Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Уруғликка кредит ажратилса…

Уруғликка кредит ажратилса…

Қишлоқ аҳлининг асосий даромад манбаи томорқа. Ҳукуматимиз аҳоли зиммасига томорқа ер участкаларидан янада самаралироқ фойдаланиш, ҳар хил зироатлар экиб, биринчи галда оила фаровонлигини таъминлаш ва бозорларимизда тўкин-сочинликка улуш қўшиш вазифасини қўймоқда. Имкони бор  кишилар томорқа ерларида турфа зироатлар ўстиришаяпти, иссиқхона барпо этиб, эртачи помидор, бодринг, лимон етиштиришмоқда. Аммо ҳамманинг ҳам иссиқхона қуришга қурби етмайди.

Аёнки, май ойидан бери бозорларда рўзғорга кунлик зарур ва аҳолининг  асосий истеъмол қиладиган маҳсулоти — картошка, пиёз нархи тушмаяпти. Айниқса, бу йил картошка пишган май-июнь ойларида ҳам нархи пасаймади. Сабаби — уруғлик картошканинг нархи қимматлиги туфайли ҳамма ҳам томорқасига эколмади. Охир-оқибатда картошка камлиги учун нархи баландлади.

Келгуси йил ҳам картошканинг нархи пасаймайдигандай. Нега? Ҳозир бозорларда  самарқандлик тадбиркорлар сотаётган уруғлик картошканинг баҳоси 5-6 минг сўмга чиқди. Ҳамма ҳам ундай нарх- даги картошка олиб, томор- қасига эколмайди. Чунки ҳамма оилаларнинг уруғлик сотиб олишга қурби, имкони йўқ. Тасаввур қилинг, 10 сотихли томорқага экиш учун камида 300 килограмм уруғлик керак. Ўша 300 килограмм уруғликнинг 1,5 миллион сўми бировда бор, бошқада йўқ. Беш бармоқ баробар эмас.

Сурхондарё шароитида то февралгача томорқага картошка экиш мумкин. Табиийки, аҳолини уруғлик картошка билан таъминлашни ҳеч бир ташкилот зиммасига олмай қўйган. Боз устига вилоятда уруғлик картошка тайёрлаш ва аҳолига етказиб бериш билан шуғулланадиган ташкилотнинг ўзи йўқ. Фақат бозордан, самарқандлик картошкафурушлардан уруғликни олиш мумкин.

Такрор бўлса ҳам айтиш керак, барча оилаларнинг имконияти бир хил эмас. Томорқангни бўш қолдирма, деган талабнинг қўйилгани яхши. Лекин шароит ҳам, имкон ҳам бўлиши керак-да. Шунинг учун бир таклиф бор. Вилоят ва туманларда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари ходимлари аҳоли эҳтиёжини ўрганиб, ҳар  бир  оилага  паст фоизли камида 1-1,5 миллион сўмдан мини кредитлар ажратса. Бу маблағга аҳоли уруғлик харид қилиб, томорқасига картошка экса ва ҳосил етилгач, сотиб узоғи билан июль ойида банкка  кредитни қайтариш шарти қўйилса. Бундан ҳам аҳоли манфаатдор бўлади, ҳам томорқалар бўш қолмайди, ҳам бозорларнинг расталарида картошка кўпаяди. Қайси маҳсулот кўпайса, нархи арзонлашиши ҳаммага аён.

Аҳолини уруғлик харид қилишга маблағ билан таъминлашнинг  бошқа чораси ҳам бор. Аёнки, бугун вилоятда агрофирмалар кўпайган. Бу ташкилотлар аҳолидан ва фермер хўжаликларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилиб, хорижга экспортга чиқаришаяпти ва эвазига чет эл валютасини ҳисобларига кирим қилишаяпти. Бундай экспортёр агрофирмалар, менимча, вилоятда ўндан зиёд. Ёзу кузда деҳқонлардан маҳсулот харид қилаётган ана шу экспортчи ташкилотлар даромадларидан томорқадорларга келгусида маҳсулотини олиш шарти билан  1-1,5 миллион сўмдан тарқатсалар, эҳтиёжманд кишилар уруғлик харид қилиб, томорқаларига картошка экса, халқимизнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқроқ қондириларди.

М. ЭШМАМАТОВ,
Қизириқ тумани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE