Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Уруғчиликка эътибор…

Уруғчиликка эътибор…

Халқимизнинг асосий бойликларидан бири пахта. Дон маҳсулотлари ўзбек элининг ризқу насибаси бўлса, пахта миллий ифтихорига айланган. Мустақиллик йилларида пахта ва бошоқли дон экинларининг янги навларини яратиш, улардан сифатли ҳосил олиш борасида анча ишлар амалга оширилди. Аммо қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, шунингдек, нав ва уруғлик назорати замон талабига жавоб бермай қўйди.

Бундан ташқари, бирламчи уруғчилик, янги истиқболли навларни синаш билан шуғулланувчи элита-уруғчилик хўжаликлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ташкил этиш, уларни ягона тизимга келтириш масалалари ҳал этилмай келинди.

Заҳматкаш олимларимиз томонидан яратилаётган турли навдаги уруғлар ва уларнинг репродукцияларини алоҳида жамлаш, сақлаш ва қайта ишлаш технологияларига риоя этиш устидан назорат қилиш тизими ўрнатилмади. Экиладиган уруғлар устидан назоратнинг сустлиги ўз навбатида ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатининг пасайишига олиб келди.

Бундан ташқари, ҳуқуқий тартибга солишнинг самарасиз тизими қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг экспортини амалга оширишга имкон бермади. Селекция ишларининг сустлиги, бирламчи уруғчиликнинг етарли даражада бўлмаганлиги ва турли салбий тўсиқларнинг мавжудлиги соҳада импорт ҳажмининг ортишига сабаб бўлди.

Уруғчилик соҳасини тубдан такомиллаштириш мақсадида 2018 йилнинг 27 апрелида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2018 йил 1 сентябрдан битта вилоятда ўнтадан кўп, битта туманда бештадан кўп бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини, битта вилоятда бештадан кўп, битта туманда иккитадан кўп ғўзанинг районлаштирилган навларини жойлаштиришга йўл қўйилмайдиган бўлинди.

Эндиликда бошоқли дон маҳсулотлари ва ғўза навларини синовдан ўтказиш муддати икки йил, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш муддати бир йил қилиб белгиланди. Бундан кейин бошоқли дон маҳсулотлари ва ғўза уруғларини экспорт қилиш Республика Қишлоқ хўжалиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликларининг хулосаси ва қарорига асосан амалга оширилади. Бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг уруғларини экспорт қилиш учун махсус рухсатнома талаб қилинмайди.

Республика Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги «Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, ғўза уруғчилиги республика маркази ва бошоқли дон экинлари уруғчилиги республика маркази негизида Республика Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилди. Марказ қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, ғўза ва бошоқли дон экинларининг уруғларини тайёрлаш, улардан амалда кенг фойдаланиш ва экспорт қилишнинг зомонавий тизимини йўлга қўяди.

Бугунги кунда ихтисослашган корхона ва цехларда уруғлик чигит тайёрлаш ишлари қизғин олиб борилмокда. Замонавий уруғлик чигит цехларида биринчи ва иккинчи босқич ишларини чигит саралаш агрегатлари ва Юбус элаги амалга оширади. Испаниядан келтирилган Юбус элагининг асосий вазифаси уруғлик чигитни элаш йўли билан ифлосликдан тозалайди. У чигитнинг атрофидаги гардларни ушлаб қолади ва катта-кичиклигига қараб саралайди. Цех ишга туширилгач, уруғлик чигитнинг сифати яхшиланди, ҳар гектар ерга 60-65 килограмм ўрнига 45-50 килограммдан уруғлик чигит экиш имконияти туғилди. Бу пахта етиштирувчи фермерлар ва кластерларга катта иқтисодий фойда келтиради.

Туксиз уруғлик чигит тайёрлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Қумқўрғон туманидаги «Олтин чигит» Ўзбек-Юнон қўшма корхонасида чигитни кислотали муҳитда туксизлантириш, барча турдаги касаллик ва зараркунандаларга қарши ҳамда ўсиш ва ривожланишни бошқарувчи воситалар билан дорилаш ёки капсулалаш жараёнлари фақат компьютерда амалга оширилмокда. Корхонада уруғлик чигит аввало кислотали муҳитда туксизлантирилиб, сўнгра термик ишлов берилади. Натижада унинг униб чиқиш қуввати ва касалликка чидамлилиги ортади. «Олтин чигит» даги технологик жараёнда уруғлар узунлиги, йўғонлиги, эни, ҳажми ва оғирлиги бўйича икки марта сараланади. Жорий йилда қўшма корхона томонидан тайёрланаётган туксиз уруғлик чигит кенг майдонларда экишга мўлжалланмоқда.

Хайробод, Жарқўрғон ва Ангор пахта тозалаш корхоналари қошидаги уруғчилик цехларида 2019 йил ҳосили учун тайёрланаётган уруғлик чигит сараланиб олингач, П-4, Бронопол, Долброн ва бошқа кимёвий препаратлар билан ишлов берилмоқда.

Жуманазар АХМАДОВ,
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги
«Уруғчиликни ривожлантириш» ДУК бош мутахассиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёш олимнинг янги нави

Ангор туманининг Карвон маҳалласида вояга етган Бахтиёр Амонов ёшликдан илмга қизиқди, олим бўлишни ният қилди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan