Бош саҳифа / Жамият / Қуш уясида кўрганини қилади

Қуш уясида кўрганини қилади

Кимда-ким қизларини яхши тарбиялаб, иймон-эътиқодли, одобли, ҳаёли қилиб камолга етказса, саодатга эришади.
Ҳадиси шарифдан

Тошойна қаршисида ўтирган Нозима ойисининг баланд пошнали туфлисини оёғига илиб олганча ўзига оро берган бўларди. Бўйнига катта опасининг маржонларини ҳам тақишни унутмади. Юз-кўзларини бўяган бўлиб, лабларига ойиси базмларда ишлатадиган энг ёрқин бўёқни қўя бошлади. Шу тобда меҳмонга келган момо 5 ёшли набирасининг бу тақлид ўтиришидан ҳангу манг бўлиб қолди. Момоси билан кўришаётиб, худди катталардек, момоси юзига тегмасдан ҳаводан ўпич жўнатиб қўя қолди. Олдинлари момосини кўрганда чопқиллаб бўйнига осиладиган Нозима бир зумда улғайиб қолганди. Мурғаккина қалбга бунчалик таъсир ўтказган катталардан момо ўпкалади ва барини изига солиш кераклигини дилига тугиб қўйди.

Беш ёшли қизалоқ аслида мультфильм томоша қилиб, ўйинчоқлар ўйнаши, эртаклар эшитиб улғайиши ўрнига ойна қаршисида ўзига оро беришининг асосий сабаби нимада эканини тахмин қилаётгандирсиз. Катталардек бўлишга ҳаракат қилиб, кўриниши, юриш-туришини ўзлаштираётган қизалоқ нега энди ойиси ё опасининг бошқа жиҳатларига эътибор бермади экан-а? Ё оилавий муҳитда намуна бўладиган жиҳат топа олмадими? Сизнинг оилангизда ҳам қизалоқлар вояга етаётган бўлса, ҳеч эътибор берганмисиз, улар тарбиясида кўпроқ кимнинг таъсири сезилади? Ёки бўлмаса, ёшига қараганда катталарга ўхшаш иштиёқи кучли эмасмикан характерида…

Поликлиникада навбат кутиб ўтириб, икки аёлнинг суҳбати эътиборимни торт ди. Аёллардан бири биринчи синфда ўқийдиган қизининг байрами учун сочини салонда турмаклатиб борганига қайнонасидан маломатга қолганини, қайнона келинни юриш-туриши ёқмагани етмагандай энди набирасига ҳам хўжа- йинлик қилаётганини айтар экан, қайнонасини оғзига келган сўзлар билан ҳақоратлар, ўзини жабрдийда қилиб кўрсатарди. Унга жавобан суҳбатдоши ҳам ҳалиги аёлга таскин берган бўлиб, ўзини намуна қилиб кўрсатарди:

— Эътибор берма, ҳаммаси изига тушиб кетади. Бизда ҳам шу аҳвол эди. Энди қайнонам тақдирга тан берган, эрим ҳам индамайди. Чунки 3 та бола билан ажраштириб юборолармиди. Уларни ана шундай қилиб енгиш керак.

Улар ўзларича ҳақ эди. Бу икки онани ер чизиб эшитиб ўтирган 7-8 ёшлардаги бу қизлар қандай хаёлда экан? Бувиси зиқна ва жанжалкаш, онаси эса унга меҳрибон дея ўйлаб туриб, бувисига нисбатан нафрат уйғонмасмикан. Тежамкорлик нималигини билмай, кўнгли тусаганини қилдириб катта бўлаётган бундай қизлар мустақил ҳаётга қадам қўйганида юқоридаги хурмача қилиқлару инжиқликлар билан тинч ҳаёт кечиради деб ким кафолат беради? Онанинг ғийбатларию, оиладаги жанжалларни кўрган қиз ўзининг янги оиласида буни такрорлаши мумкин. Кексалари беҳурмат қилинган хонадонда набиралар уларга қулоқ солармикан.

Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек фарзандига эътибор ўрнига ўзига зеб беришдан ортмайдиган ишбилармон аёлларимизнинг фарзанд лари эртага жамиятда қандай инсон бўлиб етишаркин? Кўпчилик қизлар оилада онасидек кийинишни, пардоз қилишни истайди. Ҳолбуки, ёш жиҳатдан бунга ҳали тайёр бўлишмаса-да. Қизларда яна шундай давр бўладики, ойнаи жаҳон ё интернет орқали телеюлдузлар, эстрада ва кино актрисаларига ўхшашга, уларга тақлид қилишга ҳаракат қилади. Улардек кийинади. Кимни айблаш керак?

Тарбия борасида гап кетар экан, оилада аёлнинг ўрни катта. Фарзандлар тарбияси, хулқи қандай бўлишида онанинг хизмати кўпроқ кўринади. Шундай экан, нега энди биз энг оқила қизларни вояга етказмаслигимиз керак!? Томирларида бизнинг қонимиз жўш уриб, қошу кўзлари худди ўзимизга ўхшаган, 9 ой интиқлик ила кутилган бу мурғак қалбларга нега энди эзгулик уруғларини қадаб, буюк аждодларимизга муносиб, тарбияламаслигимиз керак!? Аслида, фарзанд тарбиясидан-да масъулиятли ва муҳимроқ нарса бормикан ҳаётимизда.

Онасига тақлид қилаётган қизалоқ унинг саришталигига, оқилалигию, зийраклигига тақлид қилсин. Қизингиз телефонга муккасидан кетган онани эмас, китобхон она қиёфасини кўрсин! Ойна қаршисида ўтирганингизни эмас, ошхонада куймаланаётганингизни, болажонларингиз билан вақти келганда ўйнаганингиз, бирор юмушларни биргаликда бажараётганингиз ёдида қолсин. Фарзандингиз учун сиз идеалсиз, шундай экан энг яхши она бўлишга ҳаракат қилинг. Пардоз-андозлар эса қизингиз кўрмаган пайтда бўлгани маъқул. Ана ўшандагина фарзандларимиз биз орзу қилгандек сариштали ва фариштали бўлади..

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan