Бош саҳифа / Жамият / Ўчмас чироқ, порлоқ хотира

Ўчмас чироқ, порлоқ хотира

Ҳар йили 30 январь куни ғойибона бўлса-да, Ислом Каримовга узоқ умр тилардик, кўп йиллар юртимизга бош бўлишини Яратгандан сўрар эдик. Чунки келажак сари фақат олға қадам ташлашни ўргатган ҳам, ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам бўлмаймиз, деб юрагимизга учқун ташлаган ҳам шу инсон эди.

Дунёда халқ ва элатларнинг озодлик йўлидаги курашлар тарихи шундан далолат берадики, жамият ҳаётидаги туб бурилишлар даврида ижтимоий-сиёсий вазиятнинг ўзи буюк йўлбошчиларни майдонга чиқаради. Ҳиндистон тарихида Махатма Ганди, Франция тарихида Шарл де-Гол, Туркия тарихида Мустафо Камол Отатурк каби инсонлар она халқининг миллий озодлик курашига бошчилик қилганини жуда яхши биламиз. Бизнинг юртимиз тарихида ҳам ана шундай улуғ йўлбошчилар майдонга чиқиб, халқимизни ёвуз босқинчилар зулмидан озод этган, унинг шаъни ва ғурури, инсоний ҳуқуқларини қайта тиклаган. Бу ҳақда гапирганда соҳибқирон Амир Темур бобомиз XIV асрда Туркистон заминини мўғуллар зулмидан озод этиб, буюк давлат барпо этганини ҳамиша ғурур-ифтихор билан эсга оламиз. ХХ асрнинг 90-йилларига келиб эса Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ана шундай ўта оғир ва масъулиятли вазифани ўз зиммасига олди.

Биз Ислом Каримовни нафақат мустақиллик асосчиси, мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берган давлат раҳбари сифатида, балки ўз жонини ўйламай, ҳаловатидан кечиб мардлик ва матонат кўрсатиб, шундай кунларга етишишимизга сабабчи бўлган улуғ инсон сифатида ҳам ҳамиша ёдда тутмоғимиз лозим.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, ”Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримовни замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар эканлигини ҳар томонлама тасдиқлади”.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг умри меҳнатда, заҳматда ўтди. Роҳатини эса биз кўрдик, кўраяпмиз. У кишидек  ёшларни “Менинг фарзандларим!” деб бағрига босиб, чексиз меҳр-муҳаббатини намоён этадиган раҳбар кам бўлса керак. Шу боис ҳам унинг хотираси қалб ларда мангу ва барҳаёт. Биз ёшлар шуни зинҳор унутмаслигимиз керакки, ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшиш, бойликларини асраш, янги кашфиётлар қилиш — ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз!

Умида АБДУРАЗОҚОВА,
Хурсаной МАМАТҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan