Бош саҳифа / Жамият / Умидлар ўлкаси

Умидлар ўлкаси

Жануб гавҳари, деб эътироф этиладиган Сурхоним ҳақида ҳаяжонланмасдан гапиролмайман, ёза олмайман. Ватанимнинг мустақиллиги билан изма-из туғилган фарзандларим кафтимда улғайиб, Президент совғаси — китоб тўла папкаси билан мактабга бориб, коллежларда таълим олиб, бугунги кунда юртимнинг бош  олийгоҳи — Ўзбекистон миллий университетида таълимни тугатиш арафасида туришибди.

Елкасига юрт юкини олишга ҳозирланишмоқда. Қадамлари залворли. Мақсадлари аниқ. Бир инсоннинг улуғ умидлари ушалгани шу эмасми…

Эҳ, биз талаба бўлган кезлар бармоқ билан санарли олийгоҳлар бўларди. Отам ўқитувчи, онам шифокор бўлишимни, ўзим журналист бўлишни орзу қилардим. Ниятим бутун экан, Тошкент давлат университетида ўқиш насиб этди. Бугунги ёшларга чиндан ҳавас қиламан. Фарзандларимнинг орзулари ушалишини қош ва киприкдек яқин қилган мустақиллигимиз меъморлари қаршисида бош эгиб, таъзим қиламан. Ўзимнинг болалик давримни эса бугунги кун билан қиёслагим келади. Мактабдан келибоқ, қўлимизга бир бурда нон олиб, кетмон кўтариб, колхоз даласига чиқиб кетардик. Кеч қоронғугача “табельчи” деган тажанг бир кишининг ихтиёрида, далаларда тентираб юрардик. Сентябрь, октябрь ойларида умуман мактаб юзини кўрмасдик. 100 килограмм пахта теришни режа қилиб беришарди. Жажжи вужудимиз билан планни бажаришга бел боғлардик. Режадан чиқиш учун оиламиз билан пахта терардик. Битта фахрий ёрлиқ олсак, дўппимизни осмонга отганларимиз ёдимда.

1985 йилда аъло баҳоларга ўқиганим учун бутуниттифоқ пионерлар лагерига йўлланма билан тақдирландим. Бутун дунёдан ташриф буюрган тенгдошларимга Ўзбекистон деган юрт борлигини тушунтириб беролмаганман. “Ҳеч қачон бундай юртни эшитмаганмиз, лекин Афғонистонни биламиз. “Там война идёт” дейишарди. Бир гал катта тадбирда қўлимга микрафон тушиб қолганида Насиба Абдуллаеванинг ўша пайтларда урф бўлган “Баригал” қўшиғини астойдил мароқ билан хиргойи қилганман. Лекин бир ҳафта мобайнида  тадбирларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганимни эслаб, ўкинаман. Негаки 15 та қардош республика аслида оға-ини дейилардию, лекин ягона рус тилида сўзлашга мажбур қилинарди. Рус тили давлат тили даражасида улуғланарди.       Моможоним динимизни, қадриятларимизни улуғлаб ривоятлар айтиб берардилар. Лекин мактабда “Сен пионерсан, эртага комсомолликка қабул қилинасан. Коммунистик партия отанг, комсомол аканг,” деб аслида қадриятларидан маҳрум қилиб борилаётган Ватанга меҳр қўйишга мажбур қилинарди. Отажоним коммунистик партия аъзоси эдилар. Бир гал момом бобомни зиёрат қилиш кераклигини, хотирасига Қуръон тиловат қилиш лозимлигини айтганларида отам “Энажон, астароқ гапиринг, мен партия аъзосиман, ахир, эшитиб қолишса, партиядан шармандаларча ҳайдаб юборишади”, деганини  эслайман. Ўшанда коммунистик партияни шафқатсиз, совуққон бир улкан одам қиёфасида тасаввур қилганман. Ахир, ўз отасининг қабрини зиёрат қилишни таъқиқлаган зўровон ким экан, деб ҳайрон бўлардим-да.

Доим елкасида бешигию бола-бақраси билан далада изғиган, ўз уйида ўзи ётишга жой топмай, пилла боқиб, давлатга пилла етиштириб берган, 10 нафар фарзанди билан эртадан кечгача далада ишлаб қаҳрамон она деб “улуғланган” Шаҳарой хола деган қўшнимиз бўларди. 90-йилларнинг долғали кунларининг бирида Шаҳарой холанинг Қозоғистонда хизмат қилаётган навқирон ўғлининг  темир тобути келиб, қўшимизникида қиёмат бўлганини эслаш ниҳоятда оғир. Бундай қарасам, болалигимнинг биронта ёрқин саҳифаси бўлмаган экан. Шунинг учун ҳам бугуннинг ёшларига ҳавасланаман. Уларнинг ўрнида бўлиб қолгим келганини ҳам яширмайман. Юртдошларимнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилар экан, ана энди уларнинг келажагини бир тасаввур қилиб кўринг-а.

Бугунги Сурхонимни сўлим Сангардаксиз тасаввур қилолмайсиз. Пишқириб оқаётган Аму соҳилларисиз кўз ўнгингизга келтиролмайсиз. Тикланаётган буюк Ипак йўлига туташувчи Бойсун-Тошғузор темир йўлларининг адоғи кўринмайди. Темир йўл вагонлари билан пойгалашаётгандек автомобиль йўлларидаги сон-саноқсиз машиналарнинг ҳисоби йўқдек гўё. Термиздан қарийб 100-150 чақирим келадиган Бойсун, Узун туманларига илгари бир ҳафта давомида зўрға бир келиб кетилса, бугун одамлар кунига уч-тўрт марта келиб кетадиган бўлиб қолгани ҳеч кимни ажаблантирмайди.

Вилоятимизда бунёдкорлик ишлари авжига чиққан. 2017-2018 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган 3 та йирик корхона иш бошлаши кўзда тутилган. Шеробод туманидаги цемент заводи ва Жарқўрғон туманида “Сурхонцементинвест” хорижий корхонаси йилига 360 минг тонна портланд цемент ишлаб чиқариш қувватига эга заводни ишга тушириш борасида амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Вилоятда қазилма бойликларни ўзлаштириш ва самарали фойдаланиш мақсадида Шеробод туманидаги “Комфорт инерт сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан гранит ва габбро тошларидан қурилишбоп пардозлаш плиталари ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш бўйича ишлар изчиллик билан амалга оширилаётир. Бунинг натижасида юзлаб янги иш ўринларии ташкил этилади. Қурилиш соҳасида ҳаётда тадбиқ этилаётган бундай йирик лойиҳалар воҳага янги ҳаёт ва турмуш тарзини ҳадя қилмоқда.

Вилоятимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган замонавий, барча шароитларга эга уй-жойларнинг ногирон, кам таъминланган ҳамда уй-жойга эҳтиёжманд оилаларга Президент совғаси сифатида берилишидан мазкур уйларда яшовчи инсонлар, жондан азиз фарзандларимизнинг кўнгли осмон қадар юксалиб, эртанги кунга ишончи ортаётганини кўриш мароқли.

Кўп узоққа бормайлик 7-8 ой илгари Сариосиё — Термиз автомагистралида юришга юрагимиз жизиллаб қолган эди. Ўнқир-чўнқир йўллар, Термизга бир келиб кетишнинг ўзи одамни 5 йилга қаритиб юборарди. Бугун Сурхон йўлларидаги равонлик ва туман марказидаги кўчалар билан бир қаторда ҳар бир тумандаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, айниқса қайта таъмирланган касалхоналар иморатлари, таъмирдан сўнг ўрнатилган замонавий тиббий ускуналар ва жиҳозлар, жорий этилган янги тиббий услублар аҳолига қулайлик яратди.  Авваллари Тошкентга бориб даволанадиганлар энди Термизнинг ўзида ҳам дардига даво топишаяпди.

Биласизми, Ватан муқаддас замин. Уни мадҳ этишда сохталик ва ёлғон яшиққа ўрин йўқ. Бинобарин,  Ватан бизнинг сийқаси чиққан юзаки ҳамду саноларимизга муҳтож эмас. Аксинча, амалий ишимиз, юртнинг муҳташам иморатига бир ғишт қўйишимиз, оғирини енгил қилишимиз, бир сўз билан айтганда унинг шону-шарафини кўтариб юксалтиришимизга яхшиликларни унга бахшида қилиб,  ёмонликдан, жаҳолат ва разолатдан асрашимизга эҳтиёжманд. Умидлар ушаладиган ўлкамиз келажаги учун камарбаста бўлайлик!

Райҳон РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE