Бош саҳифа / Таълим / Ўқитувчининг мавқеи

Ўқитувчининг мавқеи

Сир эмас, давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 23 август куни ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчининг мавқеини ошириш чора-тадбирлари мавзуида видеоселектор бўлиб ўтди.

Унда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши, устозларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш жамиятимизда олий қадрият даражасига кўтарилиши зарурлиги таъкидланганди. Ушбу ҳаракатга жойларда барча раҳбарлар ва мутасаддилар етакчилик қилиши айтилганди.

Мазкур ҳаракат доирасида ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда ёш авлодни тарбиялашда замонавий услубларни қўллаш борасидаги ишларни жонлантириш мақсадида ташкил этилган Ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Айни пайтда гуруҳ аъзолари вилоятимиздаги туман ва шаҳарладаги таълим муассасаларида бўлишиб, тадбирларда фаол иштирок этишмоқда.

Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш ҳамда уларнинг фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилаётган  маданий-маърифий тадбирлар вилоятимиздаги барча туман ва шаҳарларда  “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик” шиори остида ўтказилмоқда.

Бугунги кунда вилоятимиздаги 911 та таълим муассасасида 39651 нафар ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Шу кунгача мазкур тадбирларда  30 минг нафарга яқин устоз ва уларнинг оила аъзолари иштирок этишди.  Тадбирлар доирасида ўқитувчилар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида турли спорт мусобақалари, арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, мактаб ўқув қуроллари ҳамда турли китоб ярмаркалари ташкил этилаётир. Айниқса, юртимиздаги таниқли санъаткорлар иштирокида бўлиб ўтаётган концерт дастурлари иштирокчиларга хуш кайфият улашаётир.

 Айтиш керакки, тадбирлар давомида жойларда Халқ таълими вазири ўринбосари Ў.Кенжаев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Холмуҳамедов,  Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон миллий университети ректори А.Мараҳимовлар иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар ҳам ўтказилди. Учрашувларда нуфузли олий ўқув юртлари ўқитувчи-профессорлари педагоглар учун маҳорат дарслари ўтиб беришди. Унда ўқитувчилар ўз йўналишлари бўйича энг сўнгги технологиялар ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлишди. 

Яна бир гап. Ҳозирда умумий ўрта таълим мактабларида касб-ҳунарга йўналтириш ишларини жонлаштириш мақсадида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази мутахассислари томонидан Қумқўрғон туманидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган 6950 нафар 10-11-синф ўқувчилари касбий қизиқишларини аниқлаш бўйича психологик ташхисдан ўтказилмоқда. Ўз навбатида, ушбу ташаббус ўқувчи-ёшларнинг ота-онаси ёки яқинларининг мажбурлови асосида эмас, балки ўзида мавжуд лаёқат ва қобилиятига қараб муайян бир касбни танлашига имкон яратади.

Айниқса, педагог касбига мойиллиги бўлган ўқувчилар сараланиб, мактабларда ташкил этиладиган “Педагог синф”лар учун уларнинг рўйхати шакллантирилгани ушбу шарафли касбга меҳр қўядиган ёшларимиз сафи кенгайишига замин ҳозирлайди.

Илҳом САФАРОВ,

вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбийлар-ёшлар даврасида

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан мамлакатимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE