Ўкинч

Иссиқ жоннинг иситмаси бор. Қўйсин момо илгари тоби қочса, дори-пори ичиб бироз инқиллаб-синқиллаб ётарди-да, яна туриб ўз юмушлари билан куймаланиб кетаверарди.

Бу гал бўлмади, шифохонага тушди. Бундай бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган. Сайсан бува гангиб қолди. Кўнглига чироқ ёқса ёришмайди. Чолга айниқса, оилада эътибордан қолгани оғир ботди. Биринчи марта ўзини бегона уйга келиб қолгандай ҳис этди. Илгари даладан келгани заҳоти кампири очиқ чеҳра билан кутиб олар, келини-невараларига буюриб, бировларга сув-сочиқ олдириб келар, бировига кўрпача тўшаттириб дастурхон ёздирарди. Энди у билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Гўё бу хонадонда Сайман бува деган одам яшамаган. Фарзандларига иш буюрса оғриниб бажаришади, ё бирор баҳона қидиришади. Ранжиганини сездирмай, дардини ичига ютди. Уй назарида кимсасиз ҳувиллаб қолганди, кўзига ғариб ва файзсиз кўринарди.

— Ўғлим, келин эрталаб овқат қилиб берса, онангга бериб келармидинг? Икки кун бўлаяпти, бориб ҳол-аҳвол сўрамадиларинг.

— Вақтим йўқ, ота, барвақт кетишим керак, юқоридан комиссия келган. Қўлим бўшаса ке- йинроқ ўтарман…

Сайман бува бошидан бир челак қайноқ сув қуйилгандай нима дейишини билмай жим қолди.

— Майли, ўғлим, ишингдан қолма. Укангга қўнғироқ қилиб айтаман, келиб мени ҳам олиб кетса, бирга борамиз. Дўхтир билан ҳам
гаплашиб келаман.

Сайман бува неварасига айтиб, кичик ўғлига қўнғироқ қилдирди.

— Мана олди, бува, гаплашинг, — невараси телефонни Сайман бувага узатди,

— Ўктамжон, яхшимисан ўғлим? Машинанг билан ғиз этиб келсанг, онангдан хабар олардик.     — Нима, иложинг йўқ? Тўйга кетаяпсан, ваъда бергансан… Алло, алло…

Уйга кирди, бўм-бўш. Болалари нега бундай оқибатсиз чиқишди-а?! Ҳозир улар онаизорларининг бошида парвона бўлишлари керакмасмиди?

“Хўш, ўзинг-чи, ўзинг? Шу муштипар аёлингга бирор марта илиқ гап айтганмисан? Доимо жеркиб, зарда билан гапиришдан нарига ўтмасдинг. Бечора ғинг демас, юзингга тик қарамасди. Болаларингга танбеҳ бериб, урсанг, сўксанг, индамайгина мўлтираб ўтирар, кўз ёшини яшириб йиғларди. Шундай пайтда бошини силаб, “Қўй йиғлама, қизишиб кетдим”, деб далда берганмидинг? Аксинча, “Тур йўқол, ҳаммасига сен айбдорсан”, деб бечорага зуғум қилганингчи? Асли бағритош, бемеҳр, шафқат нималигини билмаган одам сен эмасми? Э воҳ, эллик йил сочи супурги, қўли косов, борини ошириб, йўғини яшириб, оиланинг бошини қовуштириб ўтирган муштипар аёл шу кампири экан-да!”.

Сайман бува оғир ўйлар, аламли изтироблар гирдобига ғарқ бўлди.

Бува, сизни бир одам сўраяпти. Сайман бува шоша-пиша ўрнидан турди.

Ким экан?

Танимайман!

Йигит Сайман бувани кўриши билан югуриб келиб самимий саломлашди, ҳол-аҳвол сўрашди.

— Мен нариги маҳалладан, ўғлингиз Ўктамжон билан бирга ишлаймиз. Исмим Собиржон. Бу Қўйсин момомнинг сал тоблари қочиб
касалхонага тушган экан. Ҳамшира синглимдан сизни бир келиб кетсин, деб сўрабди.

Сайман буванинг хаёлидан нохуш бир фикр ўтиб, кўз олди қоронғулашиб кетди. Ўзини қўлга олгач, Собиржонга умидвор қаради.

Аҳволи яхшимикан, ишқилиб?

Хавотир олманг, бува, насиб бўлса кампирингиз ҳеч нарса бўлмагандай соғайиб кетади, — деди Собиржон. — Агар йўқ демасангиз, ўзим олиб бориб келаман.

— Йўқ, йўқ, ўғлим, раҳмат! Ишингдан кечга қолиб, гап эшитиб юрма тағин.

— Э, отахон, қизиқмисиз, сизлар бир табаррук одам бўлсаларингиз. Сизларга хизмат қилишдан ҳам бошқа зарур иш бормикан? Қани, машинага чиқинг!

Сайман бува ноилож машинага чиқди, “Қандай бахтли ота-оналар бор-а!”. У ҳавас билан Собиржонга қараб қўйди. Кўзларига қуйилиб келган ёшни секин сездирмай артди-да, бўғзига тиқилган йиғини “қулт” этиб ичига ютди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ,
фахрий журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE