Бош саҳифа / Жамият / Ҳушёрлик зарур

Ҳушёрлик зарур

Халқимизда ўғри кўтарганини, олов дуч келганини олади, деган нақл бор. Кейинги пайтда хизмат ходимларининг огоҳлантиришларига қарамай гоҳида корхона, ташкилот, муассасаларда ва аҳоли хонадонларида ёнғинлар содир бўлиб турибди. Айниқса, қиш мавсумида ёнғин чиқиш ҳолатлари кўпаяди. Сабаби — одамлар уйини иситиш учун газ ўчоқлари ва электр асбобларидан фойдаланишади.

Афсуски, кўпчилик носоз газ ва электр асбобларини ишлатиши оқибатида ёнғинлар келиб чиқаяпти. Яқинда ёнғин хавфсизлиги ходимлари бир неча корхоналарда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинишини текширишганда қатор камчиликларга дуч келишди. Раҳбарларнинг беэътиборлиги туфайли ташкилотда ёнғин содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланди ва жавобгар шахсларга нисбатан 300 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Бўлимимиз ходимлари   корхона, ташкилотларда бўлиб, кузги-қишки тайёргарлик бўйича 238 та масканни текширувдан ўтказишди. Афсуски, кўп корхона, ташкилотларда ёнғин келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этишга етарлича эътибор берилмаяпти. Оқибатда корхоналарнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгар шахсларига нисбатан 198 та маъмурий баённома тузилиб, 15,4 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича жойларда 27,4 минг нафар фуқаро ва ишчи-хизматчи иштирокида учрашувлар ташкил қилиниб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Ёнғинга қарши чоралар ҳолати қониқарсиз бўлган ташкилотлар бўйича шаҳар ҳокимиятига, шаҳар прокуратурасига 49 та ёзма ахборот ва тақдимномалар киритилган. Шунга қарамай, аҳоли хонадонларида, ташкилот ва корхоналарда жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 34 та ёнғин келиб чиққан. Шунинг 26 таси фуқароларнинг бепарволиги туфайли хонадонларда рўй берган ва оила аъзолари иқтисодий зарар кўрган. Хонадонларда содир бўлаётган ёнғинларнинг асосийси газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш,  болаларнинг гугурт билан ўйнаши ва носоз электр асбобларини ишлатиш туфайли рўй бермоқда. Шундай экан, ҳар биримиз ўз мол-мулкимизни кўз қорачиғидай асрашимиз, доимо ҳушёр бўлишимиз, уйдан чиқаётганда, корхонадан уйга кетаётганда газ ва электр асбобларининг ўчирилганлигини бот-бот кўздан кечирмоғимиз даркор. Ҳушёрлик ҳеч қачон панд бермайди.

А. ИБРАГИМОВ,
Термиз шаҳар ЁХБ инспектори, лейтенант

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Термизда замонавий лаборатория маркази очилди

Вилоятимизда Туркиянинг “Kani-med” компанияси томонидан замонавий лаборатория маркази ишга туширилди. Компаниянинг Термиз шаҳрида марказий офиси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan