Бош саҳифа / Жамият / Устоз ва шогирд

Устоз ва шогирд

Бу дунёда бир-биридан аъло касблар кўп. Ҳар бирининг ўзига хос жозибаси, машаққати, бурчи ва масъулияти бор. Бир касбда жисмоний куч-қувват талаб этилса, яна баъзи бир касбларда ақл-заковат муҳим ўрин тутади. Журналистика ҳам шубҳасиз, шарафли, шунинг билан бир қаторда жуда ҳам масъулиятли касбдир.

Телевизор экрани қаршисида ўтирган томошабин, радио тингловчиси, газета ёки журнал мутолаа қилаётган муштарий ҳар бир мақола, радио эшиттириш, кўрсатувнинг тайёрланиш жараёнидаги машаққатларни кўрмаслиги, билмаслиги мумкин. Оддий мисол, тележурналист 3-4 дақиқалик лавҳани тайёрлаб, эфирга беришгача бўлган жараёнлар учун баъзан бир кун вақт сарфлаши ҳам мумкин. Бу ишларда журналистга тасвирчи, монтаж режиссёри ва яна кўплаб соҳа ходимларининг кўмаги керак бўлади.

Бугунги кунда Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси орқали турли мавзудаги кўрсатувлар эфирга узатиб келинмоқда. Ушбу кўрсатувларнинг ўз мухлислари бор. Айниқса, болажонлар “Болалар дунёси” кўрсатувини севиб томоша қилиши табиий ҳол. Кўрсатувнинг муаллифи Гавҳар Жумаева, тасвирчилар Илҳом Рўзиев, Иззат Абдулхаев, Одил Пириев, монтаж режиссёри Аҳрор Арамовларнинг ҳамжиҳатликдаги меҳнати эвазига ушбу лойиҳа вақт ва давр синовидан ўтиб келмоқда. Кўрсатув болажонларга бағишлангани учун ҳам унинг бошловчилари болалар ичидан танлаб олинади. Кўрсатув 2014 йилда эфир юзини кўрган эди. Юлдуз Эргашева шу йиллар мобайнида кўрсатувга асосий бошловчи бўлиб келмоқда.

— Шогирдим Юлдузхон қобилиятли ёшлардан. У тасвирга олиш жараёнида фикрларимни тез ўқий олади. Баъзан вақт тиғизлиги боис, тезкорлик талаб этилади. Бу эса ўз навбатида бошловчига улкан масъулият юклайди. Шундай ҳолларда вазиятдан чиқишимизда Юлдузнинг ҳам ҳиссаси катта бўлади. Бошловчи ўз номи билан кўрсатувнинг қизиқарли чиқишида сўз бойлиги, экранга мослиги, иштирокчи ва томошабинларни мавзуга жалб қила олиши билан мухлисларнинг назаридан ўтади. Ўйлайманки, шогирдим Юлдуз йиллар давомида ўзида ана шу сифатларни шакллантира олди, — дейди кўрсатув муаллифи Гавҳар Жумаева.

Кўрсатувнинг ҳар бир сонида тўрт нафар иштирокчи икки жамоага бўлиниб, ўз билимларини синовдан ўтказишади. Учта шарт бўйича турли хил мавзудаги саҳифалар бериб борилади. Ҳафта давомида 5 кун эфирга узатиладиган кўрсатувнинг ҳар бир сони ўзгача бўлиши йўлида телевидение ижодкорлари тинмай изланишади.

— Кўрсатувда бошловчилик қилиш менга ёқади. Устозим Гавҳар опа менга соҳанинг кўп сир-асрорларини ўргатадилар. Илк тасвирга олиш жараёнларида бироз қийналардим. Чироқ нури, атрофдагиларнинг нигоҳи, камера олдидаги ҳаяжонни енгиб ўтишимда устозимнинг кўмаги мадад бўлди. Устозим менга доим “Қаршингда иштирокчилар ва кенг аудитория бор, бошқа нарсани унут”, дердилар. Кейинчалик ўзим ҳам бунга кўникдим. Лекин, барибир ҳаяжон бўлади. Устозим эса бунга ҳамоҳанг “Ҳаяжон бўлиши керак, бу табиий”, дейдилар. Уларнинг ўгитларидан тўғри хулоса чиқариб, хато ва камчиликларимни бартараф этишга ҳаракат қилаяпман, — дейди кўрсатув бошловчиси Юлдуз Эргашева.

Ёшликдан ўз олдига юксак мақсад қўйиб, дадил одимлаётган Юлдуз келажакда етук журналист бўлишни ният қилган. Интилганга толе ёр, дейдилар. Эзгуликни ният қилган ҳар бир инсон, албатта, ўз мақсадига етиши шубҳасиз. Бунинг учун эса ўқиш ва изланиш талаб этилади.

Зайтуна АБДУЛЛАЕВА,

Термиз шаҳар

ихтисослаштирилган

санъат мактаби

ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE