Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Уч навни синадик

Уч навни синадик

Қишлоқда ўсиб, азалдан деҳқончилик билан шуғулланиб келаяпмиз. Отам Шопўлат Эшназаров колхоз ва ширкат хўжалиги даврида узоқ вақт пахтачилик бўлими бошлиғи бўлган, катта жамоага раҳбарлик қилган. Мен олийгоҳни битириб келиб, бироз вақт иш тополмай турганимда отам шундай  маслаҳат бердилар: “Мен бир умр далада  ишлаб кам бўлмадим, беш нафар  фарзандни тарбияладим, уйли-жойли қилдим. Фермер хўжалиги тузиб, ишлайсан”.

Отамнинг раъйига қарши боролмай, 2003 йили “Фар- ҳод Шопўлат ўғли” фермер хўжалиги ташкил этиб, 15 гектар майдонда деҳқончилик қила бошладик. Ютуғимиз кўпайди, 15 йил мобайнида пахта, ғалла тайёрлаш режаларини мудом бажариб келдик. Илғорларимиз  ҳисобига ер майдонимиз 150 гектарга чиқиб борди. Фақат ўтган йили фермер хўжаликларини ихчамлаштириш ҳисобига далаларимизнинг бир қисмини бошқа фермер хўжаликларига бердик.

2016 йил кузида 25 гектар майдонга экилган “Аср” навли буғдойни намунали парваришлаганимиз туфайли  жорий йил ўрим мавсумида ҳар гектар ғаллазордан 60 центнердан сифатли дон йиғиб олдик. Шунинг 87 тоннасини давлатга топширган бўлсак, қолгани фермер хўжалигимиз аъзоларига бўлиб берилди. Бу рағбат деҳқонларимизни анча руҳлантирди. Шу боис, 2018 йил  ҳосил учун ғалла экишни бошлаб юбордик.

Жорий йил баҳорида 42 гектар майдонга уч хил нав ғўза чигитини экдик. 9 гектар ерга “Наманган-77”, 15 гектар майдонга “Бешқаҳрамон”, 18 гектар далага “Порлоқ” навлари уруғи қадалди. Буни биз ўз ихтиёримиз билан қилганимиз йўқ. Экиш даврида уруғлик топиб бериша олмагани учун уч хил нав чигити экишга мажбур бўлдик. Бу бир томондан бизни анча ташвишга қўйган бўлса, иккинчи жиҳатдан синаш учун имкон бўлди. Уч далада парваришланган уч нав учун алоҳида-алоҳида агротехник тадбир ишлаб чиқдик. Навлар хусусиятини ҳисобга олиб парвариш ташкил қилинди. Натижа ёмон эмас. “Порлоқ” навидан 28 центнердан, “Наманган-77” навидан 32 центнердан, “Беш- қаҳрамон” нави чигити экилган далалардан 40 центнердан пахта йиғиб олиб, жами давлатга 115 тонна хомашё топширдик. Ҳосилимизнинг ҳаммаси юқори навларга сотилди. Иқлим Муртозова, Мавжуда  Маматқулова, Ойгул Бозорова каби теримчилар ҳосилни йиғишда жонбозлик кўрсатишди. Теримчиларга бугунгача 52 миллион сўм тарқатдик.

Даромадимизнинг асосий қисмини техника сотиб олишга сарфлаяпмиз. Чунки техникасиз деҳқон ҳеч бир муваффақиятга эриша олмайди. Тўлқин Турсунбоев, Баҳром Мустонов, Ўрол Чориев каби тажрибали механизаторларимиз  бошқараётган чопиқ ва ҳайдов тракторлари оғиримизни енгил қилмоқда. Жамоамиз қўлга киритаётган муваффақиятларда Нурали Турсунов, Тўлқин Қурбонов, Ғулом Шаймонов, Бахтиёр Чориев сингари омилкор сувчиларимизнинг хизмати алоҳида. Улар ҳар бир ишда доно маслаҳатчи ва жамоанинг суянчи.

Фарҳод ЭШНАЗАРОВ,
Қумқўрғон туманидаги “Юсуф Сурайё” фермер  хўжалиги етакчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan