Бош саҳифа / Жамият / “Учар ҳайдовчи”ларни ким назорат қилади?

“Учар ҳайдовчи”ларни ким назорат қилади?

Негадир баъзида шаҳар ичида автобус қатнови сийраклашиб қолади. Бунинг оқибатида йўналишли таксиларнинг “бозори” қизийди. Айниқса, “Дамас” ҳайдовчилари кимўзарга ўйнаётгандай. Бунинг устига, ҳайдовчиларнинг аксарияти ёш йигитлар. Ўспирин ёшларни ҳам тушуниш мумкиндир.

Аммо, нега ота-оналар транспорт воситасини тажрибасиз ёшларга топшириб қўйишмоқда?

Ёш ҳайдовчилар машинани катта тезликда бошқаришгани етмагандек, телефонда маҳмадоналик қилишганига нима дейсиз?

Йўналишли таксиларнинг аксарияти баъзан керагидан ортиқ йўловчи олишади. Эътироз билдирсангиз, “Одамгарчилик ҳам керак-да, нима қилибди, ишга кеч қолаётгандир, сал сурилиб ўтиринг, озроқ силжиб ўтиринг, чиқиб олсин!” дейди. Аммо ёнингизда икки ёш болангиз бўлса, албатта, жеркиб беради ёки улар учун ҳам (гарчи бўш ўринлар кўп бўлса-да) йўл ҳақи сўрайди. Бу ҳам майли, энг ёмони, инсонларнинг ҳаётини хавфга қўйиб, бир-бирини қувиб ўтаётган “учар” ҳайдовчиларни қандай тушуниш мумкин?

Шу ўринда савол туғилади. Йўналишли таксиларни ким назорат қилади?  Алоқадор ташкилот мутасаддилари уларга қай даражада таъсир кўрсата олишаяпти, ҳамма гап шунда.

Бундан ташқари, аксарият ҳайдовчилар махсус ажратилган автотураргоҳларда йўловчи олиш ўрнига, автоуловларини тақиқланган ҳудудларга қўйиб, йўловчи ташиш билан овора. Ўз-ўзидан маълумки, кўпчилик ҳайдовчиларнинг лицензияси йўқ.

Кўпчилик автобуслар йўлга чиқишга тайёр эмас. Чунки уларга махсус ёрлиқлар ёпиштирилмаган. Ҳайдовчиларга исм-шарифи ёзилган биркалар берилмаган.

“Термиз — Шеробод”, “Жар- қўрғон — Термиз” оралиғида қатнайдиган “истана” ва “форд” ҳайдовчилари уч кишилик ўриндиқларга тўрт киши, бундан ташқари, қўшимча қўлбола ўриндиқлар тайёрлаб, ўн икки, ўн уч ўрнига, йигирмага яқин йўловчини миндириб, йўл патрул хизмати масканлари ёнидан бамайлихотир ўтиб кетишаётганлиги ҳақиқатан ҳам ажабланарли. Энг ёмони, йўл патрул хизмати  ходимлари ортиқча  йўловчи олган уловларни худди кўрмагандек, тескари томонга қараб туришади.

Шаҳар ичида қатнайдиган айрим автобус (13-, 4-йўналишда қатновчи) ҳайдовчилари баъзи имтиёзли йўловчиларни кўпчиликнинг кўп бор гувоҳ бўлаяпмиз. Уларнинг орасида Чернобиль  фожиаси, Афғон уруши қатнашчилари бор.

Нега автобус ҳайдовчилари йўл кира ҳақи учун патта беришмайди? Бизнингча, бу соҳада тартиб-интизом ўрнатишнинг, хусусан, автобусларда ҳам тўлов терминаллари қўйишнинг фурсати етди. Негаки, ойлик маошлари, асосан, пластик карточкаларда берилмоқда.

Ҳафтанинг душанба кунлари Жарқўрғон бекатидан Термиз шаҳрига қатнайдиган уловларга ўтирмоқчи бўлсангиз, йўл ҳақини эшитиб, ақлингиз шошади. “Дамас”лар 5-6 минг, “Нексия”лар 8-10 минггача нарх белгиламоқда. Дардимизни кимга айтайлик?! Бу соҳада қачон тартиб-интизом ўрнатилади?

Ашурали БОЗОРОВ,
Афғон уруши қатнашчиси,
Эшбўри МИРЗАЕВ,
журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE