Бош саҳифа / Жамият / Ҳур инсонни сотган ғофилдир

Ҳур инсонни сотган ғофилдир

Муқаддас ислом дини қулчилик кўринишидаги одам савдосини қаттиқ қоралайди. Қулликдан азобланаётган инсонни озод қилиш эса фазилат саналиб, ҳатто, ибодат даражасига кўтарилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) мусулмонларнинг баъзи бир ишларда йўл қўйган хато ва гуноҳлари эвазига бир ёки ундан кўп қулни озод қилиш тартибини жорий этди. Бу инсонлар орасидаги камситиш, устидан ҳукмронлик қилиш, яъни қул қилиб ҳаққини бермай ишлатишни маън этади.

Динимиз таълимотига кўра, ирқи, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги ўрнидан қатъий назар, барча инсонлар тенг ва ҳурдир. Инсон қадри азиз, шаъни, ор-номуси дахлсиздир. Шундай экан, одамлар доимо турли хўрлаш, қул этиш каби камситишлардан қайтарилади. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Ким бир қулни озод этса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида қутқарилган инсоннинг ҳар бир аъзоси баробаригача халоскорининг аъзоларини дўзахдан қутқаради”, деб мар- ҳамат қилган. Ушбу хабарни эшитган саҳобалар ўзларининг қулларини озод қилишга шошилганлар. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу каби улуғ саҳобалар молу дунёларини сарфлаб бўлса ҳам бошқа инсонлардаги қулларни сотиб олиб, сўнг уларни озод этгани маълум.

Демак, мусулмон инсон бировларни қул қилиб сотмайди, аксинча, алданиб, кимнингдир қўлида ишлаётган инсонларни ўша қийинчиликдан қутқариш ҳаракатида бўлиши лозим. Ислом ҳур инсонни сотишни тақиқлайди ва қоралайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ (с.а.в)дан ривоят қилинган ҳадисда: Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч тоифа кишининг даъвогари бўлурман: менинг номим билан аҳд бериб, кейин алдаган одамнинг, озод инсонни қул деб сотиб пулини еган одамнинг ва мардикорни ишлатиб ҳаққини бермаган одамнинг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Эътибор берайлик, Пайғамбаримиз (с.а.в) инсонни сотиб юборган киши қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таолонинг олдида жавоб бериши ҳақида бизларни огоҳлантирмоқда. Минг афсуски, дунё матосига берилиб, ўз юртдошларини, маҳалладошларини, ҳатто, миллатимиз давомчилари бўлган аёлларни ҳам алдаб, сотиб юбораётган инсонлар ҳақида эшитиб қоламиз. Бу ҳолат ҳар бир иймонли инсонни фирклашга, мушоҳада этишга чорлайди.

Наҳотки, одам сотаётган кимсалар бу ишлари учун кун келиб қонун олдида жавоб беришини, қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида қаттиқ азоблар борлигини билишмаса. Ёки яқинлари шу аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини ўйламасалар. Бу — қайтар дунё. Одам савдосини ўзига касб қилиб олиб, мўмай даромад топиб юрганлар англасинки, сотилган кишининг ота-онаси, норасида гўдаклари зор йиғлаб қилаётган дуолари бир кун Аллоҳга етиб, Яратганнинг ғазабига дучор бўладилар. Қилган ишларидан пушаймон бўлганларида эса хатоларини тузатишга фурсат қолмаган бўлади.

А. ҲАБИБУЛЛАЕВ,
Шўрчи тумани бош имом хатиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE