Бош саҳифа / Таълим / Қумқўрғондаги мактабларга “комета” тушганми?

Қумқўрғондаги мактабларга “комета” тушганми?

Осмондаги ғуж юлдузларни томоша қилаётган киши ҳар замонда учган юлдузларга кўзи тушади. Умри тугаган кишининг юлдузи ҳам сўнди, дейди одамлар. Хўш, сўнган юлдузлар қаёққа ғойиб бўлади? Олимларнинг фикрига қараганда, ернинг магнит майдони кометаларни асло ерга яқинлаштирмас экан.

Аммо Қумқўрғонда бўлганимизда айрим мактаблардаги синфларни кўриб, биз ахтарган кометалар шу ерга тушмаганмикан, деган хаёлга бордик.

Янги ўқув йилига тайёргарликнинг аҳволини ўрганиш мақсадида Қумқўрғон туманидаги учта мактабда бўлдик. Бир кунлик сафаримизни тумандаги “Жалойир” маҳалласидаги 9-умумий ўрта таълим мактабидан бошладик. Мактабга борганимизда, туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлинма мудири Гулнора Каримқулова юқумли касалликлар профилактикаси ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан семинар ўтказаётган экан. Директор Шайдулла Йўлдошев бизни қаршилади. Муддаомизни айтгач, мактабдаги ечилмаётган муаммолар ҳақида рўй-рост фикрларини баён этди. Айтишича, ҳали фаолиятини бошлаганига бир йил тўлмаган директор илк кундан бошлаб мактабда узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммоларни ечишга киришгану бунга туман халқ таълими бўлимининг 140 миллион сўм миқдорида маблағини жалб этган. Бу маблағларга яроқсиз ҳолга келиб қолган мактаб ҳожатхонаси ва мактабнинг икки қаватли қисмида иситиш тармоғини йўлга қўйиш ҳамда синфларда таъмирлаш ишлари бажарилган. Аммо ҳали муаммолар кўп. Айтайлик, мавжуд 31 та синфдан атига 10 таси тўлиқ исийди, қолган 21 та синф ички иситиш тизимининг носозлиги туфайли исимайди. 10 та синф полидаги линолеум яроқсиз ҳолга келиб қолган, ўйиқлар шу даражада кўпки, уни ямашнинг-да иложи йўқ. Бу хоналарга гўё самодан худди комета ёмғирлари ёққану уни шундай абгор ҳолатга келтирган.

Дарвоқе, мактаб 1988 йилда барпо этилган бўлиб, 840 ўқувчига мўлжалланган. Унда 937 нафар ўқувчи 2 навбатда таълим олишади. Меҳнат таълими, информатика, кимё ва биология хоналарини кўздан кечирдик. Кимё ва информатика хоналарини қисман билимлар кунига шай деса бўлади, аммо меҳнат таълими хонасидек 10 та синфда полларнинг линолеумлари ўйилиб, увадаси чиққан, стуллар етишмайди, борлари ҳам таъмирталаб.

— Мактабнинг жорий таъмири деярли ота-оналар ҳомийлиги асосида амалга оширилди, — дейди мактаб директори Ш. Йўлдошев. — Сиз ҳозир мактабимизни эпақага келган ҳолини кўраяпсиз. Аввалроқ келганингизда юрагингиз увишарди. Мана, қаранг, болаларимиз овқатланадиган ошхонамиз шифтидан ёмғир, қор сувлари шаррос ўтади, деворларда унинг изларини кўрасиз. Жиҳозлар эскирган, шароит йўқ ҳисоби. Имкони бўлса, ошхонани бутунлай таъмирдан чиқариб, болаларга яхши шароит яратмоқчимиз. Аммо бунинг ҳозирча иложи йўқ.

МАКТАБ ОШХОНАСИ НЕГА РЕСТОРАНГА АЙЛАНДИ?

Бизга ҳамроҳлик қилган туман давлат санитария эпидемиология назорати маркази ходими Гулнора Каримқулова куюнчаклик билан ҳолатни изоҳлайди:

— Ошхона 60 ўринли бўлиб, иситиш, канализация, вентиляция тизимлари умуман йўқ. Жиҳозлар эскирган, идишлар ювиладиган уч кўзли корета, совутгичлар йўқ. Чироқлар иш ҳолатида эмас. Ички таъмир ҳам талабга жавоб бермайди. Шу вақтгача мактабда дезинфекция, дезинсекция, дератизация ишлари бажарилиши лозим эди, аммо бажарилмаган. Энг ачинарлиси, мактабга ичиш учун яроқли бўлган тоза ичимлик суви келтирилмаган. Мактаб спорт зали, кутубхонаси ва синфларда тегишли меъёр талабларига амал қилинмаётир.

Ошхонанинг бир эшиги мактаб ўйингоҳи томонга очилади. Ўйингоҳ томондаги мактаб деворлари эса “Берлин деворлари”дек қулатилган. Оқибат мактабнинг истаган буржидан кишилар кириб чиқиши учун қулай имконият яратилган. Директор чиқиндихона ёнига тўкилган қумни кўрсатиб, “энди девор тиклаймиз, қуш ҳам учиб ўтолмайди”, дейди мамнунлик билан. Ҳа, эҳтимол қуш ўтолмас, аммо ажаб одамқушлар борки, бу деворлар уларга писанда эмас. Айтингчи, шу вақтгача деворсиз мактабга кимлар кириб чиқмади? Хавотиримиз ўринли бўлди чоғи, мактаб ошхонасининг кунда очилмайдиган, фойдаланилмай келинган нимқоронғу хонасида ажаб манзарага гувоҳ бўлдик. Эски темир-терсаклар орасида, ичилган, бўшаган, аммо олиб чиқиб кетиш унутилган спиртли ичимлик шишаларини кўриб ёқа ушладик. Ал- ҳазар! Шу турган жойимиз мактаб ошхонасими ёки ресторан? Бўшаган шишалар орасида ўзимизнинг “Денов”дан тортиб қимматбаҳосигача бор. Демак, “ошхона-ресторан”нинг мижозлари орасида камтаринларидан тортиб таъби нозикларигача бўлган. Ҳолатга изоҳ сўраймиз. Ошхонани юритувчи Саида Бобоқулованинг ўрнида бўлган қизи Муқаддас, директор Ш.Йўлдошев ҳам гўё бу ҳолатни биринчи бор кўриб туришар эди. СЭС ходимаси Гулнора опани чақириб кўрсатдим. Опа бир неча бор келганида ошхона эшиги берк бўлиб, кириб кўришнинг имкони бўлмаганини айтди. Наҳотки, бир ўқув йилида бунинг иложи топилмаган бўлса, деймиз? Улар ошхоналарни ижара маркази ҳам назорат қилиши кераклигини, бу гап матбуотда чиқмаслигини илтимос қилган бўлиб, “қўйинг, шуни айтманг энди укажон”, дея мулойимлик қилди опахон. Директор хонасида ялинишлар бошланди. Ҳолатни таҳлил қилган бўламиз. Директорнинг ўзи айтганидек, келганидан хароба мактабнинг кемтигини тузатиш, унга ҳомийлар топиш ва туман халқ таълимидан мактаб фойдасига нимадир ундириш билан машғул раҳбарнинг ошхона яширин буржидаги ҳолатга кўзи тушмагани, бу ҳатто хаёлига ҳам келмагани аниқ. Масалага адолатли ёндашилса, ошхонадаги опалар виждони олдида бир сўроқ берсинлар: спиртли ичимликларни сотиш нуқталари мактаб ҳудудига яқинлашмаслиги тўғрисида кўрсатмалар берилганда, мактаб ошхонасидаги “базми Жамшид”нинг шаробини қай бир мард олиб келдию унга ким рухсат берди? Бунга миллат қоракўзларининг пок нигоҳлари тушмадимикан?

“ЯХШИ ТЎПНИ ЧЎНТАГИМДАН ОЛАМАН…”

Дарвоқе, мактабда узоқ йиллар давомида қўл тўпи бўйича вилоят терма жамоаси шаклланган бўлиб, “Умид ниҳоллари” мусобақасида муваффақиятли иштирок этган. 10-синф ўқувчиси Сардорбек Абдухолиқов қўл тўпи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлиб, нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Яқинда Россиянинг Тольятти шаҳрида гандбол бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган ХVII болалар фестивалида терма жамоа таркибида фахрли иккинчи ўринни эгаллади ва медаллар билан тақдирланди.

— Мана шу залларда чемпионларимиз тарбия ланишган, — дейди жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Эштемир Мусурмонов. — Маҳоратли спортчиларни тарбиялаш учун, албатта, шароит керак. Шароитимиз бор, аммо қўл тўпларимиз етишмайди. Очиғи, тўпларни ўз ҳисобимдан оламан. Ҳозир иккита яхши тўпимиз бор, арзонлари тезда яроқсиз бўлиб қолади. Тўп бўлмаса, спортчининг ўйини чиқмайди, маҳоратини кўрсата олмайди. Ўғил ва қиз болаларга 10 тадан 20 дона тўп бўлса, машғулотларни кўнгилдагидек ташкил этган бўлардик.

Жонкуяр мураббийнинг қўлидаги яроқли иккита тўпни кўриб, тўғриси, ачиндик. Ахир бу ерда мамлакат терма жамоасига муносиб спортчилар етказилиб берилаётган бўлса, нега уларга муносиб шароит яратиб бериш учун туман, вилоят халқ таълими раҳбарияти етарли эътибор қаратмаяпти? Мураббий чўнтагидан болалар ўйнасин, деб тўп харид қилса, тўплар муаммоси сабаб иқтидорли спортчилар четда қолаверса, вилоят шарафини келгусида кимлар ҳимоя қилади? Эътиборсизлик, лоқайдлик нав-ниҳолларнинг камолотига соя ташлаб, уларнинг парвозига тўсиқ бўлаверса, айтинг, биз қачон фарзандларимизни юксак марраларда кўрамиз? Зулматни нур ёриб чиққанидек, ялт этиб кўзга кўринган ва ўз ўрнига эга бўлаётган шу мактаб ўқувчиларининг эришаётган натижалари фикримизга исбот эмасми?..

ДАРСЛИКЛАР ҲАМОН ЕТИШМАЯПТИ

Мактаб кутубхонаси олдида болалар янги китобларни олиш учун навбат кутиб туришибди. Кутубхоначи Турсуной Файзиевадан ҳол сўраймиз: таъминотда етишмовчиликлар йўқми?

— Ҳозирча 3-синфдан 20 та, 8-синфда 22 та, 4-синфда 17 та комплект китоблар етишмаяпти,— дейди Т. Файзиева. — Буюртма қилганмиз, ҳали олганимиз йўқ. Шунингдек, бошланғич ва 10-11-синфлар учун ўқитувчиларнинг методик қўлланмалари ҳам йўқ.

Кўрганларимиздан юрагимиз оғриб қўшни 10-мактаб томонга юрамиз. Тушдан кейин эди. Таътил сабаб бир-икки ходимдан бўлак ҳеч кимса йўқ. Бироз кутганимиздан сўнг, мактаб директори вазифасини бажарувчи Ойбек Йўлдошев кўриниш берди. Маълум бўлишича, мактаб 364 ўринли бўлиб, 16 та ўқув хонаси бор. Синфлар ўқувчилар ота-оналарининг ҳомийлигида жорий таъмирдан чиқарилган. Куз-қиш мавсуми учун кўмир олинмаган, иситиш тизимлари кўнгилдагидек ишламайди. Дезинфекция ишлари бажарилмаган, қўл ювиш мосламалари ўрнатилмаган. Бу мактаб синфларида ҳам пол линолеумлари йиртиқ-ямоқ. Айримларини иложсизликдан бетон қоришмаси билан ямаб чиқилган. Физика хонасида бўлганимизда йиртиқ-ямоқларни кўриб, бу синфларда қачонлардир қадимий дарёлар тўлиб-тошиб оқмаганмикан, деб ўйлаб қолдик. Наҳотки, мана бу тарам-тарам ўйиқлар ўша дарёларнинг сўнг ирмоқлари бўлса-я?..

— Ҳар йили 2 та синф ни босқичма-босқич равишда ўқитувчиларнинг чўнтагидан ямаб келаяпмиз. Спорт залининг томидан қишда чакки ўтади, машғулотлар учун тўплар етишмайди, спорт гиламлари — матлар, тренажорлар ҳам умуман йўқ.

Ахийри, кечга яқин туман марказидаги 3-мактабда бўлиб, бироз кўнглимиз ёришди. Мактаб ўқув йилига белгиланган талаблар даражасида шай ҳолга келтирилган. Агарда дарс машғулотлари шу онда бошланиб қолса, синфхонада кўргазмали қуроллар, билимлар кунида ўтиладиган барча дарслар учун шароитлар яратилган. Мактабга келган киши дили яйраб, улуғ дарсхонага кирганини чин дилдан ҳис этади.

Хулоса Ўрнида. Мақолани ёзаётиб, кўнглимиздан ўтганларини айтайлик. Кўриб гувоҳи бўлганларимиз вақт ўтиб ўз ечимини топар. Аммо бир жиҳат чиндан юракка оғир ботади. Бинолар ичида энг муҳташами бўлган, инсон дунёни таниб, ўзлигини англашга, ҳаётда ўз ўрнини топишга пойдевор қўйиладиган мактабларимизнинг, демакки, маънавиятимизнинг ҳол-аҳволи кўрганларимиз мисолида ташвишланарли, назаримизда. Тетапоя бўлиб, парвозга шайланган ҳар бир умидли ёшнинг тақдири учун давлат раҳбари жон куйдириб, таълимда моддий ва маънавий муҳитни яхшилашга бутун имкониятларни сафарбар этаётган чоғда туман марказида бир ҳолат, сал чеккароқда яна ўхшамас ҳолатни кўриб турганимиз бизни ҳайрон қолдирмоқда. Тўғри, тўпланиб қолган муаммоларни бир кунда ечиб бўлмас, аммо борларини яшириш, уни биргаликда ҳал этиш учун ҳамжиҳатлик кўрсатмаслик, бизнинг катта ютқизиғимиз бўлиши аниқ. Негаки, мактабда миллат шаклланади, вояга етади. Шундай улуғ даргоҳни беэътибор қолдирмайлик!

Баҳром НОРМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Ёш журналистлар” тўгараги

Иқтидорли ёшлар ҳар бир мактаб, коллеж ва олийгоҳда кўп. Ёшларнинг иқтидорини янада юксалтириш, талаб ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE