Бош саҳифа / Жамият / Ҳуқуқ ва эрк кафолати

Ҳуқуқ ва эрк кафолати

Асосий қонунимиз давлатчилигимиз тарихий тажрибасига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мос келадиган тамойиллар, хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асосий принциплари тўлиқ ифодасини топган қомусдир.

Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистонда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенг эканлиги, имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб қўйилиши ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шартлиги мустаҳкамланган.

Давлат томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш механизмлари жорий этилган. Бу ҳуқуқий демократик давлатнинг энг муҳим принципларидан бўлиб, давлат ва фуқаро ўртасидаги, муносабатларда фуқаронинг ҳуқуқлари устунлигини ифода этади.

Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларга доир яна бир муҳим қоида ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга ҳақли эканлигидир.

Мустақилликка қадар бўлган даврда фуқароларнинг корхоналар, ишлаб чиқариш воситалари, савдо дўконлари каби мол-мулкка эгалик қилишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Иқтисодий ресурслар фақатгина давлат томонидан тақсимланар эди. Истиқлол йилларида хусусий мулкчиликка кенг йўл очилди. Тадбиркорлик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Конституциянинг XIV боби оила масалаларига бағишланган бўлиб, унинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган.

Конституциянинг 64-моддасига кўра, ота-оналарнинг ўз фарзандларини 18 ёшга етгунга қадар моддий таъминлаши ва тарбиялаши нафақат миллий, балки умуминсоний қадрият ҳисобланади. Болаларга ғамхўрлик қилиш жамият олдидаги мажбуриятдир. Шунингдек, ушбу конституциявий норма орқали ота-оналарга ўз фарзандларини умуминсоний қадриятлар ва миллий анъаналар асосида тарбиялаш вазифаси юклатилган.

Давлатнинг тақдири ёш авлод тарбияси билан узвий боғлиқ. Ўз навбатида Конституциямизнинг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” деб белгилаб қўйилган. Миллий-маънавий қадриятларимизга тўлиқ мос келадиган ушбу норма оила мустаҳкамлигининг яна бир кафолатидир.

Асосий қонунимиз бундан кейин ҳам эртанги кунимиз фаровонлигининг, тараққиётимизнинг, бахтли ҳаётимиз ва келажагимизнинг кафолати бўлиб қолади.

Акмал АЛИМОВ,
республика Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи
Эгамберди ТЎраев,
вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE