Бош саҳифа / Таълим / Ўқувчиларни шодлантирган тартиб

Ўқувчиларни шодлантирган тартиб

Анча вақтдан бери мактабимизнинг бошланғич синфларида жажжи ўғил-қизларга сабоқ бериб келаяпман. Айниқса, қишлоқлардаги жажжи  болажонларнинг ҳаммаси ҳам мактабгача таълим-тарбияни кўрмаган, партада соатлаб ўтиришга ҳали одатланмаган.

Сал кўпроқ дарс берсангиз толиқади ёки зерикади. Айримлари парта устида ухлаб қолади. Шунинг учун фақат дарс мавзусини тушунтиравермай уларни қизитирадиган савол-жавоб усулидан фойдаланаяпман.

Ҳамма ота-она ҳам фарзандлари таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланавермайди, улар бола тарбиясида асосан мактаб ва ўқитувчиларнинг меҳнатига суяниб қолишган. Гўёки фарзандини фақат ўқитувчи ўқитиши шартдай. Бола ота-онаси билан ҳеч бўлмаса, маҳалла марказига чиқиб келса,  оилавий дам олишларга ёки кинога, музейга борса завқ олади,  дунёқарашиянада  кенгаяди.

Шу маънода Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги йиғилишида умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида (1-4 синфлар) ҳафтасига беш кунлик ўқитиш тартибини жорий қилиш вазифаси белгилангани жуда пухта ўйланган, деб ҳисоблайман.

Педагог сифатида менинг хулосам шуки, бундан кўзланган асосий мақсад, аввало боланинг дарсга қатнашиш кўникмасини шакллантиришдан иборат. Тасаввур қилинг, кечагина уйда, ҳовлида тенгқурлари билан эмин-эркин ўйнаб юрган бола ҳар куни 4-5 соатлаб партада ўтираверса,  толиқади. Чарчаган боланинг машғулотлардан кетгиси келиб қолади. Янги тартиб бўйича жажжи ўғил-қиз ҳафтасига икки кун дам олади, ота-оналар ҳам дам олиш кунлари фарзанди таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланишга вақт ажратади ва энг асосийси, уларни бирор кўнгилочар жойга олиб бориш имконияти пайдо бўлади.  Боланинг ота-она бағрида кўпроқ бўлиши ота-она ва фарзандлар ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш баробарида зеҳнини ўткирлайди, қобилиятини тоблайди.

Мактабларда бошлан ғич синфларни беш кунлик ўқитиш тартиби шу йилнинг 1 мартидан амал қила бошлайди. Янги ўқув  йилидан эса босқичма-босқич қолган бошланғич синфлар ҳам ҳафтасига  беш кунлик ўқишга ўтказилади. Ушбу тартиб кўпчилик ота-оналарнинг қувонтиргани каби биз бошланғич синфлар ўқитувчиларини ҳам мамнун қилмоқда. Чунки, бир кун бўлса ҳам педагог учун кейинги машғулотларга пухта тайёргарлик кўриш, ўз устида ишлаш, изланиш ва маҳоратини ошириш учун имконият яратилмоқда. Қолаверса, ҳафтанинг шанба кунлари мактабларда ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда турли фан тўгараклари, спорт мусобақалари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб ҳам, ўқувчиларда мактабга ва фан сирларини мукаммал эгаллашга нисбатан меҳр уйғотиш мумкин.

Гўзал ҲАЙИТОВА,
Қизириқ туманидаги
36-умумтаълим
мактаби бошланғич
синфлар ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

22.3 миллион сўм мукофот

Президентимизнинг иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш борасидаги қарори, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE