Бош саҳифа / Жамият / Ўрага сичқон тушди…

Ўрага сичқон тушди…

Бирон бир тирқишга сичқон кириб кетдими, уни топиш мушкул, ҳатто амри маҳол. Воҳамиз шаҳар ва туманларига ҳам бутун мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотлар кириб келар экану, айрим раҳбарларнинг янгиликларга бефарқлиги, лоқайдлиги оқибатида кун кўрмай “ўрага” сингиб кетавераркан.

Йўқса Музработ туманида аҳолининг ғашига тегиб, тошни туш кўриб келаётган айрим қишлоқ йўллари, ичимлик ва томорқа суви, газ ва электр энергияси, хотин-қизларни иш, томорқага эҳтиёжи бор оилаларни ер билан билан таъминлаш каби масалалардаги муаммолар оз-оздан бартараф бўлиш ўрнига кундан-кун газак отиб кетмаган, жойларда ечимини топадиган масалалар бутун бир республика миқ- ёсидаги муҳим масалага айланмаган бўларди.

Бу мулоҳазани далиллаш учун биргина қуйидаги мурожаатга эътиборингизни тортамиз:

Музработ туманидаги “Сополли тепа” маҳалла фуқаролар йиғинига раислик қилиб келаётган София Каримова ҳам, маҳалла котиби Музроб Исонқулов ҳам шу маҳаллада истиқомат қилиб келаётган, кўп йиллардан буён касалманд Чоршанби Жумақуловнинг турмуш ўртоғи оғир хасталикка чалингани, уларнинг вояга етмаган 4 нафар қизи борлиги, 2017 йилдан буён электр таъминотидан узиб қўйилгани, ҳатто улар ижарада яшаб келаётганидан бехабар. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳамда вилоят жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи ташрифидан икки кун ўтиб, Чоршанби Жумақулов қизлари уйида электр чироғи ёнганидан жуда хурсандлигини айтиб, кеч бўлсада эътибор қаратган мутасаддиларга миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳам унга уй жой қуриш учун ер ажратиш масаласини ижобий ҳал этадиган бўлди.

Эссиз тўрт нафар ўқувчи қизнинг “Барча шароитлар ва имтиёзлар келажагимиз бўлган ёшларимиз қўлида” деб аю ҳаннос солаётган, турли тадбирлар ўтказаётган бир пайтимизда электр чироғини қўмсаб ўтган умри. Бу каби масалаларни эътиборан четда қолдирган мутасаддилардан бу мурғак қалблар миннатдор бўлармикан!?

Ишчи гуруҳи аъзолари вилоятимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини ўрганиш, аҳоли турмуш шароити билан яқиндан танишиш ва уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш жараёнида бу каби масалаларга ҳар куни дуч келади. Баъзи масалаларнинг ижобий ечим топганидан хурсанд бўлишса, баъзиларидан эса…

Ўрганишлар давомида тумандаги “Чегарачи” МФЙ ҳудудидаги “Бўстон” қишлоғида ёлғиз яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони, 60 ёшли Боймурод Шералиев билан ҳам суҳбатда бўлдик. Унинг икки хонали пастқамгина уйи жиҳозлари билан ёниб кетган. Қиш фаслининг аёвсиз кунлари яқинлашаётгани боис ҳам фуқаро уйини таъмирлаш ва жиҳозлашда амалий ёрдам сўради. Шу куннинг ўзида ушбу фуқаронинг хонадонига Ҳисоб палатаси ишчи гуруҳи аъзолари ҳам ташриф буюриб, ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишишди ва туман ҳокимлиги, 4-сектор аъзолари ҳомийлигида имконияти чекланган фуқарога кароват, гилам, кўрпа-тўшаклар топширди. Уч кун муҳлатда ёнғиндан жабрланган фуқарога ёниб кетган паспортини олиши ҳамда уйига электр энергияси ўтказилиши юзасидан ҳомий ташкилот ва тегишли муассасалар амалий ёрдам берадиган, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан эса уйи таъмирланиб, қўшимча жиҳозлар билан таъминланадиган бўлди.

— Уйим ёниб кетгач, туман ҳокимлиги томонидан зарур қурилиш маҳсулотлари келтирилиб, уйимнинг том қисми ҳам тўлиқ ёпиб берилди. Меҳр-оқибатли халқимиздан миннатдорман. Ҳар бир фуқаросининг тақдирига, турмуш шароитига эътибор қаратаётган Президентимизга минг раҳмат, — дейди кўзларида миннатдорчилик ёшлари қалқиб турган Боймурод бобо.

Кузатувимиз давомида туманда аниқланган муаммолар тегишли тартибда мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан назоратга олиниб, холисона бартараф этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Айрим ечими маълум муддатни талаб этадиган масалалар юзасидан эса тушунтиришлар олиб борилди. Жумладан, “Чегарачи” маҳалла фуқаролар йиғини, “Темирйўлчи” қишлоғида яшовчи Умида Очилдиева, Низомиддин Ахматуллаев ва Мукаррам Шомуродоваларнинг билдиришича, қишлоқдаги 26 хонадонга кўп йиллардан буён термит хавф солиб келади. Шу боис, бу манзилга Музробот туман дезинфекция бўлими бошлиғи Холбой Йўлдошов чақиртирилиб, уйлар ҳолатини ўргандик. Мутахассис хулосасига кўра, термитдан яшаш уйларининг 70 фоизи, Умида Очилдиеванинг ошхонаси 100 фоиз зарар кўрган. Айни кунда туманда 502 хонадонга термит хавф солгани аниқланган бўлиб, шундан 122 хонадонга термитга қарши хўрак қўйилган, холос. Тумандаги мавжуд 8 та қабристонга ҳам термит хавф солиб келмоқда. Ушбу масала ишчи гуруҳи аъзолари аралашуви билан Музработ туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази мутасаддилари ҳамда бошқа масъул ташкилотлар амалий натижага эришишга келишишди.

Музработ туманидаги аксарият аҳоли томорқалари ва экин майдонларида зах кўтарилиш даражаси юқорилигича қолмоқда. Аҳолини тоза ичимлик суви, томорқа ва фермер хўжаликлари экинларини суғориш, йўлсозлик масалалари алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис, давлатимиз томонидан қишлоқлар инфратузилмасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилашга қаратилган давлат дастурлари доирасида самарали ишлар йўлга қўйилган. Аммо ўрганишлар доирасида айрим маҳаллаларда газ, электр энергияси, соғлиқни сақлаш каби озгина ҳафсала ва масъулият бўлса, ечимига эришса бўладиган муаммоларнинг йиллар давомида ечим топмай келаётганига гувоҳ бўлдик.

Албатта, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг турмуш даражасини кўтаришга қаратилган муҳим давлат дастурларининг ижросини таъминлаш мақсадида давлат ва хўжалик бош- қаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика ишчи гуруҳининг мақсади эса вилоятимизнинг энг чекка қишлоқларига бугунги янгиланиш ва ислоҳотлар руҳини олиб кириш, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишдан иборат. Бу орқали эса халқни рози қилиш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишга эришиш мумкин.

Бироқ ҳар бир қилинаётган амалий ҳаракат айрим раҳбарларнинг янгиликларга бефарқлиги, лоқайдлиги оқибатида кун кўрмай “ўрага” сингиб кетмаслиги керак.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan