Бош саҳифа / Жамият / Уруш номинг ўчсин жаҳонда…

Уруш номинг ўчсин жаҳонда…

Тарих бошига тушган фожиаларнинг энг қаттоли ХХ асрнинг 30-йилларида бутун жаҳонга ҳукмронлик қилмоқчи бўлган фашистларнинг инсоният бошига келтирган аянчли фожиаси эди.

Гарчанд бу ўта машъум урушда душманлар мақсадга эриша олмаган бўлсаларда, бутун инсониятниниг қалбига битмас жароҳат солиб кетди. Немис фашистлари 1939 йилда Иккинчи жаҳон урушини бошлаган бўлсалар, 1941 йилнинг 22 июнида эса собиқ Совет иттифоқига чанг солди.

Бутун миллат бошига тушган бу офат ўзбекистонликлар хонадонига ҳам кулфат, ғам ва айрилиқ келтирди. Ҳали ҳануз халқимиз, кекса авлод вакиллари уруш даҳшатларини унутгани йўқ. Профессор Ҳамид Зиёев келтирган манбаларга кўра, уруш йиллари мамлакатимиз аҳолиси фронтга отланган жангчиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб қувватлаб, иссиқ кийим, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берган. Жанг майдонларида аскарларни руҳан қўллаб-қувватлаган, труппалар орасида санъаткорларимиз чиқишларини алоҳида ёдга оламиз.
Биргина Сурхондарё вилоятидан 1942 йилнинг кузида 5998 бош қорамол, 18 тонна асал, 28 тонна ёғ, 31 тонна қуруқ мева, 1943 йили эса фронт эҳтиёжлари учун 14 миллион сўм нақд пул, 330 тонна гўшт ва ёғ, 530 тонна буғдой, 180 тонна қуруқ мева, 33168 дона тери жўнатилган.

Урушнинг тўрт йили давомида Ўзбекистон давлатга 4 806 000 тонна пахта, 54067 тонна пилла, кўплаб тонна ғалла, 195 000 тонна шоли, 108 000 тонна картошка, 374 000 тонна сабзавот ва ҳўл мева, 35289 тонна қуруқ мева, 57444 тонна узум, 1 593 000 тонна гўшт, 5 286 000 дона тери топширгани маълум. Улар ҳам мудофаа эҳтиёжларига сарфланган, албатта. Бундан ташқари, уруш йилларида Ўзбекистон аҳолиси мудофаа жамғармасига жами 649 900 000 сўм нақд пул ўтказиб берган.

Ўзбек халқи ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ҳам катта ёрдам берган. Чунончи, 1943 йили уларга 13 858 500 сўм пул, 20750 та кийим-бош, 40 000 кубометр ёқилғи, 73 500 пуд ғалла, 10 000 бош қўй, 2000 бош қорамол топширилган, 350 та уй қуриб берилган. Шунингдек, ўзбек халқи Россия, Украина, Белоруссия, Молдавия ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган ўн минглаб кишиларга бошпана бериб, меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатди. Жанг бўлаётган ҳудудлардан кўчирилган бир миллион эркагу хотин ва бола бошпана, кийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминланди, 200 минг етим боланинг талай қисмини ўзбек оилалари ўз қарамоғларига олдилар.

Озод қилинган жойларга Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари 50 минг бош қўй ва 190 минг бош қорамол юборган. Шунингдек, немис-фашистларидан тозаланган республика ва вилоятларга 1944 йили 100 000 китоб совға қилинган эди

1943-1944 йилларда озод қилинган ерларга Ўзбекистондан 13 000 дан ортиқ темирйўл мутахассиси, ҳунар билим юртларидан 15 000 ёш йигит собиқ Ленинград, Киев ва Дунайга йўл олди. Ўзбек хал қининг озод қилинган жойларга кўрсатган ёрдами аслида сероб,— деб ёзади профессор Ҳамид Зиёев.

Бу тарих саҳифалари қанчалик аянчли бўлмасин, унда халқимизнинг садоқат ва меҳру оқибат тимсолини яққол кўрамиз. Энг ачинарлиси малакатимиздан машъум уруш майдонларига ўн минглаб эндигина 14-15 ёшли йигитлар юборилди. Улар Украина, Белоруссия, Москва, Сталинград, Кавказ, Қрим, Курск, Днепр, Марказий ва Жануби-шарқий Европадаги жангларда қатнашиб, Берлингача бордилар. Шунингдек, Япония билан урушда иштирок этдилар, партизан урушларида мардонавор курашдилар. Улардан бир неча юз минг киши ҳалок бўлди ва жароҳатланди.

Ушбу жангларда 27 000 000 кишининг ёстиғи қуриган, бошқа талофатларни ҳам қўшганда 30 000 000 киши нобуд бўлган. Минглаб аёллар бева ва болалар етим бўлиб қолди. Ота-оналар фарзандлари доғида қайғу-аламда қолди. Уруш келтирган мусибат ва талофатдан қашшоқлик, очарчилик халқимиз бошига мусибат келтирди. Айниқса норасида болалар аёвсиз уруш талофатининг қурбони бўлишганини профессор Ҳамид Зиёев алоҳида таъкидлаб ўтган.

“Бироқ шўро давлатининг эътиборсизлиги туфайли уруш вақтида орттирилган қийинчилик ва азоб-уқубатлар тамомила бартараф қилинмади. Айниқса, уруш ногиронларининг қадр-қиммати ўрнига қўйилмай, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилди.” деб ёзади профессор.

Минг афсуски, жанг майдонининг азоб уқибати қалбини жароҳатлаган ватандошларимизнинг кўпчилиги бугунги дориломон кунларни кўрмади. Аммо бизларга осойишта кунларни тортиқ қилишда жонини фидо қилганини барчамиз дил-дилдан ҳис қиламиз.
—Уруш. Номинг ўчсин илоҳим, акамдан қора хат олганим кечагидай ёдимда. Ҳали ҳануз акажонимнинг йўлларига кўз тикаман. Худди кеча кетгандай. Бу фаровон кунларни кўрмай кетди,—дейди кўзларида ёш қалқиган, сариосиёлик Марғуба момо.

Давлатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов асос солган мустақилликмиз инсон қадр-қимматини ниҳоятда улуғлади. Ёшларимизга ибрат намунаси сифатида жанггоҳларда мардоновар курашган қаҳрамон юртдошларимиз “Хотира” китобидан жой олди. Улар шарафига ястанган, сўлим гўшага айланган Хотира майдонларида номлари зарҳал битиклар билан мангу муҳрланди.

Куни-кеча мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Хотира кунини энг муҳим саналардан бири эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Чунки аждодлар хотираси муқаддас. Унда миллат шаъни, ифтихори, ғурури ва нурафшон келажаги мужассам. Сўнгсиз хотирада мужассам бўлган ибратли манзиллар бизларни янада бахтиёр яшашга ундайверади.

Ўйлайманки, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари келтирган даҳшатли оқибатлар, умуман уруш фожиаси ҳақидаги мулоҳазаларимиз ҳозирги авлодлар учун фойдадан холи бўлмайди. Зеро, улар билан танишган ҳар бир шахс бугун озод юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликнинг қадрини чин юракдан ҳис этади.
Нима бўлганда ҳам, қандай суратда бўлмасин Марғуба момо титраб айтганидек, уруш номи ўчсин жаҳонда!

Маҳмуд АЛИЁР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Вақтимни ўғирламанг “автобуслар!”

Эрталабдан кўпчилик одамлар кўчага шошилади. Кимдир ишга, кимдир ўқишга, яна биров эса боғчага ошиқади. Аксарият …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan