Бош саҳифа / Жамият / Ўйламай сўйлаган…

Ўйламай сўйлаган…

Халқимизда ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир, деган мақол бежиз айтилмаган. Афсуски, орамизда муомала маданиятини унутиб қўйган, жамоатчилик, оила ва корхонада ўзини тута олмайдиган, ўзини ва ўзгаларни ҳурмат қилмайдиган, савияси ҳаминқадар кишилар ҳам учраб туради.

Масалан, деновлик (исм шарифлар ўзгартирилган) С. Қўзиев Термиз шаҳар “Чинор” тўйхонасида собиқ турмуш ўртоғи Л.Қобилова билан жанжаллашиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилади. Л.Қобилованинг аризаси суд томонидан кўриб чиқилиб, С.Қўзиев энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима билан сийланди.

Шўрчилик Т.Отахонова эса фуқаролик ишлар бўйича вилоят суди биносида А. Мусаевани ҳақорат қилганлиги учун суднинг қора курсисига ўтиришига тўғри келди. Бу опамиз ҳам тилини тийиб юролмагани учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима тўлади.

Айниқса, шерободлик Б. Ҳа- йитовнинг қилмиши булардан-да ошиб тушган. Яъни Ф. Баҳоровага телефон қилиб, уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган. Бунинг устига таҳқирловчи, беҳаё сўзлар билан СМС юборган. Жабрланувчининг шикоят хати ўрганилиб чиқилди. Барча даъволар ўз исботини топгач, суд уни бу қилмиши учун  энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жаримага тортди.  Б.Ҳайитовнинг беҳаёларча ҳаракати нафақат унга моддий зарар келтирди. Ҳатто  ўзи яшайдиган маҳалла, туман аҳолиси ва оила аъзолари олдида ҳам юзини шувут қилди.

Қовун-қовундан ранг олади, дейди. Термиз туманида яшовчи О. Ҳакимов шу тумандаги “Солиобод” маҳалласида яшовчи Ф. Каримовани учрашувга таклиф қилади. У рад жавоби бергач, телефонда жанжаллашиб қолади. Бу шикоят ариза ҳам обдон ўрганилиб, ҳуқуқбузар О. Ҳакимов энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жаримага тортилди. Термиз туманидаги “Мангузар” маҳалласида яшовчи  Т. Орипов маст ҳолда турмуш ўртоғи Д. Эшонова билан жанжаллашиб, жамоатчилик жойида унинг шаънини поймол қилган. Бу ҳақдаги мурожаат ҳам суд томонидан кўриб чиқилиб, ўзини, оиласини, жамоатчиликни ҳурмат қилмайдиган эрга нисбатан энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима қўлланилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Халқимизда ўйламай сўзлаган, оғримай ўлар, деган гап бор. Аслида жарима ҳеч нарсани белгиламайди. Бу билан одоби, маданияти ўз тўпиғидан ҳам пастда турадиган айрим инсонлар тузалиб қолади, деган гап эмас. Нима бўлганда ҳам ҳар бир инсон турмуш, касб, муомала маданиятини ёддан чиқармаган ҳолда,  жамоатчилик жойларда  ўзини ёмон одатлардан тия билиши керак. Аслида, ўйламай сўйлаган тили уни эл олдида бебурд қилади холос.

Баҳодир ЭРГАШЕВ,
вилоят маъмурий суди судьяси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan