Бош саҳифа / Жамият / “Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси”

“Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси”

Светлана Алексиевичнинг шу номли китобини ўқиб чиқдим. Уни ҳамюртимиз, иқтидорли ёш таржимон Феруза Мусаева содда, ўзбекона лутф билан таржима қилганидан бениҳоя мамнун бўлдим.

2014 йилда машҳур Белорус ёзувчиси, публицист адиба Светлана Алексиевич адабиёт соҳасида шу китоби учун халқаро Нобел мукофотига сазовор бўлган эди.

Китобдаги қаҳрамонлар кечинмалари маълум бир воқеа асосига қурилмаган. Воқеалар асосан, суҳбат, савол-жавоб тариқасида жонланган. Ёзувчи бу асарида ўзи суҳбатда бўлган 500 нафардан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари — аёлларнинг қалб кечинмаларини баён этган. Уларнинг ичида оддий пиёда аскардан тортиб, унвони баланд аёл ҳарбий хизматчиларнинг эсдаликларигача бор.

Бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон уруши тарихи ҳақида кўп ва хўп эшитганмиз. Бу уруш нафақат Европа халқлари, балки, ўзбек халқи бошига ҳам не-не азоб-уқубат, кулфат, айрилиқ ва жудоликларни солганидан воқифмиз. Унинг аянчли оқибатларини катта авлод вакиллари асло ёдларидан чиқаришмайди. Светлана Алексиевичнинг “Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси” китоби саҳифаларида урушда қатнашган аёл қалбининг гўзаллиги ажойиб сатрларда ифодаланган. Исми, насаби, манзили аниқ бўлган қаҳрамонларнинг ҳар қандай урушга қарши овозлари, изтиробли кечинмалари, айниқса, ўқотар мерган аёл тилидан таъсирли ҳикоя қилинади. 20 ёшли қизнинг тим қора қўнғироқдек соч- лари уруш туфайли оқариб кетганди.

Ҳарбий госпиталдаги жарроҳ аёл ҳикояси эса ниҳоятда мунгли. Оғир жангда қаттиқ яраланган беҳуш аскарнинг икки оёғи тиззасидан баландроқ жойидан кесиб ташланган пайтида “дунёда унинг ана шу икки оёғидан оғирроқ нарса йўқ эканлиги” баён этилади.

500 нафардан зиёд жангчи аёллардан олинган суҳбатлар асосида ёзилган китобнинг ҳар бир бўлими қизиқарли. Шунингдек, уруш иши эркаклар иши эканлиги, аммо зарурият туғилганда аёл зоти ҳам асло қараб тура олмаслиги воқеаларда ўз аксини топган. Моҳир адиба Светлана Алексиевичнинг “Урушнинг аёлдан йироқ қиёфаси” китоби жаҳон адабиётининг сара дурдонаси эканлигига китоб мутолаасидан сўнг амин бўласиз.

Сафарали ЭШМИРЗАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE