Бош саҳифа / Жамият / Усталарнинг орзуси нима?

Усталарнинг орзуси нима?

Абжир, ишни сифатли бажарадиган устага ҳамиша иш топилади. Маҳоратли устани одамларнинг ўзи излаб топади. Чунки уй қурдирмоқчи бўлган киши катта харажат қиларкан, ҳеч қачон қурилиш материалларини нўноқ устанинг қўлига топшириб қўймайди.

Уйимни қўлидан иш келадиган уста қурсин, деб ният қилади ва қўли гул устани излайди. Термиз туманидаги “Аэропорт” мавзесида яшовчи Холмурод Тўраев ва Баҳром Жумаев абжир усталар сифатида танилишган. Айниқса, бу икки ҳунарли йигитлар қумсувоқ, бинонинг ички ва ташқи фасадини қойилмақом тарзда бажаришадики, буюртмачи берган пулига сира ачинмайди.

— Ёшим қирқдан ошган бўлса-да, шу пайтгача анча қийинчиликларни бошдан ўтказдим. Лекин шунга амин бўлдимки, ҳунари бор одам ҳеч қачон хор бўлмайди, бировга муҳтожлик сезмайди, нонсиз қолмайди, одамларнинг обрў-эътиборига, ҳурматига  сазовор бўлади, — дейди Холмурод Тўраев. — Термиз темир йўл бўлинмасида яхшигина  маош олиб, бемалол ишлаб турувдим. Қаердандир қисқартириш деган гап чиқдию, бир гуруҳ ишчиларни ишдан озод қилишди. Ишсиз, маошсиз қолган кишининг қандай ҳолатга тушишини тасаввур қилинг. Сира тушкунликка тушмадим. Чунки қўлимда гулдай ҳунарим бор.

Ёшликдан “Чегара” маҳалласида яшовчи маҳоратли уйсоз уста Баҳодир Тошмуродовга  уч йил шогирд тушиб, уй қуришни, иморатларга ички ва таш- қи безак бериш, сифатли бўяш ва қумсувоқ қилишни мукаммал ўргангандим. Темир йўлдан ишдан бўшагач, бир-икки йил Россияда ҳам ишладим. Олис юртда ҳам устачилик ҳунарим туфайли обрў-эътиборли бўлдим. Лекин янги рўзғор бўлганим учун хотиним рўзғор тебратишга қийналаётганини кўриб қишлоққа қайтдим. Бир-икки кишининг хонадонида устачилик қилиб, Россияга бормай ҳам ўз қишлоғимда мўмай пул топишим мумкинлигини сездим. Ким  уйимни таъмирлаб бер, деб остонамизга қадам қўйса, сира ноумид қайтарган эмасмиз, бориб таъмирни кўнгилдагидай бажариб бераяпмиз.

— Мустақилликнинг дастлабки йилларига нисбатан бугунги кунга келиб халқимиз анча бойиди. Топган даромадининг рўзғордан ортган қисмини машина олишга, уй қуришга сарфлашаяпти. Одамларнинг яхши яшашга интилиши туфайли янги иморатлар барпо этилиб, қишлоқлар қиёфаси кун сайин чирой очиб бораяпти, — дейди Холмурод  Тўраевнинг ҳамроҳи, абжир уста Баҳром Жумаев. — Лекин кўпчилик ёшларга ҳунаримизни ўргатишга қийналаяпмиз. Усталарга шогирд тушиб, ҳунар ўрганиш ўрнига Россия ва бошқа ўлкаларга кетиб ишлашни афзал билишаяпти. Ваҳоланки, Россия бўладими, Корея бўладими, у ерларда яшаш ва ишлаш доимий эмас-ку! Ҳунар эса ҳар бир йигит-қизга доимий ҳамроҳ.

Қисқаси, моҳир ва абжир усталар Холмурод Тўраев ва Баҳром Жумаев қишлоқларда аҳоли томонидан қурилаётган иморатларни замонавий тарзда безаш, қумсувоқ қилиш, том устини ёпиш сингари юмушларни сифатли бажариб, одамларнинг мушкулини осон қилаяпти. Шу ҳунарлари изидан мўмай даромад топиб, эл қатори фаровон яшашмоқда.

— Асбоб ишлайди, устаси мақтанади деган гап бор, — дейди Холмурод уста. — Ҳунарли усталарнинг бажараётган иши сифатли, бежирим, чиройли бўлиши кўп жиҳатдан асбобга боғлиқ. Ҳозир  қурилиш моллари дўконларида истаган асбоб-анжом бор. Фақат  харид қилишга маблағ керак. Банклардан кредит олиб, ўша асбобларни харид қилайлик, десак биринчи галда берилаётган кредитнинг фоиз ставкаси баланд, иккинчидан, кредит фақат давлат корхоналарида ишлаётган, муайян иш ҳақига эга бўлган шахсларга ажратилади. Бизга ўхшаш якка тартибда меҳнат қилаётган усталарга ҳам яшаш жойидаги маҳалладан бериладиган маълумотномалар асосида кам фоизли, мини кредитлар ажратиш жорий қилинса,  замонавий асбоб-анжомларни харид қилиб, халқимиз қураётган иморатларнинг янада чиройли, бежирим ва  замонавий бўлишига ўз ҳиссамизни қўшардик…

У. НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan