Бош саҳифа / Спорт / Ўхшаш бўлмаган бўлимлар

Ўхшаш бўлмаган бўлимлар

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг биринчи лигасида қатнашаётган жамоалар навбатдаги тур ўйинларини ўтказишди.

Термизнинг “Сурхон” клуби футболчилари ўз майдонларида лиганинг пешқадамларидан бири Тошкентнинг “NBU OSIYO” жамоасини  қабул қилишди. Қайси жамоа ютуққа эришса, турнир жадвалида иккинчи ўринга кўтариларди. Айнан  шу боис, ҳар икки клуб аъзолари ҳужумкорликда тўп суришди. Жамоаларнинг дарвозабонлари эса тўп ўтказиб юбормаслик учун ўз “пост”ларини мустаҳкам қўриқлашга ҳаракат қилдилар. Футболчиларимизнинг кетма-кет ҳужумидан саросимага тушган меҳмонлар ҳимоячилари ўз дарвозалари ёнида хатоликка йўл қўйишди. Жарима майдонида “Сурхон” аъзоларидан бирини чалиб йиқитишди. Учрашув ҳаками ўн бир метрлик белгини кўрсатди. Афсуски, термизликларнинг ҳужумчиси Низомжон Норов пенальтини аниқ бажара олмади.  Бу эса термизликлар руҳини тушириб юборди.

Бундан фойдаланган меҳмонлар ҳужумни кучайтирдилар. Футболдаги “сен урмасанг, сенга уришади” деган нақл яна бир бор ўзини исботлади. Биринчи бўлим тугашига саноқли дақиқалар қолганда меҳмонлар ўйинчиси Темур Усмонов “Сурхон” дарвозасини аниқ нишонга олди.

Иккинчи бўлимда футболчиларимиз ҳамжиҳатликда ўйнашди. Аниқ тўп оширишлар  бесамар кетмади. Учрашувнинг олтмишинчи дақиқасида Низомжон Норов рақиб дарвозасига гол киритиб, биринчи таймдаги “айб”ини ювди. Меҳмонлар эса ўйин дуранг натижа билан тугашини хоҳлаб, ҳимояга зўр беришди. Бундай вазиятда фақат дарвозани олисдан нишонга олиш билан муваффақиятга эришиш мумкинлигини билган “Сурхон” футболчилари ҳужумни давом эттиришди. Сардор Расуловнинг олисдан берган зарбаси туфайли тўп тошкентликлар дарвозаси тўридан жой олди. Шундай қилиб, футболчиларимиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бу ютуқдан сўнг футболчиларимиз турнир жадвалида иккинчи ўринга кўтарилишди.

3 сентябрь куни “Сурхон” футболчилари сафарда “Андижон” клуби меҳмони бўлишади.

Н.УСМОНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мукофот ва унвон муборак!

9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати олтин медали соҳиби, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE