Бош саҳифа / Жамият / Ўтган бир йил афғон биродарларимиз қалбига қандай муҳрланди?

Ўтган бир йил афғон биродарларимиз қалбига қандай муҳрланди?

Тун ярмидан оғган. Атроф жим-жит. Ҳамма уйқуда. Лекин Афғон фуқароларини ўқитиш таълим маркази кутубхонасининг чироқлари ёниқ.

У ерда кимдир китобнинг ичига киргудек бўлиб мутолаа қилиш билан банд. Яна кимдир компьютерга термулиб эртанги дарсга тайёрланиш учун маълумот олиш билан овора. Шу пайт нав батчи ўқитувчи хонага шаҳд билан кириб келдию, ҳаммасини тушунди. Талабаларни у ердан койий-койий чиқариб юборди. Бироқ улар кетгач, орт ларидан жилмайиб қўйди. Бу ўғил-қизларнинг шунчалик илмга чанқоқлигидан, бир дақиқасинида беҳуда сарфламасликка тиришишидан ич-ичидан қувонди.

Ҳа, Афғон диёридан илм ўрганаман деб, катта орзу-ниятлар билан келган 127 нафар ўғил-қизнинг бари шундай. Ниҳоятда илмга чанқоқ. Чунки улар бундай бебаҳо имкониятнинг қадрини аллақачон англаб етган. Буни юракдан ҳис қилишади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятига яқинда бир йил тўлди. Хўш, бу вақт афғон ёшларининг хотирасига қандай муҳрланди? Бир йил ичида таълим маркази қандай ютуқларни қўлга киритди?

Айни пайтда таълим марказимизда 96 нафар талаба ўзбек тили ва адабиёти бакалавриати, 26 нафари темир йўл таълими йўналиши бўйича таҳсил олмоқда, — дейди таълим маркази директори Ойбек Рўзиев. — Ҳозирда марказда 6,69 гектар ер майдони, 750 ўринга мўлжалланган ўқув биноси, 180 ўринли фаоллар зали, шунингдек, футбол, волейбол, баскетбол, теннис майдонлари, 100 ўринлик талабалар турар жойи, физика, кимё лабораториялари мавжуд. Шунингдек, 300 ўринли талабалар ётоқхонаси биносининг қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Бу ердаги ахборот ресурс ва ахборот технологиялари маркази талабалар ихтиёрида. Унда бадиий адабиётлардан тортиб филология, техника, табиий-ижтимоий фанлар ҳамда маънавий-маърифий мавзуларга оид адабиётлар ва уларнинг электрон версиялари мавжуд.

Ўқув муассасасида таълим билан амалий машғулотлар ҳам бирга олиб борилади. Яъни талабалар олган билимларини амалда мустаҳкамлаб боришлари учун улар Термиз туманида жойлашган 16-, 17ҳамда 21-умумтаълим мактабларида дарс машғулотларини олиб боришмоқда. Ўқитувчиликнинг илк тажрибасини ўша ерда ўташяпти.

 БОЛАНИНГ БЎШ ваҚти — душманнинг иш ваҚти

Бу замонавий ибора муассаса директоридан тортиб таълим масканидаги барча талаба ва ўқитувчиларнинг шиорига айланган. Сабаби бу ерда ўқиш билан бирга ҳар бир талабанинг иқтидорини касб-ҳунарга йўналтириш ўзига хос тартибда йўлга қўйилган.

— Ҳар 8 та талаба таълим марказидаги битта ўқитувчига бириктирилган, — дейди Ойбек Рўзиев. — Яъни талабаларнинг қизиқишига қараб, уларни ўзимдан тортиб бу ерда ишлаётган барча ўқитувчилар, ахборот ресурс маркази ходимлари, ҳатто ҳисобчига ҳам бириктириб, “Устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўйдик. Энг қизиғи, талабалар ўзларига бириктирилган устозларининг доимий назоратида бўлиш орқали уларнинг ишини жон дили билан ўрганишди. Бу эса бир йил давомида ўзининг ижобий самарасини берди.

Марказда ёш журналист, ёш дастурчи, 6 та тасвирий ва халқ амалий санъати, 7 та спорт, 8 та фан тўгараклари ҳам фаолият олиб бормоқда.

Биргина кулолчилик билан 5 нафар, ҳайкалтарошлик билан эса 6 нафар талаба шуғулланади. Самиуллоҳ Носратий ҳам улардан бири. Унинг бири биридан ғаройиб ҳайкалчаларини кўриб, ақлингиз шошади. Ҳатто, қадимий обидалар акс эттирилган намуналарда кичик маторча ёрдамида мўъжазгина шаршара ҳосил қилинган. Қолаверса, у худди шу намунадаги аквариумларни ҳам ясамоқда. Ҳатто, бу йўналиш бўйича келажакда ўз бизнесини йўлга қўйишни ҳам Самиуллоҳ кўнглига тугиб қўйган.

— Бундан ташқари, биз турли ҳайвонларнинг, қушларнинг ҳам ҳайкалчаларини ясаяпмиз, — дейди Самиуллоҳ Носратий. — Ясаган ҳайкалчаларимизни “Surxon Termiz Chinni” корхонасига тақдим қилгандик, улар биз ясаётган туя, кабутар, китоб ва яна бошқа ишланмаларимизни маъқуллашди ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйишмоқда. Бунинг эвазига эса ғоя муаллифига ҳам маълум миқдорда ҳақ тўланадиган бўлди.

 Сомондан яратилган санъат асари

Сомон санъати тўгарагида сомондан ясалган алломаларимизнинг портрет ишланмалари кўзингизни қувнатади. Худди рассомнинг мўйқалам билан чизилган асаридек тиниқ. Айниқса, писта ва донак пўчоқларидан яратилган бежирим намуналарни кўриб, “Қойиле, маҳоратингга балли”, деб юборасиз.

— Айни пайтда таълим маркази талабалари орасида 7 та шогирдим бор, — дейди тўгарак раҳбари Сабина Қаюмова. — Уларнинг ҳам қўли анча келишиб қолди. Баъзан ясаган нарсаларини кўриб, ўзлари завқ олишади. Бундан мен ҳам беихтиёр қувонаман. Ушбу санъат кишидан эҳтиёткорлик ҳамда ўта сабрлиликни талаб этади. Қолаверса, бу санъат ижодий қобилиятни ҳам ривожлантиришга, янги ғоялар сари илдамлашга ундайди.

Дарвоқе, бу санъат устасининг меҳнатлари зое кетмади. Зулфия номидаги давлат мукофотига вилоятимиздан номзодларни саралаш учун ўтказилган босқичда Сабина Қаюмованинг ишлари ҳам юқори баҳоланди ва республикага йўлланма олди. Шунингдек, “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” II республика танлови вилоят босқичида ҳам Сабина фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

 ЮтуҚлар…

Қарангки, марказ ёшларининг эришган ютуқлари кўп, ҳамма соҳадан бор.

Масалан, вилоятимизда ўтказилган Наврўз умумхалқ байрами, “Бойсун баҳори” ҳамда Навоий вилоятида ўтказилган “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивалларида фаол иштироки учун “Энг яхши фольклор қўшиқ ижрочилари” номинацияси бўйича биринчи ўринни, вилоят миқёсидаги “Ёшлар келажак бунёдкори”, “Дўппи”, “Онлайн журналист”, “Юксак маънавиятли авлод”, “Ташаббус — 2018” каби танловларда фахрли ўринларни банд этиб келишмоқда. Қолаверса, таълим марказида ўтказилиб келинаётган тадбирлар, халқаро дўстлик учрашувлари ҳамда илмий конференцияларда ҳам талабалар фаол. Буни уларнинг тадбир иштирокчилари ва меҳмонларга берган ўринли саволлари, амалий таклиф ва ташаббусларидан ҳам фаҳмлаш мумкин.

Дарвоқе, яқинда бўлиб ўтган “Йил аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичида ҳам муассаса ўқитувчиси Сайёра Тўраева иккинчи ўринга муносиб кўрилди.

 Режалар…

Эндиликда марказ фаолиятини кенгайтириш режалаштирилаяпти, яъни бу ерда 17 та олий таълим, 16 та ўрта-махсус касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича ўқувлар амалга оширилади. Темир йўл соҳаси бўйича эса яна 500 га яқин талаба ўқитилади. Энг муҳими, талабаларнинг таклифи билан марказда магистратура йўналиши бўйича ҳам таҳсил йўлга қўйилади. Бу йил 250 нафар бакалавр, 36 нафар магистратура йўналиши бўйича афғон талабалари ўқишга қабул қилинадиган бўлди.

Ўз фарзандига раво кўрган эзгуликни бошқаларнинг фарзандига ҳам илиниш — инсоний қадриятларнинг олий кўринишларидан бири. Зеро, бугун Ўзбекистоннинг афғон халқи фарзандларини илмли, ҳунарли қилишдек саъй-ҳаракатлари, албатта, ўз мевасини бермай қолмайди. Агар бир дарёдан сув ичган икки халқнинг бундай илиқ муносабатини бир дарахтга менгзасак, унинг мевалари ҳали афғон юртидаги болаларни саводли, ўқимишли, маърифатли бўлишига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

Чори ЖУМАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE