Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Ўн тўрт йиллик умидворлик

Ўн тўрт йиллик умидворлик

ЁХУД ХОСИЯТ ОПАНИНГ ҲАСРАТЛАРИ

Аслида инсон тақдир, қисмат олдида ожиз. Аммо ҳар бир синовда бир ҳикмат бўлади.

Балки Хосият опанинг кечмишлари, дардлари битилган арзномада ноҳақ таҳқирлар қайсидир маънода “ҳаёт ва ҳақиқат” манзилининг ибратини акс эттирар, дея ўзимизни юпатамиз. Аммо нега аёл кишининг арзи ечимига бўлган муносабат шунчалик жиддийми-ки, бу мурожаатлар идорама идора юравериб ҳориди, ҳориганда ҳам, роса ўхшаб ҳориди. Яъни халқ ишонган нуфузли идоралар томонидан қанча остоналарда сарсон-саргардон қилинди. Бирон ҳуқуқий идора чиқиб, бу мурожаатда келтирилган масалани “кесиб” ташламади. Аксинча, бири инкор қилди, бири умидвор. Мурожаатчи опа эса кўнглидаги охирги суд ажрими уйғотган “учқун” билан яна йўлга тушади. Иккинчи суд қайтариб “уради”. Бу вазиятда баъзан опага “ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” дегувчилар ҳам бўлгандир. Аммо бу ибора ўз моҳиятини йўқотганига анча бўлди. “Ҳар боб билан урадиган”лар эмас, халқнинг дарди билан яшайдиган замон келди.

“Ўзи-ку, мол аччиғи, жон аччиғи”, дейишганидек ким сизга миллионлаб сармояни қўшқўллаб топшириб қўярди. Ўзини анойи эмасмиз, деган ташкилот, аввало, эътирозларга, фуқароларнинг йиллар давомида овора бўлишига ҳожат қолдирмайди. Оддий халқнинг дардига, муаммоларига нохолис ёндошиш, бефарқлик оқибати одамларда ҳуқуқ-тартибот идораларига, айниқса, судларнинг одиллигига бўлган ишончини сўндирмайдими?.

ШЎЪБА КОРХОНА МАШМАШАСИ

Гапнинг индаллоси: 2004 йил 12 январда, янада аниқроғи, “тадбиркорга кенг йўл” очилиши ваъда қилинган кезлари “Термизтемирйўл иншооттаъмир” ОАЖ раҳбари А.М. Турсуновнинг ва кузатув кенгаши комиссияси раиси Давлатовларнинг қарори билан “Темирйўл сув хўжалиги” шўъба корхонаси сифатида ажралиб чиқади. Яъни аризада ёзилганидек, “2004 йил 30 январдаги Термиз шаҳар ҳокимлигининг тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясидан давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, бу амалдаги қонун қоидаларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилган”.

Энди қуйидаги иқтибосга эътибор қаратинг: “Термизтемирйўлиншооттаъмир” очиқ акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 январь кунидаги 3002 -сонли фармони ва Сурхондарё вилоят давлат мулки бошқармасининг 2004 йил 9 февралдаги 39-сонли буйруғига асосан “Термизтемирйўлиншооттаъмир” АЖ нинг низом жамғармаси 50 (эллик) минг АҚШ долларига етмаганлиги сабабли МЧЖга айлантирилган.

 Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси транспорт прокуратурасининг маълумотига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.08.2004 йилдаги 366-сонли қарорига мувофиқ “Термизтемирйўлиншооттаъмир” МЧЖ “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК тизими таркибидан чиқарилган. Собиқ “Термизтемирйўлиншооттаьмир” очиқ турдаги акциядорлик жамияти Низом жамғармаси у пайтда бор-йўғи 11848000 (ўн бир миллион саккиз юз қирқ саккиз минг)сўмни ташкил этган. Молиявий барқарор бўлмаган “Термизтемирйўлиншооттаъмир” МЧЖ таркибидан “Темирйўл сув хўжалиги” эса шўъба корхонаси сифатида ажралиб чиқади. Ариза муаллифи шундай ёзади: реестрдаги тартиб рақами №056 ( №047) бўлган бу шўъба корхона “2004 йил 30 январда Термиз шаҳар ҳокимлиги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси берган гувоҳномага асосан бутун Сурхондарё темирйул тизимидаги барча корхоналарни ва темирйўл атрофидаги 10 мингдан зиёд аҳолини ичимлик суви билан таъминлайди. Бу хусусий корхонада давлат улуши ҳам, темирйўл улуши ҳам, корхоналар улуши ҳам йўқ. Марҳум турмуш ўртоғим Маматқулов А.Ш. билан биргаликда барпо қилганмиз. 1994 йилдан бери якка тартибдаги тадбиркор бўлиб иш юритиб келганман. Якка тартибдаги тадбиркорлигимни ривожлантириб 41 та ишчи ўрин очганмиз.” –дея Хосият опа хотирлайди: “Хосият, ташкилот ўтириб қолган, шуни қайсидир акциядорга сотиш, солиқ, иш ҳақи ва бошқа харажатларни қоплаш масаласи кўтарилаяпти. Шунга ёрдам қилсанг, биргалашиб шу корхонани тиклаб олсак”,— деган таклифга бироз иккиланган тадбиркор аёл, турмуш ўртоғининг гапидан ўтолмай, “Темирйўл сув хўжалиги” шўъба корхонасига бор маблағини тикади.

—Хўжайним вафотидан кейин ваколатсиз мансабдор шахслар томонидан корхонамиз талон-тарож қилиниб, темир йўлга сотиб юборилган. 1,-2 -инстанция фуқаролик судлари орқали эса ўша олди-сотди шартномаси, баённомаси бекор бўлган. Сотганда ҳам пулларни сув хўжалиги ҳисобига туширмасдан “Термизтемирйўлиншооттаьмир» МЧЖга тушириб, талон-тарож қилган. Сейфларимиз ўғирланган, ҳужжатлар ўғирланган, ваколатсиз шахслар томонидан талон-тарож қилинган,— дейди ёлғизланиб қолган меросхўр аёл.

 Хосият опа бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганлигини айтди. Натижада, “Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар ҳокимининг 23 август 2005 йилдаги №685-сонли қарорида Сурхондарё вилоят хўжалик судининг 2005 йил 12 августдаги 19-0403-3959-сонли иш бўйича суд ҳужжатларининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ажримига асосан темир йўл сув хўжалиги шуъба корхонасининг ваколатлари тўлиқ тикланганлиги муносабати билан шаҳар ҳокимининг 2005 йил 12 мартдаги 152-сонли қарори бекор қилиниб, корхона шаҳар ҳокимлиги рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан юридик шахслар давлат реестрига киритилган. Термиз шаҳар ИИБ бўлимига темир йўл “сув хўжалиги” шуъба корхонасининг муҳр-тамғаси қайтариб берилиши юклатилган”ини, аммо “УАЗ”-169, “Беларусь” трактори, чиқинди ташувчи автомашинаси прицепи билан, ҳаммом ва таъмирлаш ҳамда профилактика учун бекатлар насосларини «Қарши-Термиз” МТУ (магистраль темир йўл узели) талон-тарож қилиб юборганлигини таъкидлайди.

Аризада «Қарши-Термиз» МТУ корхона билан ичимлик суви учун шартномаси бўлган. Шартнома асосида пулларни тўламай, ҳаттоки “предоплата” қилмай, хўжайнимнинг асабларини бузиб, қийин аҳволга туширгач , эрим «инфарктдан» вафот этди. «Қарши-Термиз» МТУ ҳозирги «Термиз» МТУ хўжайиним вафоти учун ҳам жавоб бериши керак. Суд қарорлари чиққан бўлса-да, «Термиз» МТУ зўравонларча корхонамизни эгаллаб турибди. Менинг иштирокимда топшириш, қабул қилиш далолатномасида кўрсатилган ва барча моддий бойликларни текшириб, айбдорларга нисбатан чора кўриб, «Қарши-Термиз» МТУ, ҳозирги «Термиз» МТУ нинг ваколатсиз мансабдор шахслардан сотиб олган бўлса, пулларни ваколатсиз мансабдор шахслардан олиб, 2004 йилдан бери корхонамизга тўланмай келаётган пулларни ва бошқа барча пулларни ноқонуний тарзда бошқа корхоналарга ўтказиб келганлиги боис ЭЧ, ШЧ, ПЧ, ВЧД темир йўл бўлимлари каби корхоналардан ноқонуний ўтказилган пулларни қайтариб корхонамизга тўлаб беришларини вa корхонамиз тугатилмаган бўлсада, жиноятни яшириш мақсадида корхонамизнинг номини ноқонуний тарзда ўзгартирган ваколатсиз мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриб, реестрдаги тартиб рақами №056 (№047)бўлган “Cyв хўжалиги” шуъба корхонамизни тўлиқ ишлаб кетишига адолатли амалий ёрдам беришингизни сўрайман. Қўшимча ҳужжатларимда текшириш давомида ваколатсиз мансабдор шахслар томонидан содир этилганлигини баён этаман”, — дея адолат истаб мурожаат қилган.

ЁПИҚ ҚОЛГАН МАСАЛА

Шу жойда ҳақли бир савол туғилади, 2004 йилдан буён, марҳум турмуш ўртоғининг ва меросхўр сифатида ўзининг ҳақ -ҳуқуқини ҳимоя қилиб, “Cyв хўжалиги” шуъба корхонаси атрофида бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатлар хусусида адолат истаб сарсон-саргардон бўлган Хосият Маматқулованинг арзи ҳолига ҳеч ким, ҳеч бир ҳуқуқ-тартибот идораси мутасаддилари жўяли ва адолатли жавоб бермадими ва бугунгача жавоб беролмаяптими? Савол эса ҳамон очиқ қолаяпти.

Президентимизнинг куюнчаклик билан халқни рози қилинг, ҳар бир мурожаат, шикоят ортида уларга етказилган озор, ҳақсизлик, уларнинг дарди ётади. У даврлар ўтди… мазмунидаги ибратли сўзлари “аравани қуруқ” олиб қочадиган, эски таниш-билишларининг раъйидан ўтолмай, ҳақиқатга тик боқолмай, “ийманиб” юрганларга дарс-ибрат бўлишидан умид қилиб қоламиз. Фикримизча, ҳақиқатни тан олиш марднинг, мўминнинг иши. Агар 15 йил олдин ҳақиқатни очиб бериб, масалага узил-кесил адолатли нуқта қўйилганда, Хосият опа шу кунгача адолат истаб безовта юрмаган, дард орттириб олмаган бўларди.

— Президентимизнинг бугунги одил сиёсатидан кўнглимда адолат қарор топар, деган илинж пайдо бўлди. Чарчадим… бедодликдан чарчадим,—дейди опа кўзларига ёш олиб.

Биз ҳам ўз ўрнида халқ дарди, бугуннинг нафаси билан яшаётган, инсон ва у томонидан қўйилаётган масала юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралардан қонун дорасидаги адолатли ечим ва ижобий жавоб кутиб қоламиз.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мен тадбиркор бўлмоқчиман

Тадбиркорлик қилиш учун яратилган шарт-шароит халқимизга берилган катта имтиёз бўлди. Тадбиркорликнинг қайси соҳасига қўл урманг, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan