Ҳуқуқни қўллашда адлия органларининг роли

0
52

Сўнгги йилларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида амалга оширилган ислоҳотлар юридик хизматларни мувофиқлаштириш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш масалалари бўйича адлия органлари ва муассасаларининг ролини ҳамда масъулиятини ошириш имконини берди.

Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида «республика — вилоят — туман (шаҳар)» уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туман ва шаҳарларда адлия бўлимлари ташкил этилди.

Унда адлия бўлимларининг асосий вазифалари этиб, ҳокимлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туман ва шаҳар тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш, “республика — вилоят — туман — маҳалла” принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш, туман, шаҳар ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказиш кўрсатилган. Ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир  хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, давлат органлари ва ташкилотларининг тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш белгиланган.

Шунингдек, ушбу фармонга мувофиқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш, ФҲДЁ органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш йўлга қўйилади. Эндиликда ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилиб, ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари тасарруфида фаолият олиб боради.

Баҳодир АШУРОВ,
Термиз туман адлия бўлими бошлиғи
Музаффар ТУЛЯБАЕВ,
бўлим бош маслаҳатчиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг