Бош саҳифа / Жамият / Устоз фирибгар бўлса…

Устоз фирибгар бўлса…

Нафс деган шундай бир куч борки, у билиб-билмай қонимизга жўш урганида аттанг, деб қоламиз.

Моҳигул Пирназарова (исми-шарифи ўзгартирилган) ҳам ана шундай нафсига қул бўлиб, айни дамда афсус ва надомат чекиб ўтирганлардан. Аммо, нима ҳам дердик, айтишадику, “Сўнгги пушаймон ўзингга душман”, деб.

Термиз давлат университети қошидаги 2-академик лицейнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келган Моҳигул Пирназаровани илгаридан таниш собиқ ўқувчиси Ойша Бердиқулова  йўқлаб қолади. Телефон орқали суҳбатлари давомида М.Пирназарова айни пайтдаги мартабаси ҳақида айтаркан, қўлини қаерга узатса етадиган қабилида олий ўқув юртига киритиб қўйиши ҳам мумкинлигини эслатади…

Ойша тоғасининг ўғлини ўқитмоқчилигини эслаб, қўнғироқ қилади. Тоғаси рози бўлгач, Ойша яна собиқ устозига қўнғироқ қилади. Бу гал улар жорий йилнинг 13 июнь куни юзма-юз учрашиб, келишиб олишади. Ойша тоғаваччаси Ҳасанни Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалидаги менежмент факультетига ўқишга гранд асосида қабул қилинишини 5000 АҚШ доллари эвазига гаплашиб қайтади. Аммо шароити оғир оила эканлигини ҳисобга олиб М. Пирназаровага бунча маблағи йўқлигини айтади. Шунда М. Пирназарова 4000 АҚШ долларидан кам бўлмайди деб охирги нарх ни белгилайди. Бир неча кун ўтар-ўтмас М. Пирназарова қабул куни оз қолганлиги сабаб пулни қистай бошлайди. Акс ҳолда, гаплашган таниши пойтахт- га қайтиб кетишлигини, иш ўхшамай қолишини айтади. Иложсиз қолган Ойша устозининг ишхонасига бориб, 4000 АҚШ долларини М. Пирназарованинг имо-ишораси билан стол тагига қўйиб, чиқиб кетади.

Ошиғи олчи М. Пирназарова қўлга киритган мўмай даромадни санашга ошиқади. Шу пайт хона эшиги очилиб, бир нечта кишилар кириб келиб, ўзларини вилоят прокуратураси ва вилоят департаменти ходимлари деб таништиришади. Хона холислар иштирокида текширилганда унинг найранги фош бўлади.

Ойша Бердиқулова бунча маблағни қаердан олишга боши қотиб,  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Пора сифати берилган 4 дона, 400 АҚШ доллари, кимёвий воситалар билан ишлов берилган бўлиб, жиноятчи шу тариқа қармоққа илинди ва тегишли жазосини олди.

Ўзи билганига ўзи амал қилмайдиган, ёшларга сабоқ бера туриб, қаллобликни касб қилган устоз ниқобидаги кимсалардан таълим-тарбия олганлар эртага ким бўлиб етишади? Жамиятга қандай наф келтиради? Улар  ўзларидек ниқобли манқуртларни етиштириб чиқармайди, деб ким кафолат бера олади?

Зуфар НАРЗИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan