Бош саҳифа / Жамият / Уруғлик етиштириш машаққати

Уруғлик етиштириш машаққати

Уруғчилик, яъни уруғ етиштириш қанчалик машаққатли бўлмасин, шу қадар масъулиятли ҳамдир. Чунки соҳа мутахассиси етиштирган уруғликни деҳқон даласига, томорқадор томорқасига яхши ҳосил олайин,  деган улуғ ниятлару не бир умидлар билан қадайди.

Биринчидан, харидор уруғни пулга сотиб олади, иккинчидан, машаққатлар билан ағдариб, текислаган ерига экади. Ернинг умрини беҳуда ўтказмаслик учун меҳнат қилади. Агар уруғ сифатли, мағзи тўқ бўлса-ку, униб чиқади, деҳқонни шодлантиради, кутилган ҳосилни бериб, меҳнат қилган кишини қувонтиради.

Узун туманидаги “Осиё олтин уруғ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғулом  Усмонов вилоятимизда қишлоқ хўжалик экинлари уруғчилик селекциясини ташкил этган тадбиркорлардан бири. У анча вақтдан бери сабзавот ва полиз экинлари уруғини етиштириш билан шуғулланиб келаётир. У етакчилигидаги корхона республикадаги уруғчилик институтлари, ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилотларининг савдо ва синов ҳамкори ҳисобланиб, Узун, Денов, Жарқўрғон туманлари деҳ- қонлари билан биргаликда ҳар хил сабзавот экинларини экиб, синовдан ўтказишаяпти. Корхона учун ажратилган 5 гектар майдонга Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда ҳар хил   зироатларни уруғлик учун ўстирмоқда. Жумладан, жамоа сабзининг “Фаровон”, шолғомнинг “Лола”, бақлажоннинг “Сурхон гўзали”, петрушканинг “Нилуфар”, ширинқалампирнинг “Наргиза”, шивитнинг “Ором” навларини ўстириб, уруғини тайёрлаш билан машғул.

Айни пайтда корхона жамоаси хориждан келтирилаётган юқори ва сифатли ҳосил берадиган сабзавот экинларини маҳаллийлаштириш ва сифатли уруғ етиштириш амалиёти бўйича ҳам кенг кўламли ишларни бажармоқда. Хусусан, бу йил хориждан келтирилган помидорнинг “Рио-гранде”, пиёзнинг “Банко”, “Манас” навлари уруғларини экиб, сифатли уруғ олишга ҳаракат қилишди. Ушбу навларнинг уруғини эккан деҳқонлар ҳар гектар майдондан 60-70 центнердан ҳосил олишаяпти. Энг муҳими, еримизда етиштирилган зироатларнинг уруғлари талабгор деҳқонларга хорижникига нисбатан анча арзонга тушмоқда.

Тажрибали уруғчи тез-тез хориж давлатларида бўлади ва ўша жойларда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинларини етиштириш тажрибасини ўрганиб қайтаётир. Хорижликлар тажрибасини, мўл ҳосил олиш сирларини семинарларда деҳқонларга обдон тарғибот қилаяпти.

Ҳозирда Ғ. Усмонов бошлиқ жамоа уруғчилари кўкатнинг “Айсберг салати”, “Руколла” каби навларини кенг майдонларда экиб, уруғ олиш ҳамда саримсоқпиёз уруғини кўпайтириш йўлида изланишларни давом эттиришаяпти. Аҳолини ва фермер хўжаликларини сара сабзавот уруғлари билан таъминлашни ният қилган ишбилармонлар оқбош карамнинг 24 хил, саримсоқпиёзнинг 2 хил, пиёзнинг 8 хил навлари уруғларини кўпайтириш учун бор тажриба ва маҳоратларини ишга солишаётир.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE