Бош саҳифа / Таълим / Уй мушуги

Уй мушуги

Кўп қаватли уйлар ўртасидаги пашша, чивин ғужғон ўйнаётган чиқиндихона ичидан чиқиб келган афтодаҳол икки мушукдан бири обдон силкинди.
—Ҳой, ҳой, сал секинроқда, энди…
—Маза қилдим! Сен-чи?
—Чидаса бўлади.
—Ношукур! Аввалги чиқиндихонада шу ҳам йўқ эди. Бундан уч кун бурун-чи, мана шу идишдан бутун бошли сосиска топиб олдим!
—Сосиска? Ёлғон гапирма!
—Ёлғон гапирсам думимни ит ғажисин!
—Бўлиши мумкин!—деди иккинчи мушук ўйланиб туриб,—аммо ҳар нарса учун бундай ёмон қасам ичиш ярамайди! Нима демоқчи эдим, ҳа, масалан, бир ҳафта бурун мен ҳам бутун бошли товуқ топиб олгандим…
—Товуқ!?
—Устида ялтироқ қоғози билан! Қип-қизил, ҳил-ҳил бўлиб пишган…
—Лағмон осма!
—Лағмонни сен осаяпсан! Қайси аҳмоқ чиқинди идишга бутун бошли сосискани ташлар экан?
—Қайси аҳмоқ бутун бошли товуқни ташлар экан?
Ғазаблангандан иккинчи мушукнинг туклари ва думи ҳурпайиб кетди.
—Ташласа ташлабди-да, бир марта… нима бўлибди? Орзунинг ҳам белига тепдинг! Эндигина ўзим ҳам ишона бошлаган эдим-а, эсиз…

Шу вақт, аллақаердан ғалати лаҳжадаги итнинг ҳургани эшитилди. Худди лунжи луқмага тўла баҳайбат ит чиқинди идишлар ортидан отилиб чиқиб ҳамла қилгандек ҳар иккиси ҳам бу “вов”уллашдан сесканиб, “виш” иллашиб, “ориқ” беллари камон бўлди, думлари кўтарилиб, димоқни ёрадиган даражадаги бадбўй олқиндига булғанган туклари ҳўрпайди.

Уларнинг қўрқишганидан илҳомланган ит эса завқ-шавқ билан, “важоҳат”га тўлиб-тошиб ҳуришда давом этар, аммо ўзи кўринмас эди. Мушуклар бекинган жойларидан чиқиб, атрофга аланглашди. Шунда улардан бирининг кўзи иккинчи қаватда, балкон панжараси орасидан қараб турган мушукка кўзи тушиб, шеригини елкаси билан туртди.
—Нима бало, томи кетганми?
—Аввалроқ, хўжайини фермерлик қилиб юрган кезлари туппа-тузук эди. Хўжайини амал эгаси бўлиб, иккинчи қаватга кўтарилди-ю, айниди…
—Лаънати уй мушуги! Миёвлашни ҳам эплай олмасди, энди ҳуришга ўтибди-да…

Эркин НОРСАФАР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбий ўқув қуроллар

улардан фойдаланишни ўқувчилар ҳам ўрганади Вилоят мудофаа ишлари бошқармасида мактаб ва касб-ҳунар коллежларининг чақирувга қадар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan