билан жуда қизиқиб қолган даврларни кўпчилик яхши эслайди. Шунда журналистларни “Обуна, эълон, реклама пуллари қаёққа кетаяпти?, Қанча ойлик, қанча қалам ҳақи оласизлар?”, деб сўроққа тутишганда таниқли журналист Усмонали Норматов “Акалар, бу даргоҳга пул оқиб келади. Журналист ни эса “чиновник” деб ўйласаларингиз керак. Журналист дегани қўлига шартнома қоғози, бўйнига тўрва осиб олган тиланчи-гадой. Корхона, ташкилотга тиланиб, ялиниб, сизларни мақтаймиз, расмларингизни биринчи бетга берамиз, фалон сўм ўтказиб  беринглар, деб кўчама-кўча, туманма-туман юрамиз. Бировнинг эшигига бош эгиб борган кишининг аҳволини тасаввур қиласизми?”, деб жавоб берди. Шундан сўнг, бошқа журналистларни савол-сўроқ қилиш тўхтатилди. Ўша йили етти ой ходимлар маош олмай фидойиларча ишлашди.

Маълумки, ҳамма ОАВ хўжалик ҳисобида, обуна ва реклама эвазига фаолият юритади. Агар пойтахтдан йиғилишга, семинарга, ўқишга чақириб қолса, муҳаррирлар оёғини босишга жой топиша олмасди. Бошқарма бошлиғига “Бойроқ таҳририятга айтинг, илтимос”, деб ялинишарди. Сабаби, ходимни хизмат сафарига юборишга имкони, маблағи йўқлиги эди. Юқорида ОАВнинг эгаси йўқ эди, деган гапни бекорга келтирмадик. Камина назмий асарлар бўйича мамлакат кўрик-танловида олтин медал соҳиби бўлганда, марҳум Маҳмуд Абулфайизов билан кетма-кет “Йилнинг энг фаол журналисти” деб тан олинганда, рағбатлантириш у ёқда турсин, тил учида бўлса ҳам табриклаб, “раҳмат” айтадиган  инсон топилмади.

Аввало, муҳтарам Президентимизнинг одилона сиёсати, сўнгра вилоят ҳокимининг маънавиятга, маърифатга, матбуотга бўлган муносабати туфайли икки йилдирки, ОАВ ходимларининг елкасига офтоб тегди. Бугун энг чекка туман газетасининг йиллик обунаси 3-3,5 мингдан зиёд. Бу дегани таҳририят ва журналистлар учун жуда катта имконият ва шароитдир. Илгари туман газеталари 800-1000 та йиллик обуна бўларди. Вилоят “Сурхон тонги” газетаси тарихда бўлмаган рекорд кўрсаткич 60 минг нусхага етди. “Матбуот уйи” бир неча миллиард сўм ҳисобига  мукаммал таъмирдан чиқарилди. У ердаги шароит ва қулайликлар пойтахтдагидан  қолишмайди.

Ходимларнинг ойлиги икки бараварга оширилди. Хизмат машинасини таъмирлашга имкони бўлмаган таҳририятга янги “Dаmas” ва “Cobalt” машиналари берилди. Бу машиналар нафақат ижодий ходимларнинг иш сафарларида  хизмат қилмоқда.  Бундан ташқари, қулай имконият бўлганлиги туфайли жамоатчилик назорати гуруҳида деярли барча ходимларимиз иштирок этишмоқда. Халқимизда бор мақтанса топилар, йўқ мақтанса чопилар, деган гап бежиз айтилмаган. Муассиснинг бевосита қўллаб-қувватлаши туфайли ходимлар ҳар байрамларда мукофот олишмоқда. Бугунги кунда бирлашган таҳририятнинг барча ижодий ходимларига корхона томонидан янги “ноутбук” ва “планшет”, фотоаппарат олиб берилганлигини айтиб ўтиш ўринли, деб ўйлайман.

Қаловини топса, қор ҳам ёнар экан. Ўзини эплай олмаган таҳририят бугун бир қатор ташкилотларга, корхоналарга, кам таъминланган фуқароларга ҳомийлик қилади, деб хаёлимизга ҳам келмаганди. Бош муҳарриримиз Ҳиндистоннинг Деҳли, Италиянинг Милан шаҳарларига бориб, халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келди. Илгари эса муҳаррир Тошкентга бориб келишга қийналарди. Шу ўринда яна бир янгиликни айтсам, мақтанаяпти деб ўйламанг. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти учун шаҳарнинг энг сўлим жойидан ер участкаси ажратилди. Бунда мамлакатдаги энг замонавий босмахона бунёд этилади. Муҳими, газета чоп этадиган ва китоб, журналлар нашр қиладиган цехлар алоҳида бўлади. Бунинг эвазига эса ўнлаб янги ишчи ўрни яратилади. Газета чоп қиладиган ускуналар Ҳиндистондан, китоб ва журнал чиқарадиган замонавий технология Италия мамлакатидан энг қулай нархларда келтирилади.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ОАВ қайтадан тўртинчи ҳокимият мақомига эришмоқда. Бугун сиз қайси матбуот наш-  рини ёки радио, телеканалларни кўрманг, танқидий, мулоҳазали, таҳлилий мақолалар, эшиттиришларга гувоҳ бўласиз. Биргина ўтган йили “Сурхон тонги”да икки юздан ортиқ танқидий, таҳлилий чиқишлар бўлганлиги, жорий йилнинг ўтган ойида элликка яқин танқидий мулоҳазали мақола, фельетон берилганлигини айтиш мумкин. Хўш, Қўёш қаердан чиқаркан? Албатта, дунё бино бўлгандан буён Шарқдан чиқади. Буни ҳар куни, ҳар ой тасдиқлаш учун адолатни жойига қўйиш, эл-юрт юрагига йўл топиш, барча соҳа ва тармоқларни рисоладагидек йўлга қўйиш, аррани одил тортиш учун ана шу қуёшдек тафтли, фикру тафаккури ёрқин раҳбар Эркинжон Оқбўтаевичдек инсон керак экан.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ОАВ ходимларини касб бай-рамлари билан табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, ижодий парвозлар тилаймиз.

Сафар ОМОН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг