Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ўсимликлар карантини

Ўсимликлар карантини

соҳадаги ўзгариш ва экспортёрларга қулайликлар

Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини ошириш, карантиндаги зарарли организмлар республикамиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, ўсимлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 30 августдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ташкил этилиб, яқин истиқболда мазкур соҳада энг муҳим масалаларни самарали ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Жумладан, жорий йилнинг 9 июлида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан соҳанинг қонунчилик асослари янада мустаҳкамланди. Қонундаги муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтмоқчимиз: қонун 8 боб, 34 моддадан иборат.

Унда карантин остидаги маҳсулот, карантин рухсатномаси ва чекловлари, фитосанитария сертификати, фумигация каби муҳим тушунчалар мазмуни кенг ёритилиб, ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди ва ўсимликлар карантини соҳасида давлат хизмати тизими ҳамда давлат органларининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар билан тўлдирилди.

Хусусан, ўсимликлар карантини соҳасидаги тадбирларни ишлаб чиқиш, давлат назоратини олиб бориш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ташқи ва ички ўсимликлар карантини бўйича тадбирлар тизимини амалга ошириш, фитосанитар хавфсизликни таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидир.

Мазкур қонун, республикамиз учун карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмлар, олиб кирилиши тақиқланган ўсимликлар ва уларнинг тарқалиш ҳудудлари, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган карантин остидаги маҳсулотлар рўйхатларини ва фитосанитария талабларини тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги ўсимликлар карантини пунктларига оид норма ҳам қонундаги асосий янгиликлардандир.

Мазкур нормада давлат чегарасидаги ўсимликлар карантини пунктлари фаолиятини ташкил этиш ва таъминлаш масалалари белгиланган. Фитосанитария сертификатининг қалбакилиги, белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланган ёки маҳсулотларда ўсимликлар карантини объектлари мавжудлиги тўғрисида шубҳа бўлган тақдирда, маҳсулот мазкур пункт- ларда ушлаб турилиши ва тегишли чоралар кўрилиши белгиланган.

Бундан ташқари, ўсимликлар карантини соҳасида лаборатория текширувларини ўтказишнинг ҳуқуқий асослари белгиланган. Бундай текширувлар карантин остидаги маҳсулотнинг белгиланган қоидаларига ҳамда фитосанитария талабларига мувофиқлигини аниқлаш, мониторинг олиб бориш, фитосанитар хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария сертификати ва карантин рухсатномасини бериш ва бошқа мақсадларда ўтказилади.

Шунингдек, қонунда карантин остидаги маҳсулот фумигацияси яъни зарарсизлантириш ишлари фақатгина махсус фумигация бўлинмалари томонидан амалга оширилиши қатъий белгиланган. Бу эса ўз навбатида, республикамизга импорт қилинаётган ва экспорт га чиқарилаётган, шунингдек, мамлакат ичида ташилаётган ўсимликлар карантини остидаги маҳсулотларни зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоялаш бўйича тизим шакл- ланишига хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, қонун “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун талабларига ҳамоҳанг тарзда ўсимликлар карантини соҳасига оид ахборотдан фойдаланишни кафолатловчи алоҳида норма билан тўлдирилган. Унга кўра, ўсимликлар карантини соҳасига оид барча маълумотлар, жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар оммавий ахборот воситалари ҳамда Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида мунтазам эълон қилиб борилмоқда. Бу жуда муҳим. Боиси аҳоли, жумладан, тадбиркорларимиз соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиб боради ва вақти тежалади.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт ҳажми ортиб бормоқда. Ўз навбатида қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар эҳтиёжи учун муайян уруғ, кўчат ва бошқа шу каби маҳсулотлар импорт қилинади. Республикамиз жўғрофий жойлашуви бундай маҳсулотларни транзит тарзида олиб ўтиш учун ҳам жуда қулай. Шу нуқтаи назардан, қонунда ўсимликлар карантини остидаги маҳсулотларни мамлакатимизга олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзда ташишга нисбатан қатъий талаблар белгиланган.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши билан мамлакатимизда ўсимликлар карантини соҳасида изчил ва тизимли ислоҳотлар олиб боришнинг ҳуқуқий пойдевори янада мустаҳкамланди, деб ҳисоблаймиз. Қонун нормаларини ишлаб чиқишда АҚШ, Белоруссия Республикаси, Европа Иттифоқи, Россия, Хитой каби давлатларнинг ўсимликлар карантини қонунчилигига оид илғор тажрибалари инобатга олинган.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси экспорт салоҳиятини оширишда, экспортёрларга кенг қулай шарт-шароит яратиш мақсадида кўпгина давлатлар билан ҳалқаро ҳамкорлик битимлари имзоланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги имзоланган битимга кўра жорий йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўздавкарантин” инспекциясининг бир гуруҳ ходимлари Россиянинг Москва шаҳрида Россия қишлоқ хўжалиги назорати хизмати ходимлари билан музокаралар ўтказиб, унга асосан, мамлакатимиздан экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларини юртимизда ташкил этилган махсус ўсимликлар карантини пунктларида назоратдан ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификатга мувофиқ тарзда Россия томони қабул қилиб олиши ҳамда томонлар божхона расмийлаштируви ва фитосанитар назоратни тезлаштириш учун Россиянинг 4 та ҳудуди (Оренбург, Свердловск, Новосибирск, Москва)да логистика марказларида яшил коридор йўлакчалари ташкил этилди.

Бу эса ўз навбатида, ушбу ҳудудларга мева-сабзавот маҳсулотларининг фитосанитар тоза ҳолда етиб бориши устидан назорат “Ўздавкарантин” инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари зиммасига юклатилди. Бинобарин мазкур талабларни бажаришга экспортёрларимиз ҳам катта масъулият билан ёндашишлари талаб қилиниб, вилоятдан Ангор туманидан “Жумаев Нарзулло”, Олтинсой туманидан “Йўлдошев Мухлис” якка тартибдаги тадбиркорларимиз рўйхатга киритилганлиги ҳамда ушбу ташкил қилинган яшил йўлакчага белгиланган талаблар асосида барча экспортёрларимизни рўйхатга киритиш бўйича имконият яратилди. Жумладан, яшил йўлакча орқали экспорт қилинган карантин остидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 15-30 дақиқада карантин кўригидан ўтказилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилади ва белгиланган тўловларга имтиёзлар киритилди. Шунингдек, ҳозирда Россия Федерациясининг барча вилоятларидаги логистика марказларида ҳам яшил йўлакча тизимини жорий қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўздавкарантин”инспекцияси томонидан музакоралар олиб борилмоқда.

Х. МЕЛИКУЛОВ,
вилоят Ўсимликлар карантини ҳудудий
инспекцияси бошлиғи
Х. МЕЛИКУЛОВ,
вилоят Ўсимликлар карантини ҳудудий
инспекцияси бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE