Бош саҳифа / Жамият / Қулупнай ҳам пул

Қулупнай ҳам пул

Термиз туманидаги “Қорахон” маҳалласидаги Янги ҳаёт қишлоғи Жарқўрғон тумани билан чегарадош.  Бу қишлоқда 98 оилада 250 нафардан зиёд киши истиқомат қилади. Одамлар деҳқончилик қилаётган томорқалар қумоқ. Шу боис аҳоли томорқаларида асосан қулупнай ўстиришади.

— Қулупнай кўп меҳнат талаб қилмайдиган, шўх мева, — дейди Ҳусан Бердиназаров. — Томорқамизнинг тенг ярмига қулупнай парваришлаймиз.

Меҳнати у қадар оғир эмас, лекин мевасини териш майда иш. Ҳосили апрель ойида пишади — то декабргача териб, адо қилолмаймиз. Ўғлим Фарруҳ, келиним Шоира Дўланова, аёлим Мамлакат Қўшоқова қулупнай парваришию ҳосилини йиғиш билан доимий банд. Ҳар йили 5-6 миллион сўмга қулупнай сотамиз…

Шу қишлокда яшовчи Мавлон Мўминовнинг уч ўғли — Ҳасан, Ҳусан, Аҳмад касб-ҳунар коллежини битиргач, деҳқончилик билан шуғулланишга қарор қилишди.

— Иш сўраб борганимиз билан “коллежни битирганларга иш йўқ”, деган жавобни оламиз. Удан кўра ота-бобо касбимиз — деҳқончилик қилишга қарор қилдик, — дейди Ҳусан Мўминов. — Атрофда ер кўп, белида кучи, қўлида қуввати бор йигитлар ишлайман деса, иш кўп. Томорқамизда қулупнай ўстириб, йилига 10 миллион сўмгача даромад топаяпмиз. Бундан ташқари, фермер хўжаликларининг экин-тикинига кўмаклашиб, такрорий экинлар ўстириб, фаровон турмуш кечираяпмиз.

— Қулупнай шундай экинки, тўрт йилда поясини алмаштириб туриш керак, — дейди тажрибали деҳқон Мавлон Мўминов. — Аммо сер-ҳосил, ўғит берсангиз, вақти-вақти билан суғориб турсангиз бас, ҳосилини териб адо қилолмайсиз. Айни пишиқчилик пайти қишлоғимиз одамларининг томорқасидан ҳар куни 1-1,5 тонна қулупнай терилиб, буёғи Термиз бозорига, Денов бозорига, ҳатто Самарқанд бозоригача олиб кетилади.

— Қулупнайни дейлик, апрель ойида эмас, уни плёнка остида парваришлаб, февраль-март ойларида бозорга чиқаришнинг иложи йўқми? — сўраймиз Мавлон Мўминовдан.

— Иложи йўқ деса ҳам бўлади. Чунки плёнка остида ўстирилган қулупнайнинг мевасини узоққа элтишнинг иложи бўлмай қолади, — дейди Мавлон ака. — Чунки плёнка остида ўстирилган қулупнай мевасини сифати бузилади. Энг ёмони, плёнка остидагисининг мевасини таъми бўлмайди, оғзингизга худди пахта солгандек бўласиз — на таъм бўлади, на матра. Қуёш тафтидан баҳра олган қулупнай меваси ҳам йирик, ҳам ширин бўлади, икки-уч кунда ҳам сифатини йўқотмайди, таъми, кўриниши бузилмайди…

Мавлон аканинг хонадонида бўлганимизда ўғли Аҳмад қулупнай мевасини тераётган, икки ўғил — Ҳасан ва Ҳусан, келини Нафиса Давидова ерёнғоқнинг донини пўчоғидан ажратишаётган экан.

— Ерёнғоқ донини сидратиб, уруғликка  жамғаряпмиз, — дейди Ҳусан Мўминов. — Насиб бўлса бу йил кузда фермер хўжаликларининг ғалладан бўшайдиган даласидан 4-5 гектар ер олиб, ерёнғоқ экамиз. Ўтган йили   Жарқўрғондаги “Ашур” фермер хўжалигидан такрорий экинга 5 гектар ер олиб, ерёнғоқ экдик ва ҳалол меҳнатимиз эвазига 17 тонна ҳосил йиғиб олдик. Бир том ерёнғоқни сотиб адо қилдик. Ҳали яна 8 тонна ерёнғоғимизга харидор кутаяпмиз. Раҳбарларимизга раҳмат, ишлайман деганга ҳамма шароитни яратиб қўйибди. Ҳам томорқадан, ҳам такрорий экиндан мўл ҳосил етиштириб, фаровон турмуш кечираяпмиз. Рўзғоримиздаги тўкин-сочинлик, ака-ука, келин-куёвларнинг аҳиллиги ҳаммаси борчиликдан, тўқчиликдан. Тўқчиликни эса ўз қўлларимиз, ҳалол меҳнатимиз билан яратаяпмиз. Даромадимизнинг бир қисмига 5 бош қорамол, 20 бош қўй сотиб олиб, чорвачиликни ривожлантиришга ҳам ҳиссамизни қўшаяпмиз.

Дарвоқе, “Қорахон” маҳалласи аҳли фермер хўжаликларининг далаларида ўстирилаётган қишлоқ хўжалик экинлари парваришида ҳам фаол. Маҳалла ҳудудини ободонлаштиришга ҳам ҳисса қўшишади. Қишлоқ тадбиркорлари эса дўкон, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, новвойхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш нуқтаси, тикувчилик цехи, иссиқ нон ва миллий ширинликлар корхонаси очиб элга хизмат кўрсатиш баробарида ёшларни ишли қилиш, оилаларнинг даромадларини оширишга ҳисса қўшишаяпти.

Маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли Нурали Чориевнинг айтишича, ҳудудда 30-40 бошлаб қорамол боқаётган, 150-200 бош қўй-қўзи кўпайтираётган, сунъий кўлларда балиқ етиштириб, аҳолини гўшт ва балиқ маҳсулотлари билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётир.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan