Бош саҳифа / Жамият / Қўриқ ердан боғ яратган нуронийлар

Қўриқ ердан боғ яратган нуронийлар

Халқини, оиласини ўійлаб яшаган, ўзидан яхши ном, эзгу амаллар қолдиришни истаган инсон учун ҳар қандай вазиятда ҳам имкон топилади. Хоҳлаймизми, йўқми қайсидир маънода ўз тақдиримизни яратиш, турмушимиз қандай кечиши ўзимизга боғлиқ. Бугун кексалик гаштини суриб, нафақа пулини олиб, жимгина набиралар қуршовида дам олиш ўрнига ёшлардан қолишмай, тетиклик ва ғайрат билан ишлаётган воҳадошларимиз борлиги қувончимизга сабаб бўлди.

Қумқўрғон тумани “Ғалаба” маҳалласида истиқомат қилаётган 64 ёшли Ғаппор Тангирқулов ҳамда у кишининг турмуш ўртоғи Тўхтагул Тангирқуловаларнинг ҳам самарали меҳнати, жонкуярлиги ҳавасимизни оширди. Улар адирликнинг ёнбағридаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилади, 9 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Эшитишимизча, нуронийлар бундан икки йил муқаддам уйлари ёнидаги адирнинг нариги томонига ҳам сув чиқариб, ер ўзлаштириб, боғдорчилик қилишни ният қилади. Бунинг учун эса аввало, улар баланд адир тагидан 230 метр масофали ер ости йўли қазиб ўтиши керак эди. Ушбу ер ости йўлини улар ўғиллари билан биргаликда 2 йил деганда қазиб бўлишган. Унинг баландлиги 2 метру 30 сантиметр, эни эса 1,5 метрни ташкил этади. Ушбу туннелда бемалол ҳаракатланиб нариги томонга ўтиш мумкин. Туннелнинг тепасидан электр сими ўтказилган пастки қисмидан эса труба ёрдамида сув чиқарадиган насос билан сув адирликнинг у ёнидан очилган қўриқ ерга боради. У ерда эса иккита сунъий ҳовузча ҳосил қилинган бўлиб, экинларни, дарахтларни суғориб бўлингандан сўнг, сув захира сифатида тўплаб қўйилар экан.

—    Адирнинг устидаги ерларни экинзорга айлантиргандан сўнг бу ерга икки мингга яқин мевали дарахт кўчатларини қададик, — дейди Ғаппор Тангирқулов. — Бундан ташқари, кичкинагина иссиқхона ҳам ташкил этганмиз. Унда 10 туп лимон ўсаяпти. Лимонлар бу йил биринчи бор ҳосилга кирди. Биз турмуш ўртоғим билан қишин-ёзин меҳнат қилиб боғ яратиб, ўзимиздан эзгулик қолдирсак, деган мақсад билан яшаяпмиз. Адирнинг ўзини қазиб бу ерда яна битта иссиқхона ташкил этмоқчимиз. Бу ҳам қулай, ҳам арзон бўлади. Ернинг таг қисми қазилиб тепасини фақатгина ёғочлар ва клёнкадан фойдаланиб ёпсак, маблағ ҳам тежалади.

Тепалик устидаги боғни айлана туриб, қуёнлар катагига кўзимиз тушди. Тўхтагул момонинг айтишига қараганда бу ерда 80 га яқин қуён боқилаяпти. Бу тиниб-тинчимас кексалар қуён боқишнинг ҳам ўзгача усулини топишган. Адирдан тешикчалар қазиб, унинг оғзига катакча қўйилган. Қуёнларга овқат, сув шу ерда берилади ва улар ичкарига адир тагига кириб яшайди.

—    “Қишлоққурилишбанк”дан 5 миллион сўм кредит олиб, иш бошлагандик, — дейди Тўхтагул Тангирқулова. — Энди эса чорвага кредит олиш ҳаракатидамиз. Адирлик кенг жойлар, бу ерда хоҳлаганча мол-ҳол қилиш, экин экиш мумкин. Кичкинагина ҳужрада яшаймиз, ҳам боғимизни парваришлаймиз. Секин-секин дарахтларни қандай қилиб сув бўлмаган маҳалда ҳам суғориш йўлини топдик. Кўчатларнинг ҳар бирининг тагига бўшаб қолган пластик идишларни кўмиб чиқмоқчимиз. Натижада идишларга сув тўлади, тепасини очиқ қолдириб томчилатиб сув қўйсак кўчатлар сувсизликдан нобуд бўлмайди, вақтида сув ичишига замин яратилади.

“Қуёнчилик ҳам бир тадбиркорлик-да, болам, келгусида бу ерларга туяқуш ҳам олиб келиш ниятимиз бор”, дея шижоат билан гапираётган хонадон соҳибу соҳибасининг ғайратига, изланувчанлигига яна бир бор тасанно дегимиз келди. Бугунги кунда тегишли ташкилотларга ер бер, уним йўқ, буним йўқ, дея забардаст эркаклар, ёш хотин-қизлар тинмай мурожаат қилиш ҳоллари кўпайган бир пайтда бу каби отахону онахонларнинг саъй-ҳаракати, қўриқ ерни райҳону турфа гулларга буркаб боғ қилганини кўрган кишининг ҳаваси келиши турган гап. Мана бу йилдан лимонлар ҳосилга кирди. Уларнинг ёш авлодга ўрнак бўлгулик меҳнати, эккан дарахтлари ҳам бир кун ўз мевасини беришига ва эзгуликка хизмат қилишига ишонамиз. Боғлар қийғос бўлганда, узумлар шокиласини кўрганда Ғаппор бобо ва Тўхтагул момо меҳнатлари зое кетмаганига амин бўлади. Зеро, ўрнак олса арзигулик нуронийлар билан самимий суҳбатни тамомлаб, биз ҳам у ердан кўзимиз қувнаб, кўнглимиз янада ёшариб қайтдик.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan