Бош саҳифа / Жамият / Ҳуррият шарофати

Ҳуррият шарофати

Мустақиллик — улуғ неъмат. Йигирма олти йил, яъни 312 ой, 9 490 кундан бери юртимизда ҳурлик, эркинлик байроғи ҳилпирайди. Дастурхонларимиз ноз-неъматларга тўла, арзончилик. Баъзилар “аввал арзончилик  бўлган эди”, деб бот-бот такрорлайдиган 30 йил илгариги  ҳолатни бир кўз олдингизга келтиринг. Дўконларда шакар, турфа карамель, печенье, шоколад бўлардию, аммо ҳамма оилаларнинг ҳам уларни харид қилишга қурби етмасди. Тўй қиладиган киши дастурхонга печак, новвой кулча, оқ қанд, печенье қўярди. Бугун оддий Ишчи ҳам ҳашаматли тўйхонада камида 300 нафар одамга  дастурхон ёзаяпти.

Бирор манзилга бориш ниятида кўчага чиқсак, йўналиш бўйича қатновчи автобусни соатлаб кутардик ва тирбанд автобус салонида манзил охиригача тик  туриб кетишга мажбур эдик. Кечки соат олтидан кейин автобус тугул, ҳатто такси ҳам қатнамасди. Ўз вақтида ишдан чиқмасангиз автобусга  улгуролмай яёв кетишга мажбур бўлардингиз. Катта бир қишлоқда нари борса бир-икки оиланинг енгил автомашинаси бўларди. Уни ҳам ижроқўмнинг фармойиши билан ойлаб кутиб олардингиз. Агар бирор киши “Газ-24” автомашинасини харид қилса-ку, ойлаб сўроқ берарди. Мустақилликдан ўргилай, бугун мамлакатимизда бир эмас, учта авто заводда турфа русумдаги енгил ва юк автомашиналари ишлаб чиқарилаяпти. Шу боис, ҳар бир хонадонда қўша-қўша машина. Тун ярмида сафарга чиқсангиз ҳам  йўлда қолиб кетмайсиз, барака топгур киракашлар истаган манзилингизга етказиб қўйишади.

Айниқса, умумий овқатланиш  жойларидаги  ўзгаришларни кўриб ҳавасангиз ортади. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Термиз шаҳридаги ҳолатни бир кўз олдингизга  келтиринг. Фақат ҳарбийлар ошхонаси ва истироҳат боғидаги бир ошхона ишлар, ярим соат кечикиб  борсангиз тушлик қилишдан қолиб кетардингиз. Тушдан кейин эса дўконлардан нон топиб бўлмасди. Ҳозир эса ҳар қадамда ошхона,  ресторан, нон дўкони. Бу мустақилликнинг одамларга яратган қулайлиги эмасми?

Эсимда, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари эди. Акам ҳарбий хизматдан қайтаётганда онам ўша  пайтда урф бўлган қизил рангли кўйлак кийгизаман, деб ният қилган экан.  Дўкончиларга “неча пул бўлса ҳам топиб беринглар” деб  анча вақт ялиниб юрди. Ўша пайтда кўп буюмлар ноёб бўлиб, ҳозиргидай очиқ-ойдин сотилмасди. Бугун бозорга киринг, истаган нарсангизни топасиз.

Бир куни отам уйга ишдан хуноби ошиб келди. Ёзда бир амаллаб пахса девордан тиклаган икки хонали уйимизнинг устини ёпиш учун 45 та шифер зарур эди. Дўконга шифер харид қилгани борсалар ижроқўм- нинг буйруғини сўрашибди. Бу ёғи ноябрь ойи — ҳавонинг  авзойи бузуқ, тезроқ том усти ёпилмаса, қор-ёмғир бошланиб,  қилинган шунча хизмат бир пул бўлади. Ижроқўм раиси “Шифер олишга навбатда турганлар кўп” дегани учун отам ўзини қўярга жой тополмай қайт ган, қаердан шифер топишни ўйлаб хуноби ошган. Мустақилликнинг шарофатини қарангки, бугун   вилоятимизда бир эмас, тўртта корхонада шифер ишлаб чиқарилаяпти. Дўконларда  шифер тахланиб турибди, истаганча олишингиз мумкин.

Ўзбекистонлик боксчи Руфат Рисқиев бир суҳбатда собиқ Иттифоқ терма жамоаси таркибига тасодифан қўшишганини ва жаҳон чемпионати олдидан қайсидир боксчи касал бўлиб қолгани учун нуфузли мусобақага қатнаштиришганини ҳикоя қилганди. Руфат Рисқиев иштирок этган жаҳон чемпионатидан кейин ҳам 12 йил давомида бошқа ҳеч бир ўзбек  спортчиси хориждаги мусобақаларга таклиф этилган эмас. Чунки  ўша даврда ҳар қанча маҳоратли бўлмасин, иттифоқдош республикалар спортчилари камдан-кам  ҳолда хорижга чиқарди.

Бугун-чи? Ўзбекистоннинг олис гўшаларидан бири  ҳисобланган Термиз шаҳрида яшовчи, оддий оила фарзанди Ситора Ҳамидова ҳеч кимнинг ёрдамисиз, тиришқоқлиги, тинимсиз олиб борган машғулотлари  туфайли 2016 йил Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида ўтказилган  олимпиада ўйинларида иштирок этди. Яқинда Ситора Ҳамидова Лондонда ўтказилган жаҳон биринчилигида қатнашиб, енгил атлетика бўйича совриндорлар сафидан ўрин олди. Ситорага ўхшаган юзлаб  ўғил-қизлар хорижий мамлакатларда бўлаётган нуфузли турнирларда қатнашиб, мамлакат байроғини баланд кўтаришаяпти. Россия давлатидан бош қа республикалар орасида фақат мамлакатимиз футболчилари 2018 йил бўлиб ўтадиган жаҳон биринчилигига қатнашишга яқин турибди.

Хоҳ иқтисодий, хоҳ ижтимоий соҳада бўлсин, эришилаётган барча муваффақиятларимиз илҳомчиси мустақиллигимиздир. Шу кунларга етказганига шукрона қилиб, мамлакатимизнинг бундан-да гуллаб-яшнашига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз шарт.

Саидвафо БОБОЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan