Бош саҳифа / Жамият / Умра сафарига кетишди

Умра сафарига кетишди

Термиз шаҳридаги Мурчбобо жомеъ масжидида Умра сафарига йўл олган воҳадошларимизни кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Бу гал вилоятимиз туманларидан жами 136 нафар фуқароларимиз Умра сафарига боришмоқда. Уларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилиб, сафар олдидан барча гуруҳ раҳбарлари ва масъуллар иштирокида суҳбатлар ўтказилиб, зиёрат одобига доир кўрсатмалар берилди. Шунингдек, Саудия Арабистонида зиёратчилар учун тайёрланган жойлар, мамлакат қонунлари тўғрисида маълумотлар ва барча зарурий тавсиялар етказилди. Мурчбобо жомеъ масжидида тўпланганлар давлатимизнинг зиёратчилар учун яратилаётган қулайликлардан мамнунлигини билдириб, юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини тилаб дуога қўл очдилар.

— Туманимиздан бу галги мавсумда 22 нафар зиёратчи Умра сафарига йўл олишган, — дейди олтинсойлик Холмурод Ортиқов. — Турмуш ўртоғим билан бу дамларни узоқ йил кутдик. Бир умр ўқитувчилик қилиб, ёш авлодга таълим-тарбия бердим. Мустақиллик йилларида 1 гектар узум боғи яратиб, фарзандларим билан ҳалол меҳнат қилдик. Насиб этган шу кунларга, албатта, шукроналар айтамиз.

Жорий йилда мамлакатимизда Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича чекловлар олиб ташланди. Авваллари фақат Рамазон ойидагина ташкил этиладиган зиёратлар эндиликда йил давомида амалга ошириладиган бўлди.

— Юртимиз мусулмонлари учун яратилаётган бундай қулайликларни, албатта, эъзозлашимиз зарур, — дейди Термиз шаҳар бош имом хатиби Низомиддин Чориев. — Диний идорамиз вакиллари ва Умра сафарига бириктирилган гуруҳ раҳбарлари иштирокида зиёратчилар учун қатор суҳбатлар ташкил этилиб, зиёрат қоидалари пухта тушунтирилди. Уларнинг яқинлари бағрига соғ-омон қайтишларини тилаб, дуода бўламиз.

Умра сафарига йўл олган зиёратчиларимиз Термиз темир йўл вокзали орқали кузатиб қолинди.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сариосиёдаги олис тоғли ҳудуд — “Чош”ликлар ҳаётидан ҳикоя

Сариосиё туманининг олис тоғли ҳудудида жойлашган “Чош” маҳалласида 399 та хўжаликда 1610 нафар фуқаро истиқомат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan