Бош саҳифа / Жамият / Ўрмонлар – юрт бойлиги

Ўрмонлар – юрт бойлиги

уни авайлаб-асраш ҳар бир фуқаронинг бурчидир

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғи-лишда давлат ўрмон хўжаликларининг фаолияти чуқур таҳлил қилинди.

Айтиш жоизки, воҳада ҳозирда 6 та давлат ўрмон хўжалиги мавжуд бўлиб, уларнинг умумий ер майдони 301 минг гектарни ташкил этади. Йиллар давомида дарахт экиш ҳисобига 170 минг гектар майдон ўрмонзорларга айлантирилган. Шунингдек, ўрмон хўжаликларининг 45 минг гектар еридан яйлов сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бундан ташқари, 23 минг гектар ерга ҳар хил зироат, кўчатлар, ноёб доривор ўсимликлар етиштирилаётир. Афсуски, ўрмон хўжаликларига раҳбарликка тайинланган номутахассис кадрларнинг бепарволиги туфайли табиий ўсадиган писта ҳосилини ўз манфаати учун фойдаланиш, ишлатиш, ноёб дарахтларни кесиб сотиш, мавжуд ерларда манфаатдорлик эвазига шахсий хўжаликларнинг чорва молларини боқишга йўл қўйиш, табиатга зарар келтириш ҳоллари ҳамон учраб турибди.

Ўрмонларда ноёб ҳисобланган Зарафшон арчаси, саксовул камайиб кетган. Шунингдек, иҳотазорларни барпо этиш аҳволи қониқарсиз. Масалан, вилоят ҳокимлигига келиб тушган шикоятга кўра, “Сурхон — Шеробод” давлат қўриқхонасида Ўзбекистоннинг “Қизил китоби”га киритилган 600 дан кўпроқ  ноёб арча кестирилиб, ёғочлари сотиб юборилган.

Вилоят давлат ўрмон хўжалигига қарашли “Каттақум” бўлимида  эътиборсизлик ва ўзибўларчилик шу қадар авжга чиққанки, натижада учма қумларнинг атроф-муҳитга зарарини камайтиришга хизмат қиладиган саксовул, черкес ва қандим сингари ўсимликлар таг-томири билан йўқ бўлиб кетаяпти. Айрим фуқаролар ана шу чўл ўсимликларини ўзларининг даромад манбаига айлантириб олишган ва бу масалани ҳокимликлар ҳамда ўрмон хўжалиги раҳбарлари назорат қилишмаяпти. Ўрмон хўжалигининг “Хуросонбулоқ” массивида Зарафшон арчаси ноқонуний равишда кесиб юборилган.

Узун тумани ҳудудида жойлашган “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги раҳбарларининг эътиборсизлиги туфайли фуқаролар томонидан табиий ўсиб турган пистазорлар ўтин учун кесиб кетилмоқда. Энг ёмони, кўпгина ўрмон хўжаликларида мавжуд ер майдонларидан  баъзи фуқаролар ноқонуний равишда томорқа сифатида фойдаланиб келишаяпти. Масалан, ўрмон хўжалигининг Шўрчи туманида жойлашган 14,8 гектар, Ангор туманидаги 27 гектар ер майдони фуқаролар томонидан ноқонуний эгаллаб олинган. Қизириқ, Термиз, Жарқўрғон, Сариосиё, Бойсун ва Узун туманларидаги ўрмон хўжаликларида ҳам ерлар талон-тарож қилинган.

Ҳар йили куз ва баҳор ойларида ўрмон хўжаликлари ишчи-хизматчилари янги ўрмонзорлар барпо этиши керак. Афсуски, бу борадаги ишларни ҳам қониқарли, деб бўлмайди.  Масалан, ўрмонзорлардаги бўш турган 1 231 гектар майдонда шу йил янги ўрмон барпо этилиши лозим бўлсада, фақат “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалигида 300 гектар майдонга писта экилган, холос. Қизириқ, Бойсун ва “Ҳисор” ўрмон хўжаликлари ходимлари томонидан уруғдан ўрмон барпо этиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ўрмонзорлар ҳудудида табиий ҳолда бир неча турдаги доривор ўсимликлар ўсади. Лекин бу ўсимликларни йиғиб олиш ҳамда фармацевтика саноати корхоналарига топширишга етарлича эътибор берилмаётганлиги боис Бойсун ўрмон хўжалигида атиги 145 тонна, вилоят ўрмон хўжалигида 20 тонна доривор ўсимликлар тайёрланиб, белгиланган режа 31,4 фоизга бажарилган.

Юртимизни боғ-роғларга буркаш ҳамда корхона, ташкилот, муассаса ҳамда ўқув юртлари ҳудудидаги бўш жойларни дарахтзорга айлантириш мақсадида жорий йилда 13,3 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши лозим. Афсуски, ҳали бу борадаги ишларни қониқарли, деб бўлмайди. Фақатгина кўчат харид қилиш учун ўрмон хўжаликларига Сариосиё туманидаги ташкилот, корхоналардан 204 миллион, Узун туманидан 41 миллион, Қизириқ ва Термиз туманларидан 6-7 миллион сўмдан пул ўтказилган, холос. Қолган туманларнинг раҳбарлари бу борада сафарбарликни ҳис этишмаяпти ва кўчат харид қилиб, эктиришни пайсалга солишмоқда.

Аёнки, ҳар йили ўрмонлар ҳудудидаги дарахтзорларнинг бир қисми қурийди, шохлари синади. Ана шу бойликдан ўрмончилар режага кўра, вилоят бўйича 1678 та товуқхона тайёрланиши лозим бўлгани ҳолда ҳозиргача атиги 100 донаси тайёрланган. Туман ҳокимлари, фермер хўжаликларига товуқхоналарни сотиб олиш бўйича топшириқлар бермагани туфайли ўрмон хўжаликларида товуқхона тайёрлашга эътибор сусайган. Қисқаси, ўрмон хўжаликларида амалга оширилаётган ишлар бугунги кун талабига жавоб бермаслиги ҳокимлик соатида қайд этилиб, соҳада туб бурилиш қилиш ва ислоҳотлар ўтказиш лозимлиги таъкидланди.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan