Ўчиришдан олдини олиш осон

0
73

Деҳқонларимизнинг ўтган йил кузидан бери қилган самарали меҳнати туфайли бепоён ғаллазорларда мўл ҳосил етиштирилди. Уни йиғиштириб олишда шубҳасиз комбайнлар, шунингдек, дон ва сомонни ташишда автомашиналар, тракторлар ва бошқа техника воситалари иштирок этади.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ЁХБ мутахассислари томонидан ғаллазорларда содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар ва бошқа нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида МТП раҳбарлари ҳамда фермер хўжаликлари бошлиқлари, отряд раҳбарлари, комбайнчилар, ҳайдовчилар билан суҳбатлар ўтказиб огоҳлантирилган.

Ғалла дони пишиб, поялари қуриб турибди. Эҳтиётсизлик туфайли гугурт чақиб ташланса ёки ғаллазорга сигарет қолдиғи тушса, тезда ёнғин содир бўлиши ҳеч гап эмас. Ғаллазор ва дон қуритиладиган хирмонжойларда олов ёқмаслик, ёш болаларнинг ўйнашига йўл қўймаслик, сигарет чекмаслик, ғаллазордан камида 100 метр узоқликда қозонларда овқат тайёрлаш ва самовар қайнатиш талаб этилади. Ўрим кетаётган майдонларда комбайнлар ва бош- қа техникаларни таъмирлаш, ёқилғи қуйиш тақиқланади.

Ўрим-йиғимда иштирок этаётган комбайнлар, автомашиналар, тракторлар учқун сўндиргичлар билан жиҳозланиши, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши, двигателлардан мой оқмаслиги шарт. Ўрим бошланишидан олдин ғаллазорнинг 4 метр кенгликдаги ҳосили ўриб олиниши ва шудгор қилиниши лозим.

Дон қабул қилиш масканлари ва дон сақланадиган хирмонлар бирламчи ёнғин ўчириш мосламалари билан таъминланишига, бу жойларда сув ҳовузлари бўлиши, сув ҳовузи бўлмаган жойларда ҳажми 200 литрдан кам бўлмаган бочкалар қўйилиши лозим. Дон сақлаш жойларида ёнғиндан сақлашга чорловчи шиорлар, эслатмалар осилиши шарт.

Тажрибалардан аёнки, охирги йилларда кўпгина фермер хўжаликларида ғаллазордаги сомонни ёқиб юбориш ҳолатлари учраяпти. Ёки сомонни ҳафталаб йиғиштириб олмай, дала қаровсиз ҳолда ташлаб қўйилмоқда. Ғаллазорларнинг асосий қисми қишлоқлар, хонадонларга яқин жойда. Шунинг учун ғалла дони олингач, сомонни ҳам тезроқ йиғиштириб, ерни шудгорлаш талаб қилинади.

Аҳоли ғаллазорлардан сомонни хонадонига келтириб ҳовлисига ёки йўл чеккасига тўкиб ташлайди, ҳафталаб шу ҳолда ётади. Кимдир гугурт чақиб ёки ўчирилмаган сигарет қолдиғини ташлашини, ўчоқда, тандирда ёқилган олов сомон тўпланиб турган жойга тушиб ёнғин чиқишини сира ўйлашмайди. Озгина эътиборсизлигимиз туфайли хонадонга келтирилган сомон тезда олов олиб, ўша оила мол-мулкига, қўшни хонадонларга зиён етказиши мумкин. Шунинг учун сомон ва сомон тахламлари даладан келтирилган заҳотиёқ бостирмаларга жойлаштирилиши шарт. Ёнғинни ўчиришдан ҳам кўра, унинг олдини олиш осон ва ҳар жиҳатдан фойдали.

Ф.ШАЙМАРДОНОВ,
вилоят ИИБ ЁХБ ёнғин тарғиботи маркази бошлиғи,
Т. САТТОРОВ,
Қизириқ туман ИИБ ЁХБ катта инспектори

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг