Бош саҳифа / Жамият / Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда…

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда…

ОАВ орқали доимо намунали оилалар, зиёли кимсаларнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўқийсиз. Чунки, улар бизга қандай яшашни, ҳаёт фалсафасини ўргатгандек бўлади. Аммо, унутмаслик керакки, бирни кўриб фикр қилганда, бирни кўриб шукр қилмоқлик ҳам лозим. Бизни ўраб турган бу олам икки рангдан, оқ ва қорадан иборат. Аммо, негадир оқ рангни таърифлаймизу, қора ранг олди-да сукутни кифоя биламиз.

Жамиятдаги иллатлар, тўғри йўлдан озганлару  номини қора қилган кимсалар борасида умумийгина, лўндагина нафратимизни баён қиламиз. Аммо, бу нечоғлик тўғри? Атрофингизда  одам қиёфасидаги баъзи маҳлуқотлар ҳақида фикр юритишдан нега уялишимиз керак. Аслида, улар уялиши, изза бўлиши керак эмасмикан?

ЖАСОРАТМИ, ҲАЛОКАТ?..

Бир аёлни биламан. 25 йилдан ортиқ турмуши давомида кўргани тўрт нафар фарзанду қирқни қоралаб, сочларига ғам-ташвишлардан оралаган оқлар, холос. Кун ора турмуш ўртоғининг калтаклашидан ярим тунда ҳам норасидалари билан онаси ё яқинлари остонасига югуради. Эрнинг ичкиликка муккасидан кетиши, қўлидан бир иш келмай уйда ўтирганидан, уруш-жанжал кўтарганидан оиласи тугул, қўни-қўшни, маҳалла-куй ҳам безор. Аёл шўрлик эса на бировга нолийди, на нозирга, на шифокорга қўнғироқ қилади. Жимгина фарзандлари ва пиёниста эрни боқиш учун турмушнинг қозонида қайнайди…

Бир мартагина бериладиган неъмат бўлмиш ҳаётни бу тарз- да заҳарлаш жасоратми ё қўрқоқлик? Ё тақдирга тан бериш? Ичкиликка берилиш-чи? Пиёниста деб ном олганлар ҳаётдек  неъматни увол қилмаяптимикан?

“ШУ ПИЁНИСТА МЕНИНГ ОТАМ”

Яна бир ҳолат. Яқиндагина бозор қаршисидан ўтаётиб, бекат яқинидаги ариқда юзтубан  ётган кимсага кўзимиз тушди. Ўткинчилар ҳайрон ёки ижир- ғаниб ўтаётгани етти ухлаб тушига кирмаган кимсанинг ҳам оиласи, фарзандлари ва яқинлари бордир. Ўзи-ку шу юришидан уялмас, аммо фарзандлари шу кўчадан дўстлари билан ўтаётиб, шу пиёниста менинг отам, деб қандай айта олади. Уялмайдими, изза бўлмайдими? Болани дунёга келтириб, бера олган ибрати шуми?

ТУШУНИШГА УМРИ ЕТМАДИ…

Автобусга чиққан сархуш кимсадан келаётган бадбўй ҳидга зўрға чидаб келаётган йўловчилар, унинг оғзидан чиқаётган куракда турмайдиган сўзларга чидай олмай, ҳайдовчига шикоят қила бошлади. Гапни тушунмаган ҳалиги кимсани ҳайдовчининг ўзи автобусдан тушириб қўйишига тўғри келди. Сал ўтмай,  машина сигнали ва “қарс” этган овоздан барча саросимага тушди. Ор- қада,  дарахтга урилиб пачоқ бўлган машина, 5-6 метр нарида эса  автобусдан туширилган  кимса қонга беланганча   ётарди.

Эссиз, ҳайдовчи! Фарзандлари  йўлига кўз тикиб ўтиргандир. Ичкиликнинг касофати эса нафақат ўзини, балки шўрлик ҳайдовчининг ҳам умрига завол бўлганини  тушуниб етишига унинг умри етмай  қолди, афсус…

БОЛАЛИКДАН МАҲРУМ БОЛАКАЙ

Эрта тонгдан кимдир ишга, кимдир ўқишга шошилган. Шу пайт эр-хотиннинг кўчадаги жанжали барчанинг эътиборини тортди. Сархуш эр хотинини тинмай дўппослар, аёл қўлидаги фарзандига шикаст етишидан қўрқиб, йиғлаганча эрига ялинарди. Ахийри, аёлнинг дийдиёси жонига текканиданми йўл четидаги ариққа ўғлини ҳам буюмни улоқтиргандек отди. Бояқиш фарзанд эса кўчада отаси кўрсатаётган томошадан, жон озоридан йиғларди. Кўзларидаги ёш, юзидаги қиёфадан отага наф- рат сезилиб турарди.

Бу ёруғ оламга келиб кўрганинг шу бўлдими болакай? Қайси гуноҳларинг учун сени болаликнинг эркаликларидан, шўхликлару меҳр-муҳаббатидан мосуво қилишди. Онангнинг ҳўрланишию, падарингнинг зуғумларидан бошқасини жажжигина идрокингга сиғдира олмай жон аччиғида чинқираяпсан?

Ҳар куни янги тонг отади. Янги тонг, янги кун, янги ҳаёт. Умримизнинг берилган ҳар бир куни бу бир имконият. Хатолар, камчиликларимизни тўғирлашимиз, гуноҳимизни ювиш учун сўнгги нафас қолгунча имкон бор. Шайтоннинг суви қонингизда ўз ишини қилмагунча нега энди гулдек ҳаётингизни барбод қилиб, фарзандлар уволини тилаб олишингиз керак. Наҳотки, бахтли ҳаётни бир умрлик ғафлатга алмашсангиз…

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE