Бош саҳифа / Жамият / Умр мазмуни

Умр мазмуни

Ҳаёт йўлларида қоқилмай юришимиз учун устозлар бизга тўғри йўл кўрсатади. Уларнинг ўгитлари, бой билим ва тажрибалари ҳар қандай вазиятда асқотади, йўлимизда йўлчи юлдуз бўлади. Шу маънода ҳар биримиз азиз устозларимиздан миннатдор бўлишга бурчлимиз.

Бугун юрт тараққиёти йўлида меҳнат қилаётган, тиббиёт соҳасида ажойиб шогирдларни етиштираётган устозлардан бири Янгибой Файзиевдир. Мана уч йилдирки, у киши Термиз тиббиёт коллежи жамоасига раҳбарлик қилиб келаётир.

Янгибой Файзиев 1959 йил 13 январда Шеробод туман Пошхурт қишлоғида туғилган. 1966-1976 йиллар тумандаги 33-умумтаълим мактабини тамомлаб, Термиз шаҳридаги жимоний тарбия техникумига ўқишга кирган. 1981 йилда эса Тошкент давлат тиббиёт институтининг “Гигиена, санитария ва эпидемиология” мутахассислиги факультетида таҳсилни давом эттирган. Олий таълимни тамомлагач, илк фаолиятини 1987 йилдан Термиз тиббиёт билим юртида ёш ўғил-қизларга гигиена-санитария эпидемиология фанидан дарс беришдан бошлаган.

Я.Файзиев талабчанлиги, меҳнатсеварлиги, билимлилиги ва илмий изланувчанлиги, ишчи ходимларга нисбатан ғамхўрлиги билан тез орада жамоа орасида муносиб ҳурмат топди. У ўзининг илмий салоҳиятини кўтариш мақсадида ҳамда амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш йўлида аввал хона мудири, уюшма раиси, билим юрти малака ошириш бўлими бошлиғи, коллеж услубчиси, касбий таълим буйича директор муовини каби лавозимида ишлаш билан бир қаторда талаба ёшларга дарс бериш жараёнида чуқур билим соҳиби ва юксак маҳоратли педагог эканлигини кўрсатди. Устознинг ҳар бир дарси ўзига хос, ноанъанавий тарзда ўтади. Айниқса, «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури», «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Президентимиз томонидан эълон қилинган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича ижтимоий-сиёсий ривожланиш дастурларининг асл моҳиятини ўқувчиларга етказиш борасида ҳаммага ўрнак кўрсатиб келмоқда.

Ҳар бир инсоннинг ўзи муқаддас билган ҳаётий қоидалари ва олдинга юриш учун аниқ мақсади бўлади. Бусиз бирор-бир ишда муваффақиятга эришиб бўлмайди. Ҳаётнинг бу ҳақиқатига умр бўйи амал қилган Я.Файзиев шогирдлари ва жамоадошларига ҳам мана шу ҳикматни уқтириб, ўз навбатида, уларга шахсий ибрат ҳам кўрсатди.

Бундан ташқари, устоз коллеждаги назарий ва амалий ўқув хоналарни давлат таълим стандартлари талабларига мос равишда жиҳозлаш устида иш олиб бориб, у кишининг саъй-ҳаракатлари туфайли мутахассислик ўқув хоналарни тўлиқ жиҳозланишига эришилди ҳамда даволаш-профилактик муассасалардаги 21 та ўқув хоналари талаб даражасида жиҳозланди.

Айтиш керакки, у киши айни пайтда услубий кенгаш раиси сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатмокда. 1987-2018 йиллар мобайнида Я.Файзиев раҳбарлигида 1000 дан ортиқ маърузалар матни, 4000 га яқин услубий ишланмалар тайёрланди, 320 дан ортиқ «Очиқ дарс»лар, «Касб маҳорати» танловлари, услубий семинарлар ўтказилиб келинмокда.

Я. Файзиев кўпгина республика, минтақа ва вилоят миқёсидаги илмий семинар ва анжуманларда иштирок этиб, ўз ташаббуси билан 5 та тиббий мутахассислик йўналиши бўйича ўқув дастурлари, янги авлод ўқув адабиётлари ва қўлланмалар яратишда жонбозлик кўрсатди.

Мисол учун, устознинг ташаббуси билан “Умумий ва тиббий психология асослари», «Микробиологиядан амалий машғулотлар» ўқув адабиётлари қайта нашрдан чиқди. Шунингдек, устознинг тиббиёт коллежлари учун «Тери ва таносил касалликлари» ўқув адабиёти, “Эпидемиология ва паразиталогия асослари”нинг иккинчи нашри, врачлар учун «Лепра касаллигининг профилактикаси» бўйича илмий қўлланмаси нашрдан чиққан.

Файзиев Янгибой Манобович ўзининг илмий салоҳиятини ошириб бориб, 2004 йил «Тиббиёт фанлари номзоди» илмий даражасини олди.

2008-2018 йилларда эса Тошкент, Нукус, Шаҳрисабз шаҳарларида республика миқёсида ўтказилган халқаро илмий анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этди.

Ҳозирги кунгача унинг 50 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари «Ўзбекистон тиббиёти», «Дерматология ва венерология», «Инфекция, Микробиология, Вирусология» журналларида ва илмий тўпламларда, рўзномаларда чоп этилган.

У киши доимий равишда ўз билим малакасини, сиёсий, иқтисодий ва илмий назарий дунёқарашини ошириш устида қатъият ва масъулият билан ишлаб келмоқда. Бундай самарали меҳнат, фидоийлик эса давлатимиз раҳбари томонидан муносиб баҳоланиб, «Шуҳрат» медали, “Мустақилликнинг 10 йиллиги”, “Мустақилликнинг 15 йиллиги” эсдалик нишонлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан бир неча марта мукофотланди.

Устоз нафақат ишда, балки оилада ҳам кўпчиликка намуна бўларли инсон. Турмуш ўртоғи Хурсаной Файзиева билан иккиқиз ва икки ўғилни муносиб тарбиялаб, вояга етказди. Умр йўлдоши Хурсаной опанинг ҳам ўқитувчилик касбини танлагани эса ҳаётда бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшашларига, ҳамиша илмда янгиликка интилиш кераклигига туртки берди.

Бу йил устоз 60 ёшни қарши олади. Биз заҳматкаш, меҳнатсевар, ўз жамоаси ва шогирдларига ғамхўр инсонни мана шундай қутлуғ ёш билан самимий табриклаймиз.

С. ЮСУПОВ,
Маънавий-маърифий
ишлар бўйича директор ўринбосари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan