Бош саҳифа / Жамият / Ҳурватан мени кузатиб, кутган

Ҳурватан мени кузатиб, кутган

Абдуғаффор бобонинг танини иссиқ илитди. Қаҳратон қишнинг изғирин, рутубатли кунлари ортда қолиб, кўкламнинг киши танига хуш ёқувчи офтобига тобланиб ўтирди.

Ҳовлида ўйнаб юрган чевараларининг “Арғамчи, арғамчи” деган қийқириғини эшитди.

— Катта бобо, турналар келяпти!

Бобо қўли билан қуёшни тўсиб, кўкка тикилди, қулоқ тутди. Қани энди кўра олсаю, эшита олса.

— Бобо, ана турналар арғамчи бўлиб учяпти. Қаранг, қаранг!

— Ана, Хўжапирях тоғи томон кетяпти, — чувиллашади болакайлар.

Юз билан юзлашиш арафасида турган нуроний кўкдан турналарни топа олмайди, уларнинг “қур-қур”ини ҳам, афсуски, эшита олмайди. Аммо бу манзараларни ўнбеш-ўнолти ёшларигача завқланиб, томоша қилганлиги учун ҳис қила олади. Бобо Хўжапиря хтоғи томон юзланади. Олисда пурвиқор тоғ оқариб кўринади.

— Бобо, кўрдингизми, улар қаёққа учиб кетишаяпти? — сўрайди жажжи чевараси Азиза.

— Улар Ҳурватан томонга учиб кетишаяпти. Анау тоғлар ортида шундай қишлоқ бор. Биз ўша тоғлар ортидан кўчиб келганмиз, —дейди тетиклик билан чол олис қорли чўққиларга тикилиб.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдуғаффор Абдуллаев баҳорни ҳар йили шундай дадиллик ва интиқлик билан кутиболади. Бироқ ўтган асрнинг, ҳаётнинг оғир суронли йилларида жисман ва руҳан олган жароҳатлари уни ҳамон забт этишга чоғланади. Отахоннинг иродаси метин, таслим бўлмайди.

Бўлганида, тақдирига 16 ёшида ёқ таслим бўлиб қўя қолган, ҳоки Смоленскдан шарқий Германиягача бўлган ҳудудда қолиб кетган бўлармиди?

1943 йил. Март. Тоғлар пинжида жойлашган дўппидеккина Ҳурватан қишлоғи эркакларига яна урушгача қирув қоғози келди. Эр йигитлар аллақачон кетиб бўлган, биридан қорахат келган, бошқаси ногирон бўлиб қайтган, аллакимдан эса хат-хабар йўқ. Қишлоқда кексалар, аёллар ва ёшлар, болалар қолган. Эркаклар йўқ жойда, аёллар эркакка айланади. Қишлоқ хўжалигининг барча оғир юмушлари аёллар гарданига тушганди. Аёлнинг қирқта жонибор, деганибора ўшанда пайдо бўлган бўлса, неажаб. Чақирув хатидан Абдуғаффорнинг яқинлари довдираб қолди. Эндигина ўнбешдан ўнолтига қадам қўйган ўспирин урушга жўнади.

Ҳамма даврларда бўлганикаби, ўша замонларда ҳам ғирромликлар ҳам ўз бўйини кўрсатарди. Кимдир, амалдорлар турфа йўллар билан яқинларига келган урушга чақирувни бошқа кишига ўзгартиришга эришарди. Аллаким, урушда умри нисор кетишидан хавфсираб, жанггоҳ даҳшатидан қочиб, қўрқувдан ўзини ногирон қилиб қўяр, бошқаси, ном-нишонсиз ғойиб бўлиб, “дизертир” деган номоларди. Ёш Абдуғаффорнинг қалбида эса фашистларга нисбатан исён учқуни бор эди. У бу учқунни оловга, алангага айлантирди. Ёвузликка, ноҳақликка, адолатсизликка қарши қўлига қурол тутди.

1943 йил. Декабрь. Тайёргарликдан сўнг 617-полк, 199-тоғли дивизия таркибига бориб қўшилган оддий аскар Абдуғаффор илкбор жангга 28 декабрда Витск учун курашга қўшилди. Бироқ икки кунлик жангдан сўнг, яраланиб, ҳарбий госпиталга тушди. Ўзи билан борган, қурол тутишни ҳам тузук ўрганиб-улгурмаган юзлаб ватандошлари қонли жангоҳда бир кунда баргдек узилиб қолди.

Уни жангдан олган сабоқ тоблади. Бир ойдан сўнг, тузалиб яна уруш майдонларига кирди. Смоленск, Могилёвск, Днепр бўйлари учун аёвсиз жангларга киришди. 1944 йилнинг 7 июнида Минскни озод қилиш учун бир ойдан ортиқ давом этган жангларда қон кечди. Калининград, Рига, Дунай ва Висла дарёлари бўйларида уруш олови ичида яшаб, сўнгра душман ортидан Германия тупроғига ҳам қадам қўйди. Немислар юртига кирганларидан сўнг, Берлинсари 185 километр масофа ҳудуд забт этилганда, Абдуғаффор Абдуллаев қаттиқ яраланиб, фронт ортига қайтарилди ва Вильнюсда даволанди. Бу пайтда уруш охирлаб қолганди. У Ўзбекистонга қайтди. Нафақат, қонли жанггоҳлар, балки фронт орти ҳам тирикчилик учун жанг майдони эди. Урушнинг оғир оқибатлари бутун мамлакатни, хусусан, саноқли хонадон яшовчи Ҳурватан қишлоғидаги ҳаётни ҳам издан чиқарган эди. Одамлар яшаб қолиш учун кун кўришарди. Қишлоқдан урушга кетган 67 кишидан 27 тасигина қайтди, қайтганда ҳам қалби ва жисми қаттиқ яраланиб қайтди. Ҳурватан аҳли қашшоқлиқ туфайли турли жойлардан ризқ излаб тарқаб кетди. Абдуғаффор Абдуллаев ҳам янгиерларни ўзлаштириш мақсади билан Шаҳриобод қишлоғи ҳудудига кўчиб келди. Аҳоли янги манзилгоҳ бунёд этди.

Бир асрни қаритган, уруш даҳшатларини кўрган-кечирган Абдуғаффор бобонинг баъзида кўнгли ранжийди.

—Оқибат, орият, камёблигидан кўнглим хижилда, —дейди отахон, яна хотираларга берилиб кетади. — Бу кунларбир жаннат. Унинг қадрини билиш, англаш керак. Ношукурлик эса одамзотни жаҳаннамга тортади.

Бобоюз ёш остонасида ҳам кучли хотирага эга. Гап-сўзида адашмайди.

— 1953 йилда Сталин пошшо вафот этганида, Термизда техникумда ўқирдим, — дейди Абдуғаффор ота. — Халқунгашу қадар боғланган эканки, ҳаёт у билан тугайдигандек эди гўё. Ҳаёт тинимсиз давом этаяпти. Болам, ҳаётдан англаганим шуки, дунёда ҳечким устун эмас ва бўлолмайди ҳам.

Уурушда бўлиб, дунёдаги жаҳолатни биргина маърифат нури билан енгиш мумкинлигини англаб етди. Урушдан қайтиб, техникум, кадрлар тайёрлаш мактаби, олийгоҳда таҳсил олди. Сариосиё қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшди. Ҳурватан кенгликларида гектарлаб боғу-роғлар барпо этди. Бу боғлар бугун серҳосил, гуллаб-яшнамоқда. Ўн фарзандни вояга етказиб, олий маълумотли қилди. Бугун 147 та набиранинг севимли бобоси. “Жасорат”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати” каби орден ва медалларга сазовор бўлди.

— Ҳар йили байрам арафасидагина йўқлаб келишарди. Қўлимга пул тутқазишарди. Менга энди моддий дунёнима керак, охиратим муҳим дердим. Бу йиллар эса ўзгача. Йил давомида каттаю кичик, амал эгаси ҳам, маҳалла кишиси ҳам, оқ халатли ҳушрўй дўхтир қизларим ҳам эшик қоқиб, ҳол сўраб келади, меҳр улашади. Эътибор ва ғамхўрлик кўрсатади, — дейди бобо хушнудлик билан. — Кўряпсизми, анов тоғлар бағридаги Ҳурватан қишлоғи мени ҳар доим борар жойларимга кузатиб, кутган. Ўша Ҳурватан келгусида ҳам мени кутиб, сўнгги манзилимга ҳам кузатиб қўйишидан шодман.

Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ғолиблик кубоги ва миллионлар кимларга насиб этди?

Ватанимиз мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланиши тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилади. Бунинг учун эса ҳуқуқ-тартибот …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan