Бош саҳифа / Жамият / Ўлакса гўштидан эҳтиёт бўлинг!

Ўлакса гўштидан эҳтиёт бўлинг!

Халқимизнинг “Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич!” деган мақолида чуқур рамзий маъно бор. Аммо, барчангизга маълум, ўзбеклар — ошини кўчада ейдиган миллат эмас.

Одоб-ахлоқ меъёрлари, овқатланиш маданияти неча минг йиллар давомида аждодларимиз томонидан  алоҳида бир илм сифатида тартибга  солиб келинган. Мақолдан мурод, луқмаи ҳалол. Агар луқманг ҳалол бўлса, кўчада есанг ҳам биров айб қилмайди, аммо ҳаромни яшириб есанг ҳам барибир ҳаром-да…

Жиндай ўйлаб кўрайлик, ҳалоллик нима, ўзи? Биз билан ёнма-ён яшаётган айрим замондошларимизнинг баъзи бир хатти-ҳаракатларини кузатарканман, ҳалол ва ҳаром ҳақидаги кўҳна ривояту ҳикоятлар, панду насиҳатлар, удум ва анъналар ёдимга тушаверади. Яъни, кўҳна қадриятларимизга бирмунча путур етаётгандек, гўёки ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида чегара қолмаётгандек таассурот уйғотади. Бунга етарлича сабаблар бор.

Баъзида қулоққа чалиниб турадиган, “Ақлни ақлсиздан ўрган!” қабилидаги иборалар кўпчилик аҳоли томонидан туб мағзи эмас, билъакс, тўғрилигича қабул қилинаётгандай назаримда.

Сабаби, одамлар ташқи омилларга, ботин қолиб зоҳирга эътибор қаратаркан, муборак ҳадису шарифда баён қилинганидек: “Ҳалол-ҳаромлигининг фарқи йўқ, пул қаердан келса ҳам бўлди”, қабилида фикр юритаётганлиги аянчли, албатта.

Бугунги кунда ёшларга кимлар “ўрнак”, “намуна” бўлмоқда? Бир улкан дарахтнинг танасидан ёриб чиққан навниҳол новдалардек ҳар тарафга тарвақайлаб ўсаётган, япроқлари номақбул муҳитдан озиқланаётганлиги бугун жамиятнинг зарарига ишламоқда.

ЎЛАКСАХЎР
ҚАССОБЛАРНИ
ЖИЛОВЛАШНИНГ ВАҚТИ
ЕТМАДИМИКИН?

Шерободлик педагог Неъмат ака гурунг беради:

— Бир йили сўқимга боқилган каттакон ҳўкизимиз бир кечада “қотиб” қолди. Эртаси куни эрталаб ўғилларим билан маслаҳатлашиб, ҳўкизни тележкада чекка адирга олиб бориб, чуқур қазиб, “ўлаксахўр”ларнинг қўлига тушмасин, деб кўмиб ташладик. Қизиғи, шу куни кечқурун бўлди. Тоғни урса талқон қиладиган икки барзанги йигит уйимга келди. “Меҳмон”ларни уйга таклиф қилдим, киришмади. Уларнинг гапини эшитиб, тўғриси, ёқамни ушладим.  Улар ўлаксахўр қассоблар экан. Бира тўла мақсадга кўчишаркан, “Ака, бугун ҳўкизингиз ўлиб қолган экан, шуни бизга сотинг!” деб туриб олишди. Менинг “Ақл-ҳушларинг жойидами, ҳеч замонда одам ўлган молни ҳам сотарканми”, деганимга ҳам қарашмасди. Уларнинг қарори қатъийлиги мени ҳайрон қолдирди. Охири, уларни жеркиб-жеркиб ҳайдаб юбордим. Эртаси куни эрталаб дарвозам тақиллади, чиқиб қарасам, яна ўша “қассоб”лар. “Ака, ҳўкизингизни қаерга кўмганингизни айтинг”, дейишса бўладими.  Шу-шу бўлди, бундай “қассоб”лардан безор бўлдим. Аммо, улар ҳўкизим ўлганлигидан қандай хабар топишган, шунисига ҳайронман. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, демак, бу соҳада ҳам яширин, уюшган тўдалар ҳали-ҳамон  фаолият юритишмоқда. Қизиқ, бундай “ўлаксахўр”ларни тартибга олишнинг вақти етмадимикин? Шундан бери ошхоналарга кирсам, ўша “қассоб”лар ёдимга тушаверади. Токайгача, ошхона таомларига шубҳа кўзи билан қараймиз?

ОВҚАТДАН
ЗАҲАРЛАНИШ ҲАМОН УЧРАМОҚДА

Ўзингизга маълум, сўнгги пайтларда мамлакатимизнинг баъзи бир вилоятларида овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ айрим кўнгилсиз воқеалар тез-тез содир бўлмоқда. Бунинг оқибатида айрим ҳамюртларимиз жабр кўришмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида Наманганнинг Косонсой туманида 36 нафар, Навоий вилоятида эса 50 нафарга яқин фуқароларнинг овқатдан заҳарланганлиги аянчли, албатта.

Баъзи бир умумий овқатланиш нуқталарида яроқлилик муддати ўтиб кетган озиқ-овқат ва уй шароитида ёпилган консерва маҳсулотлари, касалманд ёки ҳаром ўлган мол гўштидан тайёрланган таомларни истеъмол қилиш оммавий заҳарланишга асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Очиғини тан олиш керак, аксарият умумий овқатланиш нуқталарида тозаликка унчалик эътибор қаратилмайди. Оддий санитария талабларига жавоб бермайдиган бундай ошхоналарда таомланган одам, Худо билади, яна қандай киши билмас касалликларга омил бўлгувчи микробларни ўзи билан олиб кетади. Чиқиндихоналар талаб даражасида эмас. Очиқ майдонга тўкиладиган озиқ-овқат чиқиндилари ҳафталаб, ойлаб ётиши натижасида ҳар хил зарарли бактериялар болалайди. Шундай ҳолатга Қумқўрғон туманидаги “Қумқўрғон мебель” МЧЖ га қарашли “Орзу 777” ошхонасида гувоҳ бўлдик. Очиқ майдонга тўкилган озиқ-овқат чиқиндилари бижғиб ётибди.

Kun.uz сайтидан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 30-31 март кунлари Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида овқатдан заҳарланиш оқибатида  55 нафар фуқаро, шу жумладан, 6 нафар бола шифохонага мурожаат қилган. 31 март куни Бишкекдаги ресторанлардан бирида 38 нафар (баъзи бир сайтларда уларнинг сони 150 нафарлиги таъкидланади) фуқаро овқатдан заҳарланган, 7 нафари ёш болалар. Бошқа бир сайтда эса қўшни Қозоғистон республикаси, Чимкент  шаҳрида ўнлаб фуқаролар музқаймоқдан заҳарланганлиги айтилади. Ўзингиз айтинг, бизда ҳам шунақа ҳолатлар такрорланмайди, деб ким кафолат бера олади.

ХУДОДАН
ҚЎРҚМАГАНДАН ҚЎРҚ!

Ҳақиқатан шундай. Кишиларнинг молига кўз олайтирадиган, омонатга хиёнат этувчи, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган, ёлғонни ўзларининг ҳаёт мазмунига айлантирган, ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган одамдан қўрқмасдан бўладими? Яратганни тан олмайдиганлар учун инсон ҳаёти  ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмас. Нафс балосига йўлиққан бундай касларни жамиятнинг кушандаси, дейиш мумкин.

Куни кеча ОАВ да Хоразм ва Фарғона вилоятларида аниқланган эшак гўшти билан боғлиқ можаролар кенг оммага намойиш қилинди. Буни кўрган одамда қассобларга ишонч қоладими?

Мисол учун Қумқўр-ғон туманида халқ орасида ҳали-ҳалигача “эшак столовой” деган ибора сақланиб қолган. Айтишларича, бундан 15-20 йиллар бурун ушбу ошхонада таомларга эшак гўшти ишлатилган. Шуни афсус билан таъкидлаш ўринлики, шаҳар ва қишлоқларда  ҳалигача ўлакса ва касал молларнинг гўшти билан шуғулланадиган кимсалар учраб туради. Энг ёмон томони, бу кимсаларни қишлоқда ҳамма танийди. Аммо ҳеч ким уларни назорат қилмайди. Яна бир ачинарли жиҳати, моли касал бўлган фуқаролар дарров ана шундай ҳожатбарор “қас-соб”ларнинг ҳузурига қараб чопадилар. Унинг оқибатлари эса афсуски, ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бундай ўлаксахўр қассобларнинг битта баҳонаси бор. Эмишки, касал молнинг гўштини зоопаркка топширишармиш. 150, 200 килограммлик мол гўштини арзимас пулга олган қассоб уни зоопаркка эмас, аксинча, ўзларининг “точка”ларига тарқатадилар. Қарабсизки, манти, сомса, шашлик каби тансиқ таомлар дастурхонингизда ҳозиру нозир бўлади.

ПАТТАЧИНИНГ
ҚИЛМИШИ ЁХУД ГЎШТ МАҲСУЛОТЛАРИ
НЕГА КЎРИКДАН ЎТКАЗИЛМАЯПТИ?

11 март куни “Қум-қўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори” МЧЖ га қарашли “Боймоқли” филиал бозоридаги ҳолат билан танишдик. Бозор “Боймоқли” маҳалласи ҳудудида жойлашганлиги боис фақат якшанба кунлари ишлайди. Мол бозори ва унинг ёнида озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги, қурилиш моллари билан савдо хизмати кўрсатилади. Аралаш-қуралаш тартибсиз жойлашган турли хил маҳсулотлар антисанитария ҳолатида савдога чиқарилмоқда. Савдо қилиш учун оддий шароит ҳам мавжуд эмас. Оёқ остидан кўтарилаётган чанг савдога қўйилган озиқ-овқат маҳсулотларининг устига ўрнашиб қолади. Афсуски, бу муаммо узоқ йиллардан бери давом этиб келмоқда.

Ўша куни бозорда 7 та нуқтада гўшт сотилаётган экан. Гўшт маҳсулотига муҳр-тамға босилган, аммо кўрикдан ўтказилмаган. Ушбу ҳудуднинг ветеринария врачи Чори Тожиев бунга жавобан:

— Текширув ўтказиш учун жой ҳам, махсус асбоб-ускуналар ҳам йўқ. Кўз билан кўриб, сотувга рухсат берамиз, — дея изоҳ берди.

Афсуски, савдо нуқталари санитария талабларига мутлақо жавоб бермайди. Ичкарига ораласангиз “Шумбола” филмидаги бозор кўз ўнгингиздан ўтади.

Дилфуза Мардонақулова, Ҳосила Абдураимова, Зойир Алламуродов, Ўткир Қаюмовлар бозор ичида кичиккина тор хоналарда антисанитария ҳолатида ошхона хизмати кўрсатишади. Бунинг устига, хўрандаларга алкоголь маҳсулотлари ҳам “улашилади”.

Бозор ҳудудини айланаётганимиздан ғазабланган паттачи, Хайрулла Тўраев  айби очилиб қолишидан чўчиди, шекилли, биздан ҳужжат, буйруқ талаб қила бошлади. Ҳужжат тақдим қилган эдик, гувоҳномани олиб, чўнтагига жойлаб қўйди. У ёзиб олинган маълумотларни беришимизни талаб қилди. Мақсадига эришавермагач, дўқ-пўписага ўтди. Яъни, агар маълумотларни бермасак, гувоҳномани йиртиб ташлашини, уриб тан жароҳати етказишини айтиб, мобиль телефонимизни тортиб олишга ҳаракат қилди.

“Қумқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори” МЧЖ ҳудудида жойлашган ветеринария-санитария экспертиза лабораториясининг 13 март кунги ҳолати бўйича кўриклар фақат қоғоздагина ўтганига амин бўлдик. Лаборатория хонасида текширув ўтганлигини билдирувчи ҳеч қандай аломат йўқ эди. Фақат бир дона пиёз билан бир дона картошка бир неча кун аввал хўжакўрсин учун қўйилганлиги сезилиб турарди. Жумладан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари журналида шу куни бор-йўғи биттагина кўрик ўтганлигига гувоҳ бўлдик. Бу ҳам хўжакўрсин учун. Балиқ маҳсулотларининг охирги кўриги эса 20 январда ўтказилган. Ушбу ҳолатни туман ветеринария лаборатория бўлими врачи Турсунмурод Жумаев:

— Гўшт маҳсулотларидан лаборатория текшируви учун намуна олинмайди, фақат шубҳа туғдирган тақдирдагина намуна олиниб, текширувдан ўтказилади. Асосан, кўз билан кўриб, чамалаб, кейин муҳр қўямиз, —дея изоҳлади.

ЯНГИ КУШХОНА ОЧИЛДИ, АММО…

Бугунги кунда Қумқўрғон туманида 200 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам аҳоли сонига қараб баҳоланади. Чамалаб  кўрадиган бўлсак, туман миқёсида бир кунда ўнлаб қорамол ҳамда қўйлар гўштлик учун сўйилади. Очиғини тан олиш керак, қассобларнинг уйидаги мавжуд кушхоналарни талаб даражасида, деб бўлмайди.

Жорий йилнинг 5 март куни Қумқўрғон туманидаги “Умид ниҳоллари” МФЙ ҳудудида “Саид Аҳрор кушхонаси” хусусий фирмаси раҳнамолигида давлат дастури асосида янги замонавий марказлашган кушхона бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Қурилиш ишлари учун 625 миллион сўм маблағ сарфланди. Шунинг 350 миллиони “Халқ банки”нинг имтиёзли кредити ҳисобидан қопланди. Ва натижада, 13 киши иш билан таъминланди. Ушбу кушхонада барча шарт-шароит муҳайё этилган.

— Молни сўйишдан аввал тана ҳарорати ўлчаб кўрилади, ҳеч қандай касали йўқлиги аниқлангач, сўйиш учун рухсат этилади, — дейди корхона раҳбари Усмон Ҳошимов.

Афсуски, бугунги кунда кушхонага сўйиш учун саноқлигина мол олиб келинмоқда. Ваҳоланки, бозорга бир кунда ўнлаб қора мол ва қўй гўшти савдога олиб кирилади. 13 март  куни кушхонада 5 та қорамол сўйилган. Шунинг биттасигина туман деҳқон бозорига олиб борилган. Мана сизга ҳақиқий аҳвол.

ТАКЛИФ ВА МУЛОҲАЗА
Вилоятимиз аҳолисини сифатли ва ҳалол гўшт маҳсулоти билан таъминлаш учун бугун жиддий ислоҳотлар зарур. Жумладан, барча туманларда кушхоналар фаолиятини самарали йўлга қўйиш талаб этилади. Ривожланган давлатларда жониворлар махсус кушхоналарда сўйилади. Айниқса, касалликка чалинган жониворлар тезда йўқ қилинади. Аммо бугунги кунда воҳамизда касалликка чалинган молларни сўйиш “анъана”си ҳамон давом этмоқда. Шу нуқтаи назардан шаҳар ва қишлоқларда уйлардаги кушхоналарнинг санитария ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиши керак. Модомики, молларни марказлашган кушхонада сўйишнинг имкони йўқ экан, уйлардаги кушхоналар қаттиқ назоратга олиниши лозим. Жониворлар сўйилишидан аввал ўша ҳудуднинг ветеринария врачи томонидан кўздан кечирилиши керак, деб ўйлаймиз. Шунингдек, ўлакса моллари савдоси билан шуғулландиган қассоблар маҳалла кенгашлари томонидан қаттиқ назоратга олинса, нур устига нур бўлар эди.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE