Бош саҳифа / Жамият / Улуғ ибодат сари

Улуғ ибодат сари

Юртимиз истиқлол неъматига мушарраф бўлгач, динимизга ҳам кенг йўл очилиб, мўмин-мусулмонларимиз Ислом динининг бешта арконини бемалол адо этиш имкониятига эга бўлдилар.

Халқимизнинг ҳаж ибодатини адо этишга бўлган иштиёқи йил са-йин ортиб бормоқда. Муборак ҳаж зиёратига отланганларни кузатиш, муқаддас Мадина ва Макка шаҳарларига боргач ҳам, зиёратчиларни кутиб олиш, ибодатларини мукаммал адо этишлари ва ўз она Ватанларига соғ-саломат қайтишларига қулай шарт-шароит яратилганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Бу йил ҳам вилоятимиздан 408 нафар зиёратчи 8 нафар гуруҳ раҳбари билан муборак ҳаж ибодатига бориш учун тайёргарлик кўрди. Улардан 200 нафари 26 июль куни Шеробод туманидаги Имом Термизий жоме масжидидан Қарши шаҳрига, 27 июль куни эса Қарши шаҳри аэропортидан Маккаи Мадинага жўнаб кетишади. Иккинчи гуруҳ ҳам худди шу тартибда 29 июль куни Имом Термизий жоме масжидидан Қарши шаҳрига бориб, 30 июль куни у ердан Мадина шаҳрига муборак ҳаж амалларини бажариш учун жўнаб кетади.

Қалбларига улуғ ниятни туккан воҳадошларимиз билан ҳаж ибодати олдидан муқаддас зиёратнинг тартиб–қоидалари, шартлари хусусида суҳбатлар олиб бордик. Дарҳақиқат, шуни яхши англаб олмоғимиз лозимки, ҳажга бориш учун фақат моддий имкониятга эга бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Яъни пул топиб, ҳажга борса-ю, маънавий томондан ҳажнинг нақадар улуғ ибодат эканлигини тушуниб етмаса, қавму қариндошга силаи раҳм, фақир ва муҳтожларга, етим-есирларга хайру эҳсон қилишни унутса, ҳаждан келгандан ке-йин эса, ҳожилик номига доғ туширадиган ишлар билан машғул бўлса, ҳаж ибодатининг савоби, масъулияти унга бегонадир.

Шу ўринда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгашининг муборак ҳаж ибодатини адо этиш билан боғлиқ масалаларга қаратилган фатвоси эълон қилингани ҳам ҳажнинг улуғ ибодат эканлигини идрок қилмай, ҳожилик номини олиш орқали обрўга эришиш учун ҳажни оддий саёҳатдек билиб, қайта-қайта боришга одатланаётган айрим юртдошларимизга сабоқ бўлади.

Уламоларимиз баъзи ҳолатларда ҳажга бориш макруҳ бўлишини ҳам айтиб ўтганлар. Жумладан, ҳанафий мазҳабига оид «Фатҳул-Қадир» китобида баён қилинишича: агар ота ёки она фарзанднинг хизматига муҳтож бўлсалар, фарзанд уларнинг хизматини ташлаб, ҳажга бориши макруҳдир, дейилган. Шунингдек, фақат тижорат мақсадида, риё учун, манманлик тарзида қилинган ҳажнинг савоби бўлмайди. Чунки, Пайғамбаримиз (с.а.в) «Амаллар ниятга қараб баҳоланади» деб марҳамат қилганлар.

Яна шу ўринда «Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур», деган оятдан келиб чиқиб, ўзига тўқ кишиларнинг қайта-қайта ҳажга бориш ўрнига маблағларини етим-есир, кам таъминланган оилаларга, умумхалқ манфаати йўлида ўзларининг номаи амалларига садақаи жория бўлиб ёзиладиган ишларга сарфлашлари маъқулланган.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифларида “Кимки ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, тақиқланган ишлардан ўзини сақлаган бўлса (фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса) онасидан янги туғилган кунидек гуноҳларидан пок бўлган ҳолда қайтади”, деганлар. Муборак ҳаж зиёратига ошиқаётган, дилига ана шундай энг улуғ ниятларни жо қилиб, хонадонларига, мамлакатимизга осойишталик, тўкин-сочинлик, омон–эсонлик тилаб, дуога қўл очаётган юртдошларимизнинг пок ниятлари вожиб бўлиб, ҳаж ибодатини ёруғ юз билан адо этиб, соғ-саломат қайтишларига тилакдошмиз.

А.Фатуллаев,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE