Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Уруғликни сифатли тайёрласангиз…

Уруғликни сифатли тайёрласангиз…

Вилоятдаги фермер хўжаликларининг 74078 гектар майдонига 2019 йил пахта ҳосили учун чигит экишнинг дастлабки режаси ишлаб чиқилди. Шунга биноан, 7000 тонна уруғлик пахтани тозалаш, саралаш, 5500 тонна уруғлик чигитни касалликлар ва зараркундаларга қарши дорилаш кўзда тутилган.
Шунингдек, минг тонна уруғлик чигит кимёвий усулда туксизлантирилиб, дориланиб 30 минг гектар майдонга экиш белгиланди.

Шунингдек, минг тонна уруғлик чигит кимёвий усулда туксизлантирилиб, дориланиб 30 минг гектар майдонга экиш белгиланди.

Уруғлик чигитни экиш билан бирга ундан соғлом кўчат олиш кўп жиҳатдан уруғлик чигитни қай даражада экишга тайёрлашга боғлиқ. Уруғлик чигит заҳарли дорилар билан ишлов берилмасдан экилганда ҳосилдорлик гектарига 6-8 центнергача камайиши аниқланган.

Чунки кейинги йилларда вилоятимизнинг шимолий ҳудудларида ғўза вилт (сўлиш) касаллиги, макроспориоз, ёш ниҳоллар эса илдиз чириш (ризоктания), шунингдек, гаммоз касалликлари билан зарарланмоқда. Бундан ташқари, ғўза ўсиш — ривожланиш даврида трипс, шира зиён келтираяпти. Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Термиз ва Ангор туманларида 2000-2003 йилларда ўтказилган дала тажрибаларида уруғлик чигитни экишдан олдин “Гаучо” ва “Ортен” кимёвий препаратлари билан ишлов бериб экилганда назоратга нисбатан 80-90 фоиз ўсимлик бу ҳашаротлар билан кам зарарлангани ва ҳосилдорлик гектарига 3-4 цент нерга ошганлиги кузатилган.

Ангор, Хайробод ва Жарқўрғон пахта тозалаш корхоналари қошидаги ихтисослаштирилган уруғлик дорилаш цехларида ва “Олтин-чигит” қўшма корхонасида уруғлик чигитни экиш олдидан дорилаш амалга оширилади. Республика давлат кимё комиссиясида синовдан ўтказилган ва ишлаб чиқаришга тавсия этилган 65 фоизли П-4 дорилагичи 1 тонна чигитга 4 литр, 12 фоизли Далброн кукун 1 тонна чигитга 6-7 килограмм миқдорида ишлатилади.

Шунингдек, уруғлик чигитни эрта муддатларда экиш учун капсуллаш мақсадида ЎзХИТАН препаратининг 20 литрини 1 тонна чигитга, шира ва трипсга қарши 70 фоизли Далучони 1 тонна чигитга 5 килограмм, Крузер экстра дориворини 1 тонна чигитга 3 килограмм, 75 фоизли Ортенни 1 тонна чигитга 4 килограмм қўшиб дорилаш катта самара беради. Шунингдек, уруғлик чигитни дорилаш жараёнида ғўзанинг ўсишини таъминловчи Фитовакснинг 0,5 литрини бир тонна, фузариоз вилтига қарши Спорагенни бир тонна чигитга 2 литрини қўшиб ишлатиш фойдали.

Уруғлик чигитни дорилаш вақтида O’zDst 663:2017 талабларига мос равишда уруғлик чигитнинг унувчанлиги, намлиги, ифлослиги, туклилиги, механик шикастланиши ва қолдиқли толадорлиги каби сифат кўрсаткичларига тўлиқ амал қилиш бўйича корхона масъулларининг жавобгарлиги оширилди.

Уруғлик чигитни тозалаш жараёнида мутахассислар томонидан ҳар икки соатда белгиланган тартибда намуналар олиниб, механик шикастланиш аниқланиши ва технологик жараёнлар меъёрдаги шикастланиш даражасигача созланганлигини текшириб туриш, шунингдек, дорилаш вақтида уруғлик чигит намлигини аниқлаб, меъёр даражасида намланишини тартибга солиш ва жараённи махсус журналларга қайд этиб бориш белгиланган. Шу нуқтаи назардан уруғлик чигитни омборлардан дорилаш цехига ташиш вақтида транспортларга юклаш ва туширишда қўшимча механик шикастланиш олдини олишнинг барча чоралари кўрилиши талаб этилади.

Айтиш керакки, дорилаш цехида меъёрдаги ишчи эритмани тайёрлашда сув ҳарорати 30-35 даражадан ошмаслиги ва кимёвий препаратларнинг яхши эришига эришиш лозим. Бунда дориланган уруғлик чигитнинг сифатини аниқлаш мақсадида эталон (меъёрда, меъёрдан кам, меъёрдан кўп) бўлиши ва унга қатъий амал қилиш белгиланган. Бир тонна тукли уруғлик чигитни дорилашда ишчи эритма сарфи 25-30 литрдан ошмаслиги лозим. Уруғлик чигит усти ёпиқ зарарсизлантирилган омборларда, тагига ёғоч тагликлар (поддон) қўйилган ва уруғлик чигит жойланган қопларнинг баландлиги 3 метрдан ошмаган ҳолда сақланиши керак. Имкони борича қоплар устини бризент билан ўраган маъқул. Ҳар бир тўдадаги чигит миқдори 25 тоннадан ошмаслиги паспорт карточкаларида бўлиши шарт. Бир сўз билан айтганда уруғлик чигит дорилангандан кейин O’zDst 663:2017 талаблари бўйича сақланиши шарт.

Вилоятда 2019 йил ҳосили учун тайёрланадиган уруғлик чигитни тозалашни 25 январгача, туксизлантириш ва дорилашни 10 февралгача тўлиқ якунлаш талаб этилади.

А. ДАНИЯРОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan