Бош саҳифа / Жамият / Қутлуғ камолингдан айланай, юртим!

Қутлуғ камолингдан айланай, юртим!

Вилоят марказидаги “Алпомиш” ўйингоҳида мустақиллигимизнинг
26 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди

Термиз шаҳри ҳар қачонгидан кўра шукуҳ ва салобат касб этган. Байрам муносабати билан туманлар, шаҳарлар, кўча, хиёбон ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари астойдил олиб борилди. Халқимиз ҳашар йўли билан қисқа фурсатда катта ҳажмдаги ишларини бажаришди. Йўлларга ўрнатилган байроқлар, лавҳа ва паннолар кишининг завқини келтиради. Кўчаларга сувлар сепилган, “Алпомиш” ўйингоҳи сари келаётган юртдошларимизнинг юзларида қувонч ва табассум. Улуғ байрам тантаналарини юртимиздаги етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган фуқаролар ҳар йили ҳаяжон ва эҳтиром билан кутишади. Таралаётган мусиқа садолари ва унга мос равишда ҳилпираётган байроқлар, ранг-баранг чироқлар, ўйингоҳда ўрнатилган салобатли панно янада байрамга ўзгача кўриниш ва жозиба бахш этган.

Мусиқий чорлов эса қалбларни энтиктириб юборади. Ниҳоят, байрам тантаналари бошланди. Табрик учун сўз вилоят ҳокими, сенатор Эркинжон Турдимовга берилди. Вилоятнинг биринчи раҳбари барча байрам иштирокчилари, воҳа аҳли ва хорижий давлатлардан келган муҳтарам меҳмонларни самимий табриклади. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган ойлари давомида вилоятда амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

Закий халқимизда тўйга тўёна билан, деган гап бор. Сурхон аҳли бу йилги энг улуғ, энг азиз байрамимизга меҳнатда ва ижодда муносиб совғалар билан келишди. Муҳтарам Юртбошимиз жорий йилнинг 10-11 февраль кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида белгилаб берган вазифалар, қурилиши лозим бўлган ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ижтимоий объектлар, давлат дастурига киритилган муҳим ишлар ўз вақтида босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Вилоятимизда бўлаётган ўзгаришларни ҳар бир туман ва қўрғон мисолида кўришимиз мумкин. Жорий йилда воҳада 2 триллион 34 миллиард сўмга тенг бўлган 1912 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 17 минг янги иш ўрни яратилиши белгиланганди. Ўтган етти ой давомида 1048 та лойиҳа амалга оширилиб, 6700 та иш ўрни ташкил этилганлигининг ўзи воҳадошларимизнинг фидокорона меҳнатини исботлаб турибди.

Тадбиркор ва ишбилармонлар учун ана шу мақсадда 1 триллион 273 миллиард маблағ ажратилган бўлса, бу ўтган йилгига кўра, бир ярим бараварга кўп дегани.

Рақамларни айтиш осон, лекин унинг замирида юзлаб, минглаб кишиларнинг заҳматли меҳнати, яратувчанлик фаолияти турганлигини унутмаслигимиз лозим. Президентимиз раҳнамолигида Амударё соҳилида йилида 5 минг нафар болани соғломлаштиришга мўлжалланган оромгоҳ фойдаланишга топширилди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, Ўрта Осиё Артекига айланган бу оромгоҳ аллақачон болаларнинг сўлим масканига айланиб улгурди.

Ўзбекистон аҳли улуғ бобомиз, Ҳазрат Навоийнинг ”Нафъинг агар халққа бешакдурур, Билки бу нафъ ўзунга кўпракдурур”, деган боқий ҳикматини дили жонига сингдириб олган. Ҳар бир эзгулик ва яхши ишнинг фойдасини аввал элинг, юртинг, сўнгра ўзинг кўрасан. Шу ўринда нафақат вилоятимизнинг, балки республикамизнинг ишлаб чиқариши, саноати ва иқтисодиётига самарали таъсир кўрсатадиган йирик қурилиш объектларини бугун айтиб ўтиш лозим, деб ўйлаймиз. Жумладан, Жарқўрғондаги “Nortex style”, Шўрчидаги “Мўмин текстил”, Сариосиёдаги “Сурхон текстил ки- йимлари” каби йирик саноат корхоналари ишга туширилди. Шунингдек, Шеробод туманида лойиҳа қиймати 58 миллион доллар бўлган икки босқичли йирик текстил фабрикаси қурилиши қизғин бошлаб юборилган. Бу рақамларни келтиришдан мақсад, яқин йилларда Сурхон воҳасида етиштирилган пахта хом ашёси шу ернинг ўзида юз фоиз қайта ишлаб чиқарилади. Бунинг бараварида деҳқонларимизнинг, тадбиркорларимизнинг манфаатдорлиги ошади, вилоят иқтисодиёти барқарорлиги таъминланади, энг муҳими, минглаб ишчи ўринлари ташкил этилади.

Айниқса, шу тумандаги лойиҳа қиймати 212,8 миллион долларга тенг бўлган цемент заводи қурилиши жадал бораётганлигини айтиб ўтиш лозим. Йилига бир ярим миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона маҳсулоти нафақат республикамиз эҳтиёжини, балки қўшни давлатларга экспорт қилиш имкониятини яратади. Жарқўрғондаги “Сурхонцементинвест” хорижий корхонаси йил охиригача ишга туширилади ва бу ерда 360 минг тонна порт- ланд цементи истеъмолчиларга етказиб берилади. Натижада вилоятда қурилиш материалларига бўлган талаб ва эҳтиёж қондирилади.

Биргина Термиз шаҳрида таъмирдан чиқарилган корхона ва муассасалардан таш- қари, “Термиз таъминот” корхонаси томонидан йилига 30 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, дастлабки маҳсулотлар харидорларини топмоқда. Шаҳардаги “Surxan Sandwich” корхонаси томонидан музлаткичли омборхоналар, саноат корхоналари учун йилига 5 минг квадрат метрлик махсус панеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги қувончли ҳолдир.

Айниқса, Юртбошимиз раҳнамолигида аҳолининг турмуш шароитини, қишлоқ инфратузилмасини янада яхшилаш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Вилоятимизнинг 17 та массивида 1009 та арзонлаштирилган янги лойиҳадаги уй-жой қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Аҳолининг талаб ва эҳтиёжини ҳисобга олиб, суғорилмайдиган майдонлардан 594 гектар ер уй-жой қуриш учун 5380 нафар фуқарога ажратиб берилди. Шунингдек, шаҳар ва қишлоқлардаги автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан олти бараварга ошганлигини айтиб ўтиш ўринлидир.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган барча вазифалар кўнгилдагидек ўз ижросини топмоқда. Вилоятимизда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида 45 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунига етай деб қолди. Омонхона булоғи сувини Бойсун туман маркази ва қишлоқларига етказиб бериш учун катта ҳажмдаги ишлар бошлаб юборилган.

Айниқса, Термиз шаҳрида “Достончилик ва бахшилар мактаби”, 700 ўринли “Санъат саройи”, 3 минг ўринли амфитеатр, С. Термизий номли вилоят кутубхонаси, аллома имом Термизий маркази бунёд этилаётганлиги, Тошкент техника ва аграр университетларининг филиаллари очилганлиги, эндиликда республика урология маркази, ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси Термиз филиалини очиш ишлари ҳам олиб борилаётганлиги қувонч ли ҳолдир.

ХХХ

Давлатимиз мадҳияси янг раб байрам учун тайёрланган махсус саҳналаштирилган дастур намойиш этилди. Шодиёна иштирокчилари “Шалола”, “Қуралай” “Барчиной”, “Сабо”, “Булбулигўё”, “Бойсун” фольклор-этнографик ҳамда ашула ва рақс дасталари чиқишларини зўр қизиқиш билан қарши олдилар. Айниқса, воҳамиздаги спорт мактаблари ва Термиз ҳарбий гарнизони оркестри жамоасининг кўргазмали чиқиши нафақат ёшларимизни, балки барча тадбир иштирокчиларини тўлқинлантириб юборди.

Хориждан келган меҳмонлар ва байрам иштирокчилари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Улуғбек Очилов, Сайёра Қозиева, Равшан Намозов, Норали Алланазаров, Абдурашид Йўлдошев ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Номозовларнинг чиқишларини ол- қишлаб, рақсга тушдилар.

Айтиш лозимки, рус миллий маданият маркази фаоллари саҳнага чиққанда, туркманча, афғонча, тожикча қўшиқ ва рақслар бошланганда томошабинлар жўр бўлишди. Бир сўз билан айтганда, муборак байрамимиз иштирокчилар қалбида унутилмас таассурот қолдирди. Байрам шарафига бўлган мушакбозлик пайтидаги одамларнинг ҳаяжони, ғурур ва эҳтиросини сўз билан ифодалаш қийин.

Мустақиллик байрами вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида, қишлоқ ва овулларида кўтаринки руҳда кенг нишонлади. Юртимизда байрам тантаналари давом этмоқда.

Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни қўшалоқ байрам билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, иш ва ижодларида юксак парвозлар тилаб қоламиз. Қутлуғ камолингдан айланай юртим, дея осмонимиз мусаффолиги, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги боқий ва бардавом бўлишлигини Яратгандан сўраб қоламиз.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan