Бош саҳифа / Жамият / Ҳунар бўлса қўлингда, нон топилар йўлингда

Ҳунар бўлса қўлингда, нон топилар йўлингда

Жорий йилнинг айнан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланишини халқимиз илиқ кутиб олди. Негаки, давлатимиз раҳбари айтганидек, қачон  тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам бой бўлади.

Бугун ана шу ҳақиқатни англаб етиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб, нафақат оиласига моддий ёрдам келтираётган, балки ўзи  каби ўнлаб ёшларни иш билан таъминлаётган ёш тадбиркорларимиз сафи кенгаймоқда. Шундай тенгдошларимиздан бири Бойсун тумани “Тоқчи” маҳалласида яшовчи Назокат Тошбоева ҳам тадбиркорлик соҳасида бир қатор ютуқларга эришаяпти.

—  Олти ёшимдан онам билан бирга гилам тўқий бошлаганман, — дейди ҳунарманд-тадбиркор Назокат Тошбоева. — Авлоддан авлодга ўтиб келаётган бу ҳунар сирларини пухта ўргангач, 12 ёшимдан мустақил равишда гилам тўқий бошладим. Мен бу анъанани давом эттираётган олтинчи авлод вакилиман. 2014 йилда онам иккимиз оилавий тадбиркор сифатида ўз фаолиятимизни бошладик. Икки йил ўтиб, ўзим якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтдим ва сурхонча, Бойсун – Қўнғирот миллий гиламларидан замонавий сумкалар ва либослар яратишни йўлга қўйдим. 2 нафар тенгдошимни иш билан таъминладим. Бундан ташқари, яна етти нафар маҳалламиз хотин-қизларидан иборат касаначиларни ҳам етиштирдим. Ҳозирда улар уйларида ўтириб, менга маҳсулот етказиб беришади.

Эндигина 20 ёшни қаршилаган Назокат кўплаб кўрик-танловлар ва фестивалларда ҳам иштирок этиб келмоқда. Қувонарлиси, қаҳрамонимиз бундай тадбирлардан қуруқ қайтмайди. Жумладан,  “Келажак овози”, “Ишбилармон ўқувчи” каби танловларнинг республика босқичида, Бухорода бўлиб ўтган халқаро “Ипак ва зираворлар”, шунингдек, Марғилон шаҳридаги “Атлас” фестивалларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб, ташкилотчиларнинг сертификатлари билан тақдирланган. Гилам тўқишни  санъат даражасига кўтара олган  тенгдошимиз 2017 йилнинг март ойида Термиз шаҳридаги  “Ёшлар маркази”да “Миллийлигим — фахрим менинг” номли илк кўргазмасини  ташкил этди. Шундан сўнг, ўтган йилнинг май ойида Қирғизистон ҳунармандлари томонидан ташкил этилган семинарда иштирок этди ва унинг маҳсулотлари “Сифат” белгиси билан тақдирланди. Албатта, сифатли маҳсулот тайёрлашнинг эса сири, ўзгача усули бор.

Айни пайтда Назокат жанда миллий матосини янгича усулда тўқишни йўлга қўйган.

— Жанда матосини бўяшда асосан табиий бўёқлардан фойдаланаман, — дейди у. — Бойсун тоғлари турли гиёҳларга бой. Ҳар куз мавсумида турли ўсимликларнинг илдизини териб, тайёрлаб қўяман. Чунки ўсимликлар баҳорда гуллаб, ёз ойларида мева туггани сабаб бор кучи ва ширасини гули ва мевасига сарфлайди. Фақат куз ойидагина уларнинг кучи илдизида тўпланади. Шу боис, бу вақтда терилган илдизлардан тайёрланган ранглар сифатли бўлиб, улар ёрдамида бўялган матонинг ранги ювганда ҳам хира тортмайди. Шунинг учун бу мато айни кунларда анча харидоргир.

Ёш тадбиркор маҳсулотларини ўзгача реклама қилишни ҳам йўлга қўйган. Яъни уйи олдида ўрнатилган ўтовда миллий гиламлару либослар, сумкалар, бири-биридан нафис, чиройли кашталарни илиб қўйган. Уларни кўриб кўзингиз қувнайди. Бойсун туманига келган сайёҳлар, албатта, миллий анъаналаримиз намуналари билан тўлдирилган мўъжазгина ўтовга ташриф буюрмасдан, гиламлару чопонлар, бойсунча дўппилардан харид қилишмасдан кетишмайди.

Энг қизиғи, ёш тадбиркор бу ҳунарини бошқаларга ҳам ўргатиб, шогирдлар тайёрлаяпти. Қолаверса, ўз устида ишлашни, янги ғоялар устида бош қотираётган Назокат янги режалар ҳам тузиб қўйган. Туман ҳокимлиги томонидан унга уч сотих ер участкаси ажратилди. У ерда гиламчилик цехини ишга тушириш ва “ҳунарманд қизлар маркази” очишни кўнглига туккан. Бунда яна кўплаб хотин-қизларга ҳунар ўрганиш ва ўз иш ўринларига эга бўлиш имкони яратилади.

Сарвиноз АБДУРАҲМОНОВА,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan