Бош саҳифа / Жамият / Уруш фахрийсининг дил сўзлари

Уруш фахрийсининг дил сўзлари

Ҳа, Ватанга садоқат, душманга бўлган чексиз нафрат ва ўз эрки учун кураш ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган азалий одатдир. Тўмарису Широқлар, Кубро-ю Мангубердилар, Амир Темур-у Бобурдек буюк ватанпарвар аждодларни етказган замин бу.

Юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” ҳар йили умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Ана шу байрам муносабати билан Бойсун туманидаги 46-мактабда етакчи ўқитувчилардан бири, чақирувга қадар бошлан ғич тайёргарлик раҳбари, истеъфодаги капитан Чори Бердиев ҳарбий соҳага йўналтирилган фан ойлигини самарали ташкил этмоқда. Ўқитувчи фан ойлигини режа асосида босқичма-босқич давом эттириб, “Эъзоз”, “У авлод”, “Устоз — шогирд”, “Армия мустақиллигимиз ва эркинлигимиз кафолатидир” шиори остида учрашувлар, ҳарбий юриш ва машқлар ҳамда ҳарбий спорт мусобақаларини ташкил қилди.

Ушбу фан ойлигининг илк босқичлариданоқ мактабда уруш ва меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари ва фахрий педагоглар таклиф қилиниб, унда кексаларимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, истиқлолга осонликча эришилмагани, бугун шукрона қилиб яшашимиз кераклиги ҳақидаги ўгитлари ўқувчиларда қизиқиш уйғотди. Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 100 ёшни қаршилаётган Муҳаммади бобо Олимов сўзга чиқиб, урушнинг келтирган аянчли оқибатлари, не-не қуролдош дўстлари, ҳамқишлоқлари, бир сўз билан айтганда ватандошларининг хоки-пойи ўзга юртларда қолиб кетганини ўксиниб гапирар экан, энг буюк неъмат — тинчлик ва эркинлик эканлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда кекса авлод вакилларининг ибратли ҳикоялари, хотираларини тинглагач, ўқувчилар ўзларининг она-Ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқларини намойиш этдилар.

Ўқитувчи Ч. Бердиев ўзининг кўп йиллик самарали тажрибасидан келиб чиқиб, бундай учрашувлардан кўзланган мақсад: ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида, мард ва жасур, ҳалол ва ростгўй қилиб тарбиялаш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топган инсонлар ўгитидан баҳраманд қилишдир, дея таъкидлади.

Жўрабек ОЛИМОВ,

Бойсун туманидаги 46-умумтаълим

мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan