Бош саҳифа / Жамият / Улуғ инсон эди…

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман партия қўмитасининг биринчи котиби Жаббор Чориев бир куни Ангор посёлкаси четидаги янтоқ босиб ётган жойга олиб борди.

«Ана шу жойни туман маданият ва истироҳат боғига айлантириб берасиз!» — деди. Астойдил қилинган меҳнат изсиз кетмас экан. Дарахтлар барглаб, маданият ва истироҳат боғи кўзга ташлана бошлади.

Бир куни вилоят партия қўмитасининг мафкура бўйича котиби Холмирза Холиёров қилган ишларимни кўриб, менга таҳсин айтди. Шу кишининг тавсиясига биноан Термиз ҳайвонот боғига директор қилиб ишга ўтказилдим. Бу юксак ишончни оқлаш учун бутун вужудим билан ишга берилдим десам, мақтанчоқликка йўйманг. Аслида ҳам шундай бўлди. Бир-икки йил ичида ҳайвон ва паррандалар, даррандалар тури кўпайди, улар шароити, озиқ-овқат билан таъминланиши яхшиланди. Ҳайвонот боғига томошабинлар кўпроқ кира бошлашди.

Москвадан, марказий телевидениедан мухбирлар келиб, кўрсатув тайёрлаб кетишди. Ана шу кўрсатувни Марказқўмнинг мафкура бўйича котиби И.Суслов оила аъзолари билан жуда қизиқиб кўришган экан. У Москвадаги бир йиғилишда Шароф Рашидовнинг елкасига қўлини ташлаб, Термиз ҳайвонот боғини мақтабди. Бундан кўнгли тоғдек кўтарилган Шароф ака Тошкентга қайтиши билан вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Абдухолиқ Каримовга телефон қилиб, ўзи Сурхондарёга борган пайтда Термиз ҳайвонот боғининг директори билан учраштиришини тайинлабди.

1982 йилнинг июнь ойида Шароф ака поезд билан Термизга келди. Мени Салавот қишлоғидаги у кишининг вақтинчалик дачасига чақиришди. Қизиғи шундаки, мен ўша пайтларда ҳам Қорақирдаги уйимдан Термизга қатнаб ишлардим. Вилоят ички ишлар бошқармасининг бошлиғи Аҳмедов уйимнинг аниқ жойини билиб, тонг пайти излаб келишди. Эрталаб соат саккизларда Салавотга етиб боришимни тайинлашди. Нима гаплигидан хабарим бўлмагани учун эрталабгача юриб чиқдим. Хуллас, эрталаб соат саккизларда айтилган манзилда ҳозир бўлдим.

Мени чақиришганини айтган эдим. Махсус қўриқчилар ўтказиб юборишди. Аста-аста қадам босиб, Рашидов ўтирган шийпон томон бордим. Мени Абдухолиқ Каримов дарҳол кўрди ва яқинлашиб борганимдан сўнг Шароф Рашидовга таништирди. Шароф ака мамнун қиёфада қўлларимни қисиб кўришдилар. Ярим соатлар қизғин суҳбатлашдик. Кейин у киши «Мана, академик, ҳайвонларни миридан-сиригача билади,» деб мени Абдухолиқ Каримовга мақтаб қўйдилар.

Сўнг “;Мендан бирор тилак-илтимосингиз борми?», деб сўрадилар. Мен ҳайвонот боғида бир пайтлар қурилган катак ва махсус хоналарнинг ёғочлари эскириб, қурт еб қўйганлигини, уларни темир-бетон ва бошқа материллардан қайта қуриш лозимлигини билдирдим. «Қанча маблағ кетади?» — деб сўрадилар. «22 миллион сўм», — дедим. Шундагина бундай катта маблағ фақат Москванинг рухсати ва режалаштириши билан ажратилишини англаб етдим. «Биз йилига фақат 3 миллион сўмгача бўлган лойиҳаларнигина амалга оширишимиз мумкин», — дедилар у киши афсус билан бош чайқаб. «Аммо мен сизга ваъда бераман. Ҳар йили 3 миллион сўмдан ўтказиб, ҳайвонот боғи таъмирини тугатамиз»,— дедилар. Хурсанд бўлдим.

Мен гарчи туркман фарзанди бўлсам-да, ҳамиша Москвага, албатта, дўппи кийиб бораман, чунки мен шу юртда туғилиб-ўсдим, ота-боболарим шу ерда суяк суришган», — дедим. Сўнг Марказий Осиёда фақат Тошкентда метрополитен борлигини, бу ҳам бўлса Шароф отанинг катта хизматлари эканлигини таъкидладим. Хурсанд бўлган Рашидов ёрдамчилари Крайновни чақириб, «Бугун Сиз Маҳмудовнинг ихтиёрида бўласиз. Ҳайвонот боғини бориб кўринг. Маслаҳат қилингизлар», — дедилар. У киши Абдухолиқ Каримов билан туманларга чиқиб кетишди. Шароф аканинг турмуш ўртоқлари Хурсаной ая бир пиёла чой узатиб,» — Бу ҳозиргина Рашидов бобонгиз чой ичган табаррук пиёла»,— дедилар. Мен миннатдорлик билан пиёлани олиб, чойни ичдим. Сўнг Крайнов билан кун давомида ҳайвонот боғи камчиликлари, у ерда нима ишлар қилиш лозимлигини маслаҳатлашдик.

Маълум бўлишича, янги ҳайвонот боғи лойиҳасини, реконструкция чизмаларини тайёрлаш унча-мунча архитекторнинг қўлидан келмас экан. Хуллас, маълум вақтдан кейин бу ишни Шаҳсуворян фамилияли тажрибали архитектор зиммасига олиб, лойиҳани тайёрлади. Дастлабки реконструкция ҳам бошланди. Афсуски, Шароф Рашидовнинг бевақт ўлими туфайли бу иш охирига етказилмади.

Ҳа, Шароф Рашидов тирик бўлганларида ноябрь ойида 102 ёшни тўлдирардилар. Гарчи у киши орамизда йўқ бўлсалар-да, бу улуғ инсоннинг одамийлиги, камтарлиги, даҳо инсонларга хос бағри кенглиги ва юзидан меҳр-шафқат ҳамда нур балқиб туришини унутмайман. Тақдир шундай доно одам билан ҳамсуҳбат қилганидан, учраштирганидан миннатдорман. У кишининг хотирасини қалбимда эъзозлаб сақлайман.

Худойберди МАҲМУДОВ,
меҳнат фахрийси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Вилоят ҳокими аҳоли билан юзма-юз учрашмоқда

Вилоят ҳокими Тўра Боболов Қумқўрғон туманида бўлиб, тумандаги «Наврўз», «Сурхон соҳили», «Янги шаҳар» маҳаллалари аҳолиси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan