Учовлоннинг қора нияти

0
77

Вақт ўтиб боргани сайин, мамлакатимизда янгича дунёқарашга, мустаҳкам иймон-эътиқодга, замонавий билимларга эга навқирон авлод камол топаяпти.

Бироқ, ёшларимиз орасида тўқликка шўхлик қилиб, ёт оқимлар таъсирига тушиб қолаётганлар ҳам борлиги ҳақиқат. Узунлик Иброҳимжон Ортиқов ва Ёқут Ўрмоновлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шундай, нобакор, нокаслардан чиқди. Улар 2017 йилнинг март ойида Россия давлатининг Красноярск ўлкасида ишлаш мақсадида юртимиздан чиқиб кетиб, сентябрь ойига қадар ўша ерда фаолият олиб боришади. Шу вақт оралиғида Иброҳимжон Ортиқов интернет тармоғи орқали бир қатор профиллар очиб, ўргимчак тўрининг асирига айланади. Билими саёзлиги, эътиқоди сустлиги боис, қора кучларнинг тезда асири бўлди, қолди. Интернетда, аввало бир қатор халқаро диний террористик гуруҳлар аъзолари билан танишиб, улардан сабоқлар ола бошлайди. Жумладан, “Таҳвид ва жиҳод”, “Исломчи-жиҳодчилар” ва бошқа диний экстремистик оқимлар аъзолари билан танишиб, уларнинг маърузалари иловаларини “Сайфуллоҳ”, “Ғарибларга жаннат бўлсин” номли сарлавҳа остида интернетда тарқата бошлайди.

Кейинчалик эса ўзаро диний гуруҳлар ташкил этиб, улардан бирини “Биродарлар” деб атайди ҳамда аъзолар йиғишни бошлайди. Маҳалладоши Муҳсин Қодиржонов ҳам Россияда Иброҳимжон ва Ёқут билан бирлашиб, “Абу Бакр”, “Муҳиддин” номи остида диний экстремистик оқимлар ғояларини тарғиб қила бошлайди.

Бу учовлон ватанга қайтганида ҳам, покланиб қайтмади. Ўзларининг жирканч мақсадларини юракка жойлаб келишди. Жумладан, Ёқут Ўрмонов 2017 йилнинг март ойида “РФ — Қозоғистон — Тошкент” йўналишидаги автобусда Ўзбекистонга кириб келаркан, уяли телефонининг хотира картасини алоҳида жойлаштириб, яширинча олиб ўтади. Боиси, унда диний оқимларга даъват этувчи, кишиларни жаҳолатга ундовчи аудиоёзувлар, маъруза ва суратлар бор эди. Иброҳимжон Ортиқов Узун туманига келганидан сўнг, яна ўз тарафдорларини излай бошлайди. Интернет орқали ёшларни ёт оқимларга киришга даъват этади. Ўзининг манфур мақсади йўлида, у Денов туманида истиқомат қилувчи Бибизайнаб исмли қизни ҳам қора кирдикорларига шерик қилиш учун унга диний террористик оқимларга тааллуқли даъват ва видеороликлар тақдим этаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қўлга олинди.

Ёқут Ўрмонов эса ўз шериги қўлга олинганлигини эшитиб, сақлаб келган маълумотларини йўқ қилади. Бироқ, унинг қўл телефони хотираси қайта тикланганида масала ойдинлашди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг телефонлардаги маълумотлар ҳақидаги экспертиза хулосаси ва мутахассислар кўрсатмалари ҳам уларнинг қилмишларини яна бир бор исботлади. Жиноятга жазо муқаррар. Иброҳимжон Ортиқовга тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ёқут Ўрмоновга эса тўрт йил муддатда озодликдан чеклаш жазоси белгиланди.

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг