Бош саҳифа / Таълим / Устамани устаси олсин

Устамани устаси олсин

Газетамизнинг сўнгги сонларини ўқиб бораётган муштарийлар сезганки, таълим масканларидан муаллифлар фаол. Таътил бошланиб, фаолиятида танаффус кузатилаётган ўқитувчиларнинг қўлига қалам олиши имкони пайдо бўлди баҳонаси билан ёпиш мумкину, аммо бу фаолликнинг ортида манфаат борлиги сир эмас. Фильмда айтишгани каби: “Уни кўрганлар “Ооо” дейишади”ган устама бунинг асосий сабабкоридир.

Ўқувчисининг фан олимпиадасида фаол қатнашгани (ўрин олгани эмас), қайсидир тадбирда ташаккурнома олганлиги, дарс ўтиш методикаси ҳақидаги жумласи жумласига қўшилмаган қораламалар, ҳақиқий плагиатдан намуналар, …лар, хуллас топганини қўлтиқлаганча таҳририят эшиги оғзида пайдо бўлаётган ўқитувчиларнинг кети узилмайди. Телефон қўнғироқлари, телеграмдаги йўқловлар ишдан совутгани рост. Баъзида очиқдан очиқ “ёрдам” сўрайдиганлар, эвазига нимадир илинмоқчи бўладиганлар топилади. Эсиз, дейишдан ўзга илож йўқ.

Аслида нима учун устама низомига мақола ёзиш тиркалган? Ўқитувчи ўз устида ишлаши учун эмасми? Ҳа, ишлаши учун… Аммо, ишлаш бундай бўлмайди. Йил давомида мақола ёзиш эсига келмай, айнан ҳужжатлар йиғиладиган пайтларда газета саҳифаларида кўринишни истаб қолганларни қандай тушуниш мумкин. Бу ўз устида ишлаш эмас, балки кўзбўямачилик эмасми?!

Ҳай майли, ўқитувчилар ҳам ўзларига қарашсин, кўз бўяшсин, десангиз, орттириб юборишгани ғашингизни келтиради. На лотинда, на кириллда эплаб ёзилмаган қораламалардан тутақиб, аламни ҳамкасбингиздан оласиз. У ҳам шу азобда тўлғаниб юрган эмасми? Кўр кўрни қоронғуда топади. Дардимиз бир! Биз ҳам “хат ёпиш” пайига тушамиз. Биз қораламаларни газета қолипига ташлаймиз. Айримларининг сарлавҳасидан бошқа жойи қолмайди ҳам. Бу ҳақиқат. Энди кариллаб юрган, газетада мақоласи (тўғрироғи фамилияси) кетган “муаллиф”нинг устамага ҳаққи борми?!

Устамани устаси олсин, деймиз! Устаси эса фаннинг ипидан игнасига қадар биладиган, зеҳни ўткир, ўқувчи билан тил топиша оладиган ўқитувчи бўлса хўп-хўп! Аммо, “курмаклар” устамани илиб кетса, бундан аянчлиси йўқ. Шу ўринда вилоят халқ таълими тизими ходимларининг ярмидан кўпи ўтказилган тестда ўз фанидан қониқарсиз баҳо олганлигини ўйласангиз, устаманинг иситмаси чиқади. Бу мавзуга, албатта, қайтамиз.

Устамадан УМИДВОР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Дарс тайёрлаётганда болага тазийқ ўтказманг!

Ҳозирги кунда фарзанд билан ота-она ўртасидаги муносабатлар долзарб муаммолардан биридир. Чунки ота-она фарзанд тарбиясида турли …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan